Россиядаги мигрантлар расмий иш ҳақидан кўпроқ пулни хорижга ўтказиши тақиқланиши мумкин. Тегишли таклиф “Янги одамлар” партияси депутатлари томонидан илгари сурилди. Бу ҳақда “ТАСС” хабар берди.

Партия етакчиси Алексей Нечаев, депутатлар Сардана Авксентева ва Владимир Плякин тегишли сўровни Марказий банк раҳбари Элвира Набиуллинага юборган. Депутатлар фикрича, амалдаги қонунчилик мигрантларнинг хорижга юбораётган пуллари уларнинг расмий даромадларига мос келишини назорат қилиш учун самарали механизмга эга эмас. Бу эса ноқонуний даромадларни легаллаштириш, солиқлардан қочиш ва Россиядан капитал чиқиб кетишига шароти яратмоқда.
Депутатлар бу ҳолат мамлакатнинг иқтисодий ва ижтимоий хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатмоқда, деб ҳисоблайди. Агар хорижга ўтказиладиган пул белгиланган миқдордан кўп бўлса, мигрантлар даромадларини тасдиқловчи декларацияни тақдим этиши керак бўлади.
Молиявий операцияларнинг шаффофлигини ошириш, яширин иқтисодиётга қарши курашиш, солиқ тушумларини кўпайтириш ва иқтисодий хавфсизликни таъминлаш учун мигрантлар томонидан расман тасдиқланган иш ҳақидан ортиқ миқдорда халқаро пул ўтказмаларини амалга оширишни тақиқлашни зарур деб ҳисоблаймиз, дея таъкидланади ҳужжатда.
Шунингдек, депутатлар мигрантларнинг молиявий операциялари устидан назоратни кучайтириш ва шубҳали транзакцияларни аниқлаш, олдини олиш учун кредит ташкилотлари билан ҳамкорликни йўлга қўйишни таклиф қилмоқда.
Изоҳ (0)