АҚШ Марказий Осиёнинг нодир металларига эга бўлишни истайди, чунки Украинада керакли ресурслар жуда кам. Бу ҳақда Nationall Interest хабар берди.

Украина билан фойдали қазилмалар бўйича келишув тузиш АҚШ учун фақат биринчи қадам экани айтилмоқда. Вашингтон Марказий Осиё ресурсларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлишни истайди, бироқ буни амалга ошириш осон бўлмайди, чунки минтақа Россия ва Хитойнинг манфаатлари доирасига киради.
Қўшма Штатлар минераллар портфелини тўлдириш учун қўшимча вариантларни кўриб чиқиши керак. Бундай минтақалардан бири ноёб ер металларининг катта захиралари мавжуд бўлган Марказий Осиё бўлиши мумкин. Бу борада Марказий Осиё давлатлари — Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон билан янада яқин алоқаларни ўрнатиш ҳал қилувчи аҳамиятга эга, дейилади хабарда.
Шунингдек, Хитой Марказий Осиё давлатларига географик жиҳатдан яқин бўлгани учун бу ресурсларга етиб боришда АҚШдан устунлиги таъкидланган.
Яна бир муҳим жиҳат шундаки, Хитой Марказий Осиё давлатлари билан аллақачон кучли савдо алоқаларига эга — у минтақадаги товар ва хизматларнинг йирик истеъмолчиси ҳисобланади. Россия ҳам Марказий Осиё билан мустаҳкам иқтисодий ва савдо муносабатларига эга. Шунга қарамай, сиёсий вазият ўзгариб бормоқда.
Сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатлари Хитой ва Россияга боғлиқликни камайтиришга интилмоқда. Аксинча, улар АҚШ, Буюк Британия ва Европа Иттифоқи билан алоқаларни ривожлантиришга устувор аҳамият бермоқда, дейилади хабарда.
Таъкидланишича, бундай ҳамкорлик Марказий Осиё давлатларига ўз иқтисодий ва энергетика бозорларини диверсификация қилиш, яъни кўпроқ йўналишларга очилиш имконини беради. Бир давлат ёки кучга боғлиқликни камайтириш эса уларнинг миллий, молиявий ва энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлашга ёрдам беради. АҚШ эса бу ўсиб бораётган алоқалардан унумли фойдаланиши керак.
Маълумот ўрнида, АҚШ Ўзбекистон билан нодир металларни қазиб олиш бўйича ресурс шартномасини тузган. Вашингтон ва Тошкент вакиллари 9 апрель куни АҚШ пойтахтида келишувни имзолаган.
Учрашувлар якунлари бўйича фойдали қазилмалар соҳасида ҳамкорлик тўғрисида келишувлар имзоланган ҳамда фойдали қазилма конларини қидириш ва қазиб олишга инвестициялар киритиш, юқори даражада майдалаш комплексларини (HPGR) қуриш, инновацион технологияларни жалб этиш ва муҳим хом ашё учун қўшилган қиймат яратиш, ўзбекистонлик мутахассисларнинг малакасини ошириш бўйича келишувларга эришилганди.
Изоҳ (0)