Саудия Арабистонидан муқаддас Каъба ёпинчиғи кисванинг эшик қисми тўлиқ ҳолда Ўзбекистонга олиб келинди. Бу ҳақда 16 август куни Ислом цивилизацияси маркази хабар берди.

Маълум қилинишича, Каъба ёпинчиғи кисванинг эшик қисми узунлиги 6,3 метр, эни 3,3 метрни ташкил этади.
2025 йил февралида Саудия Арабистони ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа Ўзбекистон халқига ҳадя сифатида муқаддас Каъба ёпинчиғи кисванинг бир парчасини Шавкат Мирзиёевга топширганди.
Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримов даврида Саудия Арабистони подшоҳи Фаҳд бин Абдулазиз Ислом Каримовга Каъба ёпинчиғининг бир бўлагини ҳадя қилганди. Унга тилла ип билан “Оли Имрон” сурасининг 97-ояти ёзилган. Кейинчалик Ислом Каримов ушбу ҳадяни — каъбапўшни Имом Бухорий мажмуаси музейига тақдим этган.
Бу сафар эса эшик қисми бўлиб, муқаддас Каъба ёпинчиғининг ушбу қисми Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси маркази музейи экспозициясидан ўрин олиши кутиляпти.
Кисва — Каъбанинг ёпинчиғи бўлиб, у бугунги кунда Саудия Арабистони, Макка шаҳридаги махсус тикув фабрикасида қора рангли табиий шойидан тикилади. Қуръон оятлари битилган кисва ҳар йили Қурбон ҳайити арафасида алмаштирилади. Янги кисва Каъбани қоплагандан кейин, эски ёпинчиқ эҳтиёткорлик билан бўлинган ҳолда сақланади ва унинг баъзи қисмлари исломий давлат раҳбарлари, машҳур диний шахслар ва ташкилотларга рамзий совға сифатида тақдим этилади.
Изоҳ (0)