Сурия Исроил билан муносабатларни нормаллаштириш бўйича олиб борилаётган музокаралар давомида энди Исроил томонидан аннексия қилинган Жўлон тепаликларини қайтариб беришни талаб қилмаяпти. Бу ҳақда The Times of Israel нашр хабар бермоқда.

“Сурия ҳозирги тинчлик келишуви бўйича музокаралар жараёнида Исроилдан 1967 йилда босиб олинган Жўлон тепаликларининг бир қисмини қайтаришни талаб этмаяпти”, дея ёзади нашр.
Таъкидланишича, Суриянинг музокаралардаги асосий талаблари Исроилнинг Аҳмад аш-Шараа бошчилигидаги янги ҳокимиятни тан олиши ва Исроил қўшинларини январь ойида мамлакат жанубида эгаллаган ҳудудлардан олиб чиқишидир. Бундан ташқари, Дамашқ мамлакатнинг жанубий чегарасидаги хавфсизлик чораларини аниқ белгилашни, шунингдек, Қўшма Штатлар томонидан Сурияга ёрдам кўрсатилишини талаб қилмоқда.
Жўлон тепаликлари 1967 йилдаги Олти кунлик урушдан сўнг Исроил томонидан босиб олинган эди. Дамашқ 50 йилдан ортиқ вақт давомида ўзига тегишли деб тан олинган ушбу ҳудудларни қайтариб беришни талаб қилиб келаётганди.
Бундан аввал Суриянинг янги маъмурияти Исроилнинг жануби-ғарбий Ал-Кунайтра вилоятидаги тинч ҳудудларга доимий ҳужумларини тўхтатиш устида ишлаётгани хабар қилинганди.
22 июнь куни Исроил Миллий хавфсизлик кенгаши раҳбари Сахи Ханегби Сурия билан музокараларда шахсан иштирок этаётганини билдирди.
Бирлашган Араб Амирликлари Исроил ва Сурия ўртасидаги музокаралар учун махфий алоқа каналини ташкил этгани хабар қилинганди.
Сурия ва Исроил муносабатлари февраль ойи охирида, Дамашқ яқинидаги Жарамана аҳоли пунктида ўтиш даври ҳукумати хавфсизлик ходимлари ва ўзини ўзи мудофаа кучлари ўртасида тўқнашув содир бўлганида кескинлашди. Исроил шу муносабат билан Суриянинг янги ҳукумати этник-конфессионал озчиликларга босим ўтказаётганини маълум қилди ва қуролли кучларига Суриядаги друзлар жамоасини ҳимоя қилишни таъминлашни топширди.
30 апрель куни Исроил армияси Суриядаги экстремистик гуруҳ ячейкасига зарба берди. Исроил томони радикаллар друз аҳолисига ҳужум қилишни режалаштирганини таъкидлади
Изоҳ (0)