11 февраль санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан АҚШда жосуслиги учун қатл этилган эр-хотин Розенберглар, Миср президенти Ҳусни Муборакнинг ағдарилиши ҳамда 27 йиллик қамоқдан озод этилган Нельсон Манделага оид фактлар ўрин олган.
АҚШда жосуслиги учун қатл этилган эр-хотин Розенберглар
1953 йил 11 февраль куни АҚШ президенти Дуайт Эйзенхауэр физик Алберт Эйнштейн, ёзувчи Томас Манн ва Рим папаси Пий XII иштирок этган кучли халқаро кампанияга қарамай, эр-хотин Розенбергларни қатлдан афв этишдан бош тортганди.
Юлиус ва Этел Розенберг 1953 йил 19 июнда СССР фойдасига жосуслик қилгани учун электр столида қатл этилган. Юлиус яҳудий ва поляк эмигрантларининг фарзанди бўлиб, 1918 йилда Нью-Йоркда дунёга келган. Аввалига у раввин бўлишни истаган ва диний таълим олган, аммо кейинроқ у “дунёвий” соҳага қизиқишини англаб етган. Шундай қилиб у электротехник муҳандисга айланган.
Юлиус 1939 йилда болаликдаги дўсти, яҳудий Этел Гринглассга уйланади. Ёшлигида вокал билан шуғулланган аёл эндиликда камтарин котибага айланганди. Эр-хотин биргаликда жамоатлик ҳаётида фаол иштирок этиб келган. Этел баъзида фашистларга қарши митингларда қўшиқ куйлаган, Розенберглар айбсиз судланганлар учун хайрия тўплаган.
Иккинчи жаҳон уруши бошида Юлиус армия алоқаси муҳандиси лавозимини қўлга киритган, Розенберглар янги уйдан квартирага кўчиб ўтади. Германия ва СССРнинг кенг кўламли қарама-қаршилигидан газеталар орқали хабар топган.
СССРнинг ҳарбий муваффақиятлари Юлиусда социализм адолати ва мустаҳкамлиги борасида тасаввур уйғотади. У яширин равишда коммунистик партия аъзосига айланади. Тез орада рафиқаси ҳам унинг ортидан эргашган.
1942 йилдан 1945 йилга қадар Юлиус Розенберг Нью-Жерси штатидаги алоқа қўшинларида муҳандис лавозимида ишлаган. 1943 йил бошида Юлиус совет разведкасининг АҚШдаги резиденти Александр Феклисов билан боғланган. Мунтазам учрашувлар бошланган ва Розенберг Америка армиясининг янги намунадаги қуролларига оид махфий маълумотларни унга бериб келган. Феклисовнинг сўзларига кўра, Розенберг унга “махфий” ва “ўта махфий” грифи туширилган минглаб ҳужжатларни тақдим этган.
Юлиус атом қуролланиши ҳақидаги маълумотларни Хиросима ва Нагасакида синовдан ўтказилган бомбалар ишлаб чиқарувчи корхонада ишлайдиган рафиқасининг укаси Девид Гринглассдан олиб турган. Аввалига Юлиус уни ушбу маълумотларни иттифоқ давлатларидан бирининг илмий изланишларига алмашаётганини, ҳеч қанақа пул тўланадиган жосуслик эмаслигига ишонтирган.
Маълумотлар совет разведкасининг яна бир агенти Гарри Голд орқали узатиб турилган. 1950 йилда Буюк Британияда СССР разведкачиси Клаус Фукс қўлга олинади. Сўроқ вақтида у суратларнинг бирида тасвирланган алоқачи бўлган Голдни танишини айтган.
Ўз навбатида Голд 10 йилдан бери совет разведкасига ишлашини тан олган ва ФҚБ агентлари томонидан тақдим этилган суратларда уран ўғирлашда гумонланган Гринглассни таниган. Грингласс рафиқаси ҳам ҳибсга олиниши мумкинлигидан кейингина барча гапларни айтиб берган. Хотини ва болалари ҳаётидан қўрққан эркак Розенбергларга қарши кўрсатма берган. 1950 йил ёзида эр-хотин қамоққа олинган. Уларнинг икки фарзанди аввалига қариндошлариникига, кейинроқ болалар уйига жўнатилган.
Суд 1951 йил 6 март куни бошланган ва уч ҳафта давом этган. Розенберглар барча айбловларни рад этган ва ўзларининг ҳибсга олиниши антикоммунистик провокация эканини билдирган. Суд жараёнида Розенбергларга “АҚШни йўқ қилиш учун Совет Иттифоқига қуроллар бўйича маълумотларни беришда шериклари билан олдиндан фитна режалаштирилганлик” айблови қўйилган.
