Болаларни ит каби акиллатган дефектолог бўйича текширув бошлангани ҳақида хабар берилганди. Болалар омбудсманининг ҳолат юзасидан муносабати эълон қилинди.

Унда айтилишича, Болалар омбудсманининг ушбу аёл иш услубига илмий ва касбий баҳо бериш учун киритган сўрови асосида малакали дефектолог ва логопедлардан иборат ишчи гуруҳ ўрганиш ўтказган.
Натижада педагог Д.Ж.нинг иш усули мутлақо илмий асосланмаган, мураккаб дудуқланиш муаммосига тор ва ибтидоий ёндашувда экани, дудуқланишни бартараф этишда қўллаётган руҳий ва жисмоний зўравонлик усуллари болаларнинг соғлиғи ва тарбиясига жиддий зарар келтириши ҳамда педагогика қоидаларига бутунлай зидлиги тўғрисида хулоса берилган.
Бунинг асосида Болалар омбудсмани томонидан прокуратура органларига ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш тўғрисида сўров киритилган ва Д.Ж.га нисбатан жиноят иши юритуви олиб борилган. Маълум вақт ўтганидан сўнг Д.Ж. аввалгидек дудуқланиши бўлган болалар билан ўзининг илмий асосланмаган, дефектологияга дахли йўқ амалиётини давом эттиргани кузатилди.
Унинг бола манфаатларига зид ҳаракатлари юзасидан 2 июнь куни Болалар омбудсмани Бош прокуратурага тегишли сўров юборди. Натижада 25 июнда Юнусобод туман прокуратураси томонидан жиноят ишини тугатиш тўғрисидаги қарор (17.04.2025 йилда чиқарилган) бекор қилиниб, иш ҳужжатлари тергов ҳаракатларини олиб бориш учун Юнусобод туман ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлимига юборилган.
Тергов бўлими томонидан 4 июлда унинг бола манфаатларига зид ҳаракатлари юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Болалар омбудсмани бола манфаатлари нуқтаи назаридан мазкур иш бўйича ўз кузатувини давом эттиради. Ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берилади.
2024 йилнинг 27 февраль куни мазкур аёлга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят иши тергови давомида аёлнинг болалар дудуқланиши муаммосига оид ҳар қандай фаолият билан шуғулланиши тўхтатилгани, у бундай хизмат кўрсатишни давом эттирмаслик юзасидан тегишли тартибда огоҳлантирилгани айтилганди.
Изоҳ (0)