Россияда йўловчи ташиш соҳасида банд бўлган мигрантлар сонини камайтириш учун ҳайдовчисиз таксилардан фойдаланиш таклиф этилди. Бу ҳақда 360.ru хабар берди.

Маълум қилинишича, Россия бош вазири Михаил Мишустинга шундай таклиф билан чиқилган. Ташаббус “Янги одамлар” партияси раҳбари Алексей Нечаев ва депутат Антон Ткачевга тегишли. Уларга кўра, Россияда такси соҳасининг ривожланиши мигрант ҳайдовчилар сони ортиши билан бирга кечмоқда.
Бу ҳайдовчиларнинг кўпчилиги ноқонуний ёки меҳнат қонунчилигига зид ишлайди. Бу эса йўловчилар хавфсизлиги учун қўшимча хатарлар келтириб чиқаради, дейди улар.
Ечим сифатида депутатлар ҳайдовчисиз таксиларни жорий этиш ҳудудларини кенгайтиришни таклиф қилган.
Москва, Татаристон ва “Sirius”да ўтказилган ҳайдовчисиз такси тажрибаси ижобий натижа берганини ҳисобга олиб, бу синов ҳудудларини айнан Москвада тезроқ кенгайтиришни ва Россиянинг бошқа шаҳарларида босқичма-босқич автоном ташишларни жорий этишни сўраймиз, дейилади мурожаатда.
Маълумот ўрнида, 1 июлдан бошлаб Санкт Петербургда мигрантларга курер ва такси ҳайдовчиси сифатида ишлаш тақиқланади. Патентлар бўйича ишлайдиган мигрантларга қуйидаги иқтисодий фаолият турлари бўйича ишлашни тақиқлаш таклиф этилмоқда:
- енгил автомобилларни ҳайдовчилик учун ижарага бериш ва такси хизмати;
- курерлик хизмати;
- турли транспорт воситалари орқали етказиб бериш хизмати;
- уйга озиқ-овқат етказиб бериш фаолияти;
- бошқа курерлик ишлари.
Қарор кучга кирган кундан бошлаб уч ой ичида янги талабни бажариш мажбурияти юкланади.
Изоҳ (0)