“Ҳизбуллоҳ” етакчиси Наим Қосим 19 июнь куни Эрон ва Исроил ўртасида давом этаётган урушга жавобан унинг гуруҳи “ўз билганидек ҳаракат қилишини” билдирди. Бу ҳақда Al Arabiya хабар берди.

Қосим ўз баёнотида “Ҳизбуллоҳ” икки минтақавий қудратли давлат ўртасидаги можарода “бетараф эмас”лигини айтди. У гуруҳ бу “шафқатсиз Исроил-Америка тажовузи олдида ўзи хоҳлагандек ҳаракат қилишини” билдирган.
Золим Америка ва жиноятчи Исроил Эрон халқи ва Ислом инқилоби қўриқчилари корпусини бўйсундира олмайди. “Ҳизбуллоҳ” ҳали ҳам Эрон томонида туриш ва унга бу зулмга чек қўйишга ёрдам берадиган барча турдаги ёрдам кўрсатишга тайёр, деди у.
“Ҳизбуллоҳ” 2024 йили Исроилга қарши урушда ҳалокатли йўқотишларга учраганди. Бу уруш ноябрь ойида ўт очишни тўхтатиш келишуви билан якунланган.
19 июнь куни АҚШнинг Сурия бўйича махсус вакили Том Баррак “Ҳизбуллоҳ”ни Эрон ва Исроил ўртасидаги урушга аралашмасликдан огоҳлантирган эди. Бир вақтнинг ўзида АҚШнинг Туркиядаги элчиси бўлган Баррак Байрутга биринчи ташрифини амалга оширмоқда. У ерда Ливаннинг юқори мартабали амалдорлари, жумладан, парламент спикери, “Ҳизбуллоҳ”нинг иттифоқчиси Набиҳ Берри билан учрашган.
“Президент Дональд Трамп номидан айтишим мумкинки... бу жуда, жуда, жуда ёмон қарор бўларди”, деди Баррак Берри билан учрашувидан сўнг.
У шу тариқа “Ҳизбуллоҳ”нинг урушдаги эҳтимолий иштироки ҳақидаги саволга жавоб берди. Ўтган ҳафта Исроил Эронга зарба берганида, Ливан Ташқи ишлар вазирлиги мамлакатни ҳар қандай можарога аралашиб қолишдан қутқариш учун “алоқаларни давом эттираётганини” билдирган.
“Қурол-яроғ монополияси мақсадига эришиш учун алоқалар давом этмоқда ва минтақада барқарорлик қайтганидан кейин бу янада кучаяди”, Ливан президенти Жозеф Аун Баррак билан учрашувидан сўнг.
Ноябрдаги ўт очишни тўхтатиш келишувига кўра, “Ҳизбуллоҳ” ўз жангчиларини Ливан армияси ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тинчликпарвар кучларини ҳудуддаги ягона қуролли кучлар сифатида қолдириб, Исроил чегарасидан 30 километр узоқликдаги Литани дарёси шимолига олиб кетиши керак.
Исроил ўз қўшинларини тўлиқ олиб чиқиши керак, бироқ уларни Ливаннинг бешта ҳудудида ушлаб турибди, буни мамлакат “стратегик” деб ҳисоблайди. Ливан, шунингдек, сўнгги пайтларда ўнлаб йиллар давомида мамлакатдаги фаластинлик қочқинлар лагерларига раҳбарлик қилган фаластинлик жангари гуруҳларни қуролсизлантириш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтирган.
Изоҳ (0)