Ғазо сектори жанубидаги жангларда 7 нафар исроиллик ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган. Бу ҳақда Исроил мудофаа кучларига таяниб, The Times of Israel нашри хабар берди. Маълум бўлишича, улар жойлашган Puma оғир зирҳли жанговар муҳандислик машинаси остига портловчи мослама ўрнатилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, бомба портлаши натижасида машина аланга олган. Бу вақтда ичкарида бўлган барча аскарлар тириклайин ёниб кетган. Ёнғинни ўчиришга қаратилган уринишлар самара бермаган. Кейинроқ куйган жасадлар Ғазодан олиб чиқилган.
Исроил расмийлари рўйхатни эълон қилди. Улар орасида битта лейтенант ва олтита сержант бор. Ҳалок бўлганларнинг барчаси 605-жанговар муҳандислик батальони аъзолари бўлган.

Хон Юнусда юз берган яна бир ҳолатда батальоннинг яна икки аскари гранатомёт зарбасига учраган. Оқибатда улардан бири оғир, иккинчиси эса енгил тан жароҳати олган. Шу билан Исроил армиясининг Ғазога қуруқлик ҳужуми бошланганидан буён йўқотишлари сони 440 нафарга етди.
Исроил мудофаа вазири мазкур воқеа юзасидан Х (собиқ Twitter) саҳифаси орқали баёнот берди.
“Бизнинг аскарларимиз қаҳрамонларча жанг қилди ва Исроилни ҳимоя қилиш ҳамда гаровга олинган фуқароларимизни қайтариш миссияси давомида ҳалок бўлишди”, деган Исроил Кац ҳалок бўлганларнинг оилаларига ҳамдардлик билдириб.
Исроил президенти Исаак Герцог ҳам мазкур воқеа сабаб чуқур қайғуга тушганини маълум қилди.
“Ғазодаги манзара оғир, жанглар оғир, юк эса чидаб бўлмас даражада. Биз бош эгамиз, азадор оилаларни қучоқлаймиз. Яраланганлар соғайиб кетишини тилаймиз ва барча ҳарбийларимизга куч тилаймиз”, деган у.
7 октябрь воқеаларидан сўнг бошланган можаро занжир реакциясини келтириб чиқариб, бутун минтақага ёйилди. Ўшандан буён ҳалок бўлган ғазоликлар сони 56 мингдан ошди. Улар асосан аёллар ва болалар ҳисобланади. Бундан ташқари, Исроил ҳужумлари натижасида Ливан, Сурия ва Эронда ҳам тинч аҳолидан қурбонлар берилди.
Изоҳ (0)