Жанубий Кореянинг Samsung Display компанияси 2024 йилда Россиянинг олтин, волфрам ва танталидан фойдаланишни тўхтатди. Бу ҳақда компаниянинг ҳисоботига таяниб, “Коммерсант” хабар берди.

Ҳужжатда 2022 ва 2023 йилларда Россиядан ушбу металлар етказиб берилгани тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилмаган. 2021 йилда эса компания Россиянинг 11 та корхонасидан хом ашё олган. Волфрам чип ичидаги металл ўтказгичларда, тантал кремний ва мис орасидаги изоляция қатламида, олтин эса микросхемадаги кристалларни корпус билан улашда қўлланилган.
Samsung Display — Samsung корпорациясининг шўба корхонаси бўлиб, телевизорлар, смартфонлар, ноутбуклар ва бошқа электроника учун дисплейлар ишлаб чиқаради. Унинг маҳсулотларидан нафақат Samsung қурилмалари, балки бошқа ишлаб чиқарувчилар, хусусан, Apple ҳам фойдаланмоқда.
Samsung 2024 йил май ойидан бошлаб LG билан биргаликда iPhone 16 Pro учун дисплейларни оммавий равишда ишлаб чиқармоқда.
Россия металларидан воз кечиш иккиламчи санкциялар остида қолиш хавфи билан боғлиқ, дейди россиялик маълумотларни сақлаш тизимларини ишлаб чиқувчилар консорсиуми директори Олег Изумрудов.
Унинг сўзларига кўра, Жанубий Корея компанияси хом ашёни аввалгидек Россиядан, бироқ воситачилар орқали сотиб олади.
Бироқ Россия ОАВлари таъкидлаганидек, айнан Samsung компанияси Россия металларидан воз кечган — у етказиб бериш занжирини Осиё орқали узайтирмаган. Шу билан бирга, бу қарор компания фаолиятига салбий таъсир кўрсатмайди.
Россия учун бу кўпроқ Жанубий Корея компаниялари яқин келажакда Россия бозорига қайтишни режалаштирмаётгани ва чекланган савдо алоқаларига эга бўлишни режалаштираётганини англатади. Яъни улар тайёр маҳсулотларни сотишдан манфаатдор, аммо яқин ҳамкорлик қилишни истамайди, дея таъкидлади манба.
Изоҳ (0)