Рафаҳ жанубидаги янги гуманитар ёрдам тақсимлаш пунктига ёпирилиб кирган оломонга Исроил ҳарбийларининг ўқ узиши оқибатида камида бир фаластинлик ҳалок бўлди, яна 48 нафари жароҳат олди. Бу ҳақда Associated Press хабар бермоқда.

28 май куни Исроил ва АҚШ кўмагида ташкил этилган Ғазо инсонпарварлик жамғармаси Ғазо секторига ёрдам тарқатишни бошлаганини маълум қилди.
Маълум қилинишича, воқеа пайтида Исроил ҳарбийлари танклар ва артиллериядан ўқ узган, Исроил вертолётидан эса ёритгич ракеталар отилган. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича бошқармаси вакили Ажит Сунгайнинг маълум қилишича, 47 нафар ярадорнинг аксарияти ўқотар қуролдан жароҳат олган.
Исроилнинг янги тузилманинг хавфсизлиги ва самарадорлиги ҳақидаги баёнотларига қарамай, БМТ қатори халқаро гуманитар ташкилотлар ҳам унинг ишида иштирок этишдан бош тортди. Уларнинг огоҳлантиришича, бу тизим Ғазо секторидаги 2,3 миллион аҳолининг эҳтиёжларига жавоб бермайди ва ундан аҳолига босим ўтказиш учун фойдаланилиши мумкин.

Уларнинг фикрича, ҳудудий шарт-шароитлар билан боғлиқ озиқ-овқат устидан назорат қилиш инсонпарварлик тамойиллари ва халқаро ҳуқуқ нормаларини бузади.
Ғазо гуманитар жамғармаси томонидан 4 та марказ очилган бўлиб, айни пайтда улардан иккитаси фаолият юритмоқда. Уларни хусусий пудрат компаниялари қўриқлайди. Кириш эса ҳарбий объектларни эслатувчи тор йўлаклар орқали ташкил этилган. Жамғарманинг таъкидлашича, унинг қўриқчилари воқеа пайтида куч ишлатмаган ва ҳудудни тарк этган.

Айни пайтда Исроил қўшинлари Рафаҳ ва анклавнинг қолган қисми ўртасидаги буфер ҳарбий зона - Мораг йўлаги деб аталадиган ҳудудда патрул хизматини давом эттирмоқда.
Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху вазиятга изоҳ берар экан, “маълум вақт давомида назорат қисман йўқолганини” тан олган, бироқ вазият тез орада барқарорлашганини қўшимча қилган. Шунингдек, у ҲАМАС билан жанглар давом этаётган бир пайтда бутун анклав аҳолисини сектор жанубидаги “хавфсиз зона”га кўчириш ниятини такрорлаган.

Халқаро ташкилотлар гуманитар инқироз шароитида фаластинликларни таъминлашнинг ягона самарали ва ахлоқий жиҳатдан мақбул усули бўлиб қолаётган аввалги мустақил ёрдам тарқатиш тармоғини сақлаб қолишни талаб қилишда давом этмоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Ғазо секторидаги барча шифохоналарнинг камида 94 фоизи шикастланган ёки вайрон этилган, Фаластин анклави шимолида яшовчилар деярли ҳар қандай тиббий ёрдам олиш имкониятидан маҳрум бўлгани билдирганди.
20 май куни Буюк Британия Исроил армиясининг Ғазо секторидаги янги операцияси сабабли Исроил билан эркин савдо битимини тузиш бўйича музокараларни тўхтатди.
Изоҳ (0)