Бутун дунё бўйлаб 22 йил давомида одамларни боғлаб келган Skype кеча — 5 май куни ишдан тўхтади. Унинг бош компанияси Microsoft февраль ойида бу ҳақда огоҳлантириб, илова ўрнига Microsoft Teams қўлланилишини маълум қилган эди. Бу ҳақда NDTV World хабар берди.

Бу ёпилиш бепул ва пуллик Skype фойдаланувчиларига бирдек амал қилади. Skype for Business эгалари эса автоматик равишда Microsoft Teams’га қўшилади.
Skype аккаунтингиз билан нима содир бўлади?
- Фойдаланувчилар мавжуд Skype маълумотлари билан Teams’дан рўйхатдан ўтади. Шунда уларнинг чатлари ва контактлари автоматик равишда тикланади.
- Агар фойдаланувчи Teams хизматидан фойдаланишни истамаса, у Skype’даги маълумотларини юклаб олиши ва бошқа видео қўнғироқ хизматини танлаши мумкин бўлади.
- Фойдаланувчилар 2026 йил январигача Skype маълумотларини экспорт қилишлари ёки ўчириб ташлашлари мумкин.
- Агар фойдаланувчи ҳеч қандай чора кўрмаса, маълумотлар 2026 йил январь ойида ўчириб ташланади.
Skype маълумотлари қандай экспорт қилинади?
- Microsoft ҳисобингиз ёрдамида Skype экспорт саҳифасига киринг;
- Суҳбатлар, файллар ёки иккаласини ҳам юклаб олиш вариантини танланг;
- Сўров юборишни танланг, кейин эса давом этиш бандини босинг;
- Экспорт жараёни якунлангач, юклаб олиш тугмасини босинг.
Skype ёпилишига сабаб нима?
Microsoft Skype’ни Windows, Smartphones ва Xbox консоллари каби платформаларга интеграция қилишга қарор қилди. Бир пайтлар Skype 1 миллиард фойдаланувчини қамраб олишни мақсад қилганди. Бироқ интерфейснинг тез-тез ўзгариши ва турли янгиланишлар иловани ишлатишга ноқулай қилиб қўйган.
COVID-19 пандемияси ҳамда Zoom, Webex, Discord ва Slack каби рақобатчиларнинг пайдо бўлиши платформа тақдирини ҳал қилиб қўйди. 2025 йилда Skype ойига тахминан 23 миллион фойдаланувчини йўқотган.
Изоҳ (0)