АҚШни ўз ихтиёри билан тарк этган ноқонуний муҳожирларга 1000 доллар миқдорида стипендия тўланади. Бу ҳақда мамлакат Ички ишлар вазирлиги хабар берди.

Муҳожирлар ўз ватанига қайтиши биланоқ молиявий ёрдам олади. Улар CBP Home иловасидан фойдаланиб, мустақил равишда депортацияни амалга оширади. Ноқонуний муҳожир илова орқали ўз ватанига қайтганини тасдиқлагач, 1000 доллар тақдим этилади.
Ўз-ўзини депортация қилиш АҚШни тарк этишнинг қонуний муқобил усули бўлиб, ноқонуний муҳожирларга иммиграция полицияси билан тўқнаш келмасликка ёрдам беради. Стипендия нархини ҳисобга олган ҳолда, CBP Home’дан фойдаланиш депортация харажатларини тахминан 70 фоизга камайтириши кутилмоқда.
Ҳозирда ноқонуний муҳожирни ҳибсга олиш, ушлаш ва чиқариб юборишнинг ўртача қиймати 17 минг долларни ташкил этади, дейилади Ички ишлар вазирлиги хабарида.
Дастурдан фойдаланиб Гондурасга борадиган муҳожирлар аллақачон мавжуд. АҚШда дастур бўйича кетиш ҳақида ўз ихтиёри билан хабар берган муҳожирлар ҳибсга олинмайди. Бундан ташқари, улар келажакда Қўшма Штатларга қонуний асосда кириш имкониятини сақлаб қолади. Тегишли ташаббус президент Дональд Трамп томонидан илгари сурилган.
АҚШда ноқонуний бўлиб турганлар депортация қилиниши
Трамп маъмурияти ноқонуний мигрантларни судсиз депортация қилишга рухсат берган. Трамп сайловолди кампаниясидаёқ муҳожирларни оммавий депортация қилишга ваъда берган. 2025 йил февралида Коста Рика Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон ва Ҳиндистон каби давлатларнинг АҚШдан депортация қилинган 200 нафар фуқаросини қабул қилишга рози бўлган.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги дипломатик ваколатхоналар Ўзбекистоннинг барча фуқароларига, улар қаерда бўлишидан қатъи назар, ҳар томонлама ёрдам кўрсатишини айтган. 2025 йил февралида 7 нафари Нью Йорк—Тошкент йўналиши бўйича Ўзбекистонга олиб келинган. Март ойида яна 10 нафар фуқаро АҚШдан Ўзбекистонга қайтарилган.
Депортация қилинадиган Ўзбекистон фуқаролари сони 975 кишини ташкил этмоқда. Умумий ҳисобда, турли давлатлардан 1 445 549 нафар чет эл фуқароси чиқариб юборилади. АҚШдан 2023 йил сентябрдан 2024 йил сентябргача Ўзбекистонга 572 киши депортация қилинган.
АҚШда мигрантлар учун ўз-ўзини депортация қилишга мўлжалланган илова ишга туширилган. CBP Home деб номланган мобил илова ноқонуний мигрантларга ҳибсга олинмасдан, мамлакатни мустақил равишда тарк этиш имконини беради. Улар кейинчалик қонуний равишда қайтиб келиши мумкин бўлади.
Изоҳ (0)