Афғонистоннинг Ғур вилоятида куёвдан маҳр талаб қилиш тақиқланди. Бу ҳақда “Толибон”нинг тегишли кўрсатмасига таяниб, Hasht-e Subh Daily хабар берди.

“Уламолар кенгаши раислиги” ва “Фазилатни тарғиб қилиш ва иллатларнинг олдини олиш” бошқармаси оғир маҳрларни тақиқловчи қарор чиқарган. Қарорга кўра, куёв томонидан кийим-кечак ва бошқа аксессуарлар талаб қилиш, шунингдек, Ҳайит, Наврўз, чилла ва бошқа тадбирлар муносабати билан нақд пул ёки бошқа буюмлар олиш тақиқланади. “Толибон” Ғур вилояти аҳолиси уларнинг буйруғига бўйсунишига умид билдирмоқда.
Таъкидланишича, бир неча кун аввал Ғур вилоятида Абида исмли қиз “Толибон” жангчисига мажбуран турмушга чиқишга рози бўлмагани учун ўзини ёқиб юборган. Ушбу қарор айнан шу воқеадан сўнг қабул қилинган. Бироқ “Толибон” бу фожиали ҳодисага ҳали изоҳ бергани йўқ.
“Толибон” режими остида чекловлар кучайиб бораётгани сабабли, афғон қизлари ва аёллари мамлакатда оғир шароитда яшашга мажбур бўлмоқда. Афғонистонда аёлларга нисбатан жорий қилинган айрим тақиқлар қуйидагилардан иборат:
- афғонистонлик аёлларнинг БМТ идораларида ишлаши;
- эркакларга аёллар учун кийим тикиш;
- аёлларнинг эркак шифокорларга бориши;
- аёлларнинг шифохонага ёлғиз бориши;
- аёлларнинг истироҳат боғига ташриф буюриши;
- оилалар ва аёлларнинг боғлари ёки яшил ҳудудлари бўлган ресторанларга кириши;
- аёллар овози эшитилган рекламаларни эфирга узатиш;
- аёлларнинг сотувчилари билан савдолашиш;
- акушер ва ҳамшираликка ўқиш;
- аёлларга бир-бири билан гаплашиш тақиқланган.
Изоҳ (0)