Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида Россия томони билан ҳар ой миграция масалалари бўйича ўтказиладиган навбатдаги учрашув ташкил этилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Россия ҳудудида айрим ҳолатларда Ўзбекистон фуқароларига нисбатан рухсатсиз текширувлар, ҳурматсизлик ва қўпол муомалалар кузатилаётгани тўғрисидаги хабарлар ташвиш уйғотаётгани таъкидланди.
Бундай ҳолатлар мамлакатлар ўртасидаги дўстона муносабатларга асло тўғри келмаслиги, уларни олдини олиш учун аниқ чора-тадбирлар зарурлигига эътибор қаратилган.
ТИВ хабарида Ўзбекистон хорижда яшаётган ва вақтинча бўлиб турган фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни ўзининг устувор вазифаси деб билиши таъкидланди.
“Ушбу масала юзасидан Ўзбекистоннинг Москва шаҳридаги элчихонаси томонидан ҳам Россия томони билан тегишли дипломатик каналлар орқали мулоқот олиб борилмоқда.
Ўзбекистон томони барча фуқароларга нисбатан халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқларига риоя қилинишини таъминлашга чақиради. Шу муносабат билан, Россиянинг тегишли идораларини Ўзбекистон фуқароларига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлиш, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситмасликка чақириб қоламиз”, дейилади хабарда.
Қўшимча қилинишича, Москвадаги ҳолат юзасидан Россия Ташқи ишлар вазирлигига элчихона томонидан нота юборилиб, Россия ТИВдан ушбу ҳолатга изоҳ бериш ҳамда инсон ҳуқуқлари яққол бузилганлиги акс этганлиги, бу эса қабул қилиб бўлмас ҳолатлиги таъкидланиб, куч ишлатар ташкилот вакилларининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш сўралган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ушбу масалани ўзининг доимий назоратида ушлаб туриши ва керакли ҳолларда қўшимча чоралар кўришни давом эттириши қўшимча қилинди.
Аввалроқ Москвада ҳужжатларида муаммо аниқланган мигрантлар ички ишларга олиб кетилгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)