Девит Грингласснинг рафиқаси Этелга қарши кўрсатма берган. Натижада Грингласс 15 йилга озодликдан маҳрум этилган ва 10 йилдан кейин қамоқдан чиққан. Унинг рафиқаси эса озодликда қолган.
1951 йил 29 март куни Розенберглар айбдор деб топилган. Аввалига Адлия вазирлиги ва ФҚБ Этелни қатл этиш шарт эмас деб ҳисоблаган — 25-30 йилга қамоқ жазосини тайинлаш таклифи бўлган. Шунингдек, терговчилар бундай чора Юлиусни ўз айбини тан олишга мажбурлайди деб ҳисоблаган.
Аммо прокурор бошқача фикрда бўлган. Судья унга мурожаат қилганида, шундай жавоб қайтарган: “У Юлиусдан ҳам ёмонроқ. У эркакдан ақлли ва барчасини Этел ўйлаб топган”.
Судья Ирвинг Кауфман эр-хотиннинг иккисини ҳам электр стулида қатл этиш бўйича ҳукм чиқарганди.
Миср президенти Ҳусни Муборак истеъфоси
2011 йил 11 февраль куни Мисрнинг узоқ йиллик президенти Ҳусни Муборак истеъфога чиққанди. Ушбу воқеа “Араб баҳори”нинг бир қисми бўлган инқилоб ғалабасига айланган.
Ҳусни Муборак 1981 йил 6 октябрда ўтказилган ҳарбий парад чоғида президент Анвар Садат ўлдирилганидан кейин мамлакат раҳбарига айланган. Мисрда тўс-тўполон бошланиб кетмаслиги учун Муборак ўша заҳоти мамлакат раҳбарлигини қўлга олган ва мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилганди.
Анвар Садатнинг суиқасдига у томонидан 1979 йил Кемп-Девид қароргоҳида Исроил билан имзоланган тинчлик битими сабаб бўлган. “Душманлар” билан тинчлик битими тузилишини Мисрнинг аксарият аҳолиси норозилик билан қаршилаганди. Бу тинчлик битими имзоланганда Муборак ҳам ўша ерда бўлган. Ўшанда Исроил билан тинчлик келишуви нафақат Миср аҳолисига, балки Араб давлатлари Лигасига аъзо давлатларга ҳам ёқмайди ва Миср бу ташкилот сафидан чиқарилади.
1981 йилда Миср президенти бўлган Ҳусни Муборак 1987, 1993, 1999 йилларда ўтказилган президент сайловларида ҳам ғалаба қозонади. Муборак президент бўлган илк йилларида марҳум президент Анвар Садатнинг яқинларини, шунингдек, унга яқин бўлган юқори лавозимли давлат амалдорларини коррупцияда айблаб маҳкамага тортган.
Муборакнинг қарийб 30 йиллик бошқаруви даврида Миср иқтисодиёти анча ўсган, сайёҳлик ривожланган. Мамлакатнинг халқаро обрўси ошган. Масалан, 2004-2005 йилларда Миср фонд биржаси ривожланаётган давлатлар орасида энг яхши натижани кўрсатганди. Лекин Муборак Миср халқининг бир қисмини қашшоқликдан чиқара олмайди ва мамлакатда миллионлаб инсонлар кунига бир долларлик даромад билан яшашда давом этади.
2010 йил Тунисда “Араб баҳори” номи билан аталган норозилик намойишлари бошланади, кейинчалик у Яман ва Мисрда давом этади. Мисрдаги норозилик намойишлари 2011 йил 25 январда бошланади. Ўшанда бу давлатда бошланган намойишларни Халқаро атом энергетикаси агентлиги собиқ раҳбари Муҳаммад ал-Бародаий қизғин қўллаб-қувватлаган. У 2010 йил февралда МАГАТЭ раҳбари лавозимидан кетаётиб Мисрда мухолиф ҳаракат тузишини эълон қилган эди. Бародаий 27 январда Венадан Қоҳирага учиб келади ва эртаси куни намойишларга бошчилик қила бошлайди.
Ҳукумат аввалига намойишчиларнинг бир неча раҳнамоларини қамоққа олган. Намойишчилар тарқоқлашиш ва тарқалиб кетиш ўрнига янада кўпая бошлайди. Намойишчилар интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали янада кўпроқ одамларни намойишларга чиқишга чақира бошлаган. Ҳукумат интернетни узиб қўяди. Ижтимоий тармоқлар тўсиб қўйилади. Аммо бу чоралар ҳеч қандай наф бермайди. Сабаби бу пайтга келиб намойишлар кенг кўлам олиб бўлган эди. Шундан сўнг йирик шаҳарларда комендантлик соатлари жорий этилади.
