Ўзбекистонда 2025 йил апрель ойида 7 802 нафар фуқарога ижтимоий тўловлар тайинлаб берилди, деб хабар бермоқда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги.
Унда келтирилишича, агентлик томонидан 2025 йил апрель ойида пенсия тайинлаш учун иш стажига эга бўлмаган 7 802 нафар фуқарога нафақа, моддий ёрдам ва компенсация пул тўловлари тайинлаб берилди. Жумладан:
- 1 119 нафар фуқарога — ёшга доир нафақа;
- 2 694 нафар фуқарога — ногиронлик нафақаси;
- 710 нафар оилага — боқувчисини йўқотганлик нафақаси;
- 2 098 нафар фуқарога — ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларга ногиронлик нафақаси;
- 912 нафар фуқарога — парваришлаш нафақаси;
- 228 нафар фуқарога — ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз ногиронлиги бўлган шахсларга моддий ёрдам;
- 41 нафар фуқарога — уй-жой, коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича компенсация пул тўловлари тайинлаб берилди.
Маълумот учун: 2025 йил март ойида 7 479 нафар фуқарога нафақа, моддий ёрдам ва компенсация пул тўловлари тайинлаб берилган.
Ўзбекистонда 2025 йил май ойида пенсия тўловларини нақдсиз шаклда олувчиларга маблағлар тўлиқ молиялаштирилди.
Пенсия жамғармаси томонидан жорий йилнинг май ойи тўлов рўйхатларига киритилган 4,1 млн нафар пенсия олувчилар учун талаб этилган маблағлар тижорат банкларига молиялаштирилиб берилган.
Ўз навбатида пенсия тўловларини нақд пулсиз шаклда олувчи 3,5 млн нафар (ёки жами олувчиларнинг 84 фоизи) фуқароларнинг банк карталарига маблағлар тўлиқ юклаб берилиши таъминланди.
Маълумот учун, ҳозирги кунда Ўзбекистонда:
- меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори (МҲТЕКМ) — 1 155 000 сўм;
- базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ) — 375 000 сўм;
- пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори — 428 000 сўм;
- ёшга доир энг кам пенсия — 834 000 сўм;
- ногиронлик пенсиялари, жумладан иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори — 920 000 сўм;
- меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ногиронлик нафақаси ва болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа — 920 000 сўм;
- зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги фуқароларга бериладиган нафақа — 745 000 сўм;
- иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда — 745 000 сўм.
“Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунга пенсия олиш ёшига тўлган фуқароларга ёшга доир пенсияни уларнинг алоҳида мурожаатини талаб этмаган ҳолда проактив шаклда тайинлаш тартибини белгилашга оид қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш назарда тутилган қонун лойиҳаси 2025 йилнинг февралида депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинганди. Пенсия жамғармасига кўра, фуқаронинг шахсига оид барча маълумотлар вазирлик ва идораларнинг электрон базаларидан олинади.
Ўзбекистонда охирги марта 2024 йил сентябрда пенсиялар ва нафақалар 15 фоизга оширилган эди. Хусусан, ёшга доир энг кам пенсия миқдори ойига 834 минг сўм этиб белгиланди.
Март ойидаги ногиронлик нафақаси ҳақида
Жами I ва II гуруҳ ногиронлик нафақаси олувчилар сони 315 057 нафарни ташкил этиб, уларга март ойи учун жами 303,5 млрд сўм пул маблағлари тўлаб берилган. Шундан:
- I гуруҳ ногиронлик нафақаси олувчилар сони: 38 574 нафар. Нафақа миқдори эса: 1 027 000 сўм.
- II гуруҳ ногиронлик нафақаси олувчилар: 276 483 нафар. Нафақа миқдори: 920 000 сўм.
Бундан ташқари, I гуруҳ кўз бўйича ногиронлик нафақаси бўйича 4 782 нафар шахс уй-жой коммунал хизматлари учун компенсация олади. Тўлов миқдори: 192 600 сўм. Юқорида келтирилган уч тоифалардаги нафақа олувчиларга март ойида жами 931,8 млн сўм маблағлар тўлаб берилган.
18 ёшгача болаликдан ногиронлик нафақаси олувчилар сони 171 380 нафарни ташкил этади. Миқдори: 920 000 сўм. Жорий йилнинг март ойи учун 163,6 млрд сўм тўлаб берилган.
Изоҳ (0)