АҚШ ва Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари 5 май куни кечқурун Яманнинг Сана ва Ходейда шаҳрига кетма-кет ҳаво ҳужумлари уюштирди. Бу ҳақда The Times of Israel хабар берди.

Авиаҳужумлар Тель Авивдаги Бен-Гурион аэропорти ҳудудига ҳусийлар ракета ҳужуми уюштиргандан бир неча кун ўтиб амалга оширилди. Саудия матбуотига кўра, АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари Санага учта тўлқин билан ҳужум қилган. Ходейда порти Исроилнинг 30 дан ортиқ самолётларининг диққат марказида бўлган. Америкалик ва исроиллик учувчилар асосан инфратузилма ва энергетика объектларини нишонга олган.
Исроил ва АҚШнинг ҳужумлари бир вақтнинг ўзида амалга оширилган, Яман ҳудудига 50 та ўқ-дори ташлангани айтилмоқда.
Биз Ходейда порти ва қурол-яроғ заводлари қурилиши учун ишлатилган бетон ишлаб чиқарувчи заводларни йўқ қилдик. Бу жуда кучли ҳужум ва охиргиси эмас. Ўйин тугади, дейди исроиллик манба.
Яна бир манбанинг аниқлик киритишича, Ходейдадаги портга берилган зарбалар кучли, аммо ҳалокатли эмас.
Ходейда порти жуда катта зарар кўрди, аммо уни вайрон бўлган деб бўлмайди, деди у.
Ҳусийлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Санада 16 киши яраланган. Ходейдада жабрланганлар ҳақида ҳозирча маълумот йўқ. Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху ва мудофаа вазири Исраэл Кац Тель Авивдаги ҳарбий ҳукумат мажмуасидан уюштирилган ҳужумларни кузатиб борган.
Исроил Яман иқтисодий объектларига ҳужум қилди, чунки у ҳарбийларига етиб бора олмади, дея изоҳ берди ҳусийлар сиёсий бюроси.
Таъкидланишича, Исроилнинг Ямандаги цемент заводига берган зарбалари оқибатида икки киши ҳалок бўлди, 42 киши яраланди.
Изоҳ (0)