АҚШ Давлат департаменти Саудия Арабистонга тахминий қиймати 3,5 миллиард долларлик “ҳаво-ҳаво” ракеталарини сотишга рухсат берди. Битим 1 000 дона AIM-120C-8 AMRAAM ракетаси, 50 та “бошқарув тизими” ҳамда техник хизматни ўз ичига олади. Бош пудратчи RTX компаниясидир. Бироқ ҳозирча ҳеч қандай офсет (компенсацион) шартнома таклиф этилмаган. Аммо бу ҳали ҳаммаси ҳал дегани эмас. Савдо битими тўлиқ кучга кириши учун АҚШ Конгрессининг тасдиғи керак.
Мазкур ташаббус президент Дональд Трампнинг Саудия Арабистонига кутилаётган ташрифи олдидан эълон қилинди. Аввалроқ Оқ уй раҳбари сафари давомида Ар-Риёдга йирик ҳарбий битим таклиф қилиши ҳақида тасдиқланмаган хабарлар тарқалганди.
Маълум қилинишича, юз миллиард долларлик битим ракеталар, радарлар ва C-130 оғир транспорт самолётларини ўз ичига олиши, қиролликни Хитой билан имзоланиши кутилаётган қурол-яроғ шартномаларидан воз кечига ундаши мумкин.
AIM-120C-8 AMRAAM ҳақида
Қўшма Штатлар Саудия Арабистонига AMRAAM оиласига мансуб ракеталарнинг энг сўнгги модификациясини таклиф этмоқда. У аввалги версиялардан манёвр имкониятининг юқорилиги, замонавий электрон уруш тизимлари ҳамда парвоз давомида нишонни янгилаш имконияти билан фарқланади. Ракеталар 160 километр радиусдаги ҳаво таҳдидларини бартараф этиши мумкин.
Изоҳ (0)