Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 27 майдаги мажлисида иш вақтидан ташқари иш учун ҳақ тўлаш ва унинг давомийлигини соддалаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилиб, қабул қилинди.

Ушбу қонун лойиҳаси билан Меҳнат кодексига иш вақтидан ташқари иш учун ҳақ тўлаш ва унинг давомийлигини соддалаштиришга доир ўзгартиришлар киритилмоқда. Яъни иш вақтидан ташқари ишнинг бир кунда биринчи икки соати учун камида 1,5 ҳисса миқдорида, икки соатдан ортиқ қисми учун камида 2 ҳисса миқдорида ҳақ тўланиши назарда тутилмоқда.
Амалдаги тартибда икки баравар миқдорида ҳақ тўланиши белгиланган. Яъни Меҳнат кодексининг 262-моддасига мувофиқ, иш вақтидан ташқари иш учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади. Жамоа шартномасида, касаба уюшмаси қўмитаси билан келишувга кўра иш берувчи томонидан қабул қилинган ички ҳужжатда, меҳнат шартномасида иш вақтидан ташқари иш учун қўшимча тўловларнинг юқорироқ миқдорлари назарда тутилиши мумкин.
Мажлисда сўзга чиққан Бандлик вазири ўринбосари Раъно Турдибоева қонун лойиҳаси тадбиркорлар томонидан билдирилган таклифлар асосида ишлаб чиқилганини қайд этди. Бизнес иш вақтидан ташқари иш вақтининг йиллик чекловини бекор қилиш, 40 соатдан ортиқ ишланган вақт учун бир ярим баравар миқдорида иш ҳақи тўлашни таклиф қилган.
Қонунчиликдаги чекловлар ходимларни ишга жалб қилишни чеклаб қўймоқда. Натижада айрим корхоналар ходимларни ишдан ташқари вақтда норасмий равишда ишлатиб келаётгани аниқланмоқда. 2024 йилда 627 та бу каби ҳолатлар аниқланган.
Лойиҳа билан Меҳнат кодексининг 190-моддасида ходимлар учун иш вақтидан ташқари иш давомийлигига қўйилган йиллик 120 соатлик чекловни бекор қилиш таклиф этилмоқда. Кунлик чекловлар ўзгаришсиз қолади.
“Агар иш берувчи амалдаги тартиб асосида ходимини ҳар куни икки соатдан иш вақтидан ташқари ишга жалб қилса, 120 соатлик чеклов икки ярим ойда тугаб қолади. Натижада компания ҳам, ходимлар ҳам бу ҳуқуқдан фойдалана олмайди”, деган Раъно Турдибоева.
Мажлисда қайд этилишича, лойиҳани ишлаб чиқишда 68 та мамлакатнинг иш вақтидан ташқари ишга жалб қилиш бўйича тажрибаси ўрганилган. Бу каби чеклов МДҲ давлатларининг айримларида, жумладан Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ҳамда Ўзбекистонда сақланиб қолмоқда. Франция, Италия, Швеция, Нидерландия ҳамда Бельгия каби ривожланаётган мамлакатларда эса ходимни иш вақтидан ташқари ишга жалб қилиш учун йиллик чеклов йўқ. Бундан ташқари, бу мамлакатларда иш вақтидан ташқари иш учун икки баробар миқдорида ҳақ тўланмайди. Масалан, Германия, Нидерландия, Испания ҳамда Швеция каби давлатларда бу 1,25−1,5 бараварни ташкил этади. Халқаро меҳнат ташкилотининг конвенцияларида ҳам йиллик чекловлар назарда тутилмаган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабарида таъкидлашича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатлари таъминланишига, ташкилотларда иш унумдорлигини ошириш ва ходимларнинг даромадлари кўпайишига хизмат қилади.
Изоҳ (0)