Лекин намойишлар тўхтаб қолмайди. Намойишчилар турли шаҳарларда полиция ва ҳокимият бинолари ва бошқа маъмурий биноларга ҳужум бошлаб, уларни эгаллашга уринишади. Бу орада кўчаларга Муборакнинг тарафдорлари ҳам чиқади. Ўртада қонли тўқнашувлар бошланиб кетади.
29 январда Миср ҳукумати истеъфога чиқади. Намойишчилар ИИВ биносини эгаллашга уринади. 10 февраль куни Муборак ўз ваколатларининг бир қисмини вице-президент Умар Сулаймонга топширади, аммо бутунлай истеъфо бермайди.
11 февралда ҳарбийлар Муборакка қарши бош кўтаради ва Мисрда ҳокимият тепасига мудофаа вазири Муҳаммад Тонтовий бошчилигидаги ҳарбийлар келишади. Ҳарбийлар Муборакни оила аъзолари билан бирга уй қамоғига олади. 13 апрелда у ўғиллари билан бирга қамоққа олинади ва унга нисбатан жиноий иш очилади.
2012 йилда Муборак умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинади. Суд уни кўплаб жиноятлардан ташқари 2011 йил январь ойида бўлиб ўтган намойишлар чоғида ҳалок бўлган тинч аҳоли вакиллари ўлимида ҳам айблайди. Орадан бир йил ўтиб, янги сайланган Миср президенти Муҳаммад Мурсий суд қарорини бекор қилади ва Муборакнинг ишини қайта кўриб чиқиш ҳақида кўрсатма беради. 2013 йилда уни озод қилишади ва қайта суриштирув бошланади. 2014 йилда Муборак коррупцияга йўл қўйганликда айбланиб, уч йилга озодликдан маҳрум этилади. Ўша йил октябрь ойида унга қўйилган айблар олиб ташланади ва суд қарори ҳам бекор қилинади.
2017 йилда Миср кассация суди Муборакдан барча айбларни олиб ташлайди ва унга қарши бошқа ҳеч қандай иш очилмаслиги, ҳукм якуний эканини эълон қилади. Ҳусни Муборак узоқ давом этган касалликдан сўнг 2020 йил 25 февраль куни 91 ёшида вафот этганди.
27 йиллик қамоқдан озодликка чиққан Мандела
1990 йил 11 февраль куни ЖAPнинг охирги оқ танли президенти Фредерик де Клерк Африка миллий конгресси ва ирқий айирмачиликка (апертеид) қарши бошқа ҳаракатлар қонунийлигини таъминлаш борасидаги қарорни имзолаган ҳамда 27 йиллик қамоқдан кейин Нельсон Мандела озодликка чиқарилган эди.
Нельсон Мандела Жанубий Африка Республикасида апартеид режими бекор қилинишига қарши курашга бошчилик қилган ва дунёдаги энг обрўли давлат арбобларидан бири эди. 1962 йилда у террорчилик дея малакаланган сиёсий фаолияти учун умрбод озодликдан маҳрум этилган. Мандела орадан 27 йил ўтгач озодликка чиққан ва тез орада ЖAP президенти этиб сайланган эди — у мамлакат тарихидаги биринчи қора танли раҳбарга айланган.
1993 йилда Мандела тинчлик бўйича Нобел мукофотига лойиқ кўрилган. Унинг жозибаси, ҳазил ҳисси ва ўз устидан кула олиш, ёмон муносабатда бўлганларни кечира олиш қобилияти ҳамда унинг ҳаётининг бутун ҳайратланарли ҳикояси — буларнинг барчаси у ёки бу тарзда Манделанинг энг севимли ва ҳурматга сазовор инсонга айланишига сабаб бўлганди.
Президентлик лавозимидан кетгач, 1999 йилда у ОИTСга қарши кураш муаммолар билан шуғулланган ва ЖAP 2010 йилда футбол бўйича Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилишида асосий ролни ўйнаган. 2001 йилда сиёсатчига простата саратони ташхиси қўйилган, аммо бу Манделага Конго, Бурунди ҳамда Африканинг бошқа давлатлари билан ўтказилган музокараларда фаол иштирок этишига халақит бермаган.
2004 йилда 85 ёшли Мандела оиласи ва дўстларига кўпроқ вақт ажратиш учун жамоатчилик ҳамда сиёсий ҳаётдан кетишини эълон қилган. “Менга қўнғироқ қилманглар, ўзим қиламан”, — деганди у расмий тадбирларга таклиф борасида.
Нельсон Мандела 1918 йил 18 июль куни Транскей ҳудудидаги Мфезо қишлоғида туғилган. Унинг асл исми Ролилаҳла эди. Мандела мансуб бўлган коса тилида бу “безовта қилувчи”, “бузғунчи” деган маъноларни билдиради.
Манделанинг отаси бир неча йил маҳаллий қабила сардорига яқин маслаҳатчи бўлиб хизмат қилган, аммо кейинчалик мустамлакачи оқ танли амалдор билан зиддиятга боргач, ер-мулк ва унвонларидан маҳрум қилинган. Мандела бу пайти ҳали гўдак эди. Отаси мавқейини йўқотгач, оила Мфезодан шимолдаги кичикроқ Куну қишлоғига кўчиб ўтган. Ролилаҳланинг ёшлик йиллари шу қишлоқда ўтди. У оиласида биринчи бўлиб мактабга боради. Ўша пайтлардаги одатга кўра ва Британия таълим тизимининг айирмачилиги сабаб ўқитувчиси унга янги Нельсон исмини беради.
1939 йил Мандела Форт-Ҳейр университетига ўқишга кирди. Бу университет ўша даврда Жанубий Африкадаги қора танлилар ўқиши мумкин бўлган ягона олий таълим муассасаси эди. Университетнинг дастлабки йилидан Мандела роман-герман ҳуқуқини яхши ўрганишга киришди. Сабаби бу қора танлилар учун энг яхши касблар — таржимонлик ва давлат хизматчиси бўлишига йўл очарди.
Олийгоҳдаги ўқишнинг иккинчи йилида Мандела университет талабалар кенгаши вакили этиб сайланди. Бироқ баъзи муаммолар сабаб талабалар бу сайловни бойкот қилди. Нельсон улар билан бир позицияда эканлигини билдириш учун истеъфога чиқишга қарор қилди. Буни бўйсунмаслик ҳаракати сифатида кўрган университет раҳбарияти унга тезда кенгашга қайтиши кераклигини, акс ҳолда олийгоҳдан ҳайдалишидан огоҳлантирди. Мандела ультиматумни қабул қилмаган ва уйига қайтган.
1942 йилда Нельсон Мандела Африкада апертеидга қарши курашувчи партия Африка Миллий Конгрессига (АМК) аъзо бўлди. Кейинроқ ташкилотнинг ёш аъзолари мазкур Конгресснинг Ёшлар Лигасини ташкил этди. Бу лига мақсади ЖAPдаги минглаб ўз овозига эга бўлмаган қишлоқ аҳолиси, деҳқонлар ва ишчилар қўллаб-қувватловига эришиб, АМКни оммавий ҳаракатга айлантиришдан иборат эди.
Деярли 20 йил давомида Мандела ЖAP ҳукуматига қарши тинч, зўравонликсиз ҳаракатлар олиб борган. 1956 йилда Мандела ва ҳаракатнинг 150 аъзоси ҳибсга олинган, улар сиёсий ташвиқотлари учун давлатга хиёнат қилишда айбланганди (1961 йил улар оқланади).
Қамоқда Мандела қуролли кураш ўзгаришларга эришишнинг ягона йўли эканлигига ишона бошлаган. Озодликка чиққач у Umkhonto we Sizwe — “Миллат найзаси” қуролли ҳаракатига асос солган.
1961 йилда у ишчиларнинг уч кунлик иш ташлашини уюштирган. Кейинги йил иш ташлашни ташкиллаштиргани, унга ўзи бошчилик қилгани учун яна 5 йилга озодликда маҳрум қилинган. 1963 йил Мандела қайта судга тортилган. Бу сафар у ва 10 нафар АМК етакчилари сиёсий жиноятлари, хусусан, иш ташлаш уюштиргани учун умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Мандела 27 йиллик (1962 йил ноябридан 1990 йил февралига қадар) тутқунлигининг 18 йилини Роббен оролида ўтказганди. Бу ерда у сил касаллигини юқтириб олганди. Шундай бўлса ҳам, қамоқдаги пайтида сиртқи дастурлар орқали Лондон университетидан юридик бакалавр дипломини олган.
Қамалганига қарамай, Мандела қора танлилар ҳаракатининг рамзи бўлиб қолаверди ва уни озод қилиш учун халқаро кампания бошланган. Бу қўллаб-қувватлашлар натижасида Мандела халқаро куч ва ҳурматга эга бўлганди.
1982 йилда Мандела ва бошқа АМК етакчилари гўёки ЖAP ҳукумати билан алоқани таъминлаш учун Поллсмур қамоқхонасига кўчирилган. Собиқ ЖAP разведка ходими Гордон Винтернинг хотираларига кўра, Жанубий Африка ҳукумати кўчириш пайтида Манделани йўқ қилиш учун унинг қочиб кетишини ташкил қилмоқчи бўлган, бироқ режа Британия махсус хизматлари томонидан барбод қилинган.
1985 йили президент Питер Бота Манделага қуролли курашдан воз кечиш эвазига озодликни таклиф этди, аммо у бу таклифни қатъиян рад этганди.
Изоҳ (1)
Ассалому алайкум. Илова яхши ишламаяпти...