Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) воситачилигида Россия ва Украина 5 февраль куни “150 га 150” форматида асирлар алмашди. Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленский хабар берди.
“Бугун ҳаммамиз учун яхши кун. Россия асирлигидан 150 нафар ҳимоячимизни қайтаряпмиз. Булар аскарлар, сержантлар ва зобитлардир. Мариупол ва Запорижжя вилоятларида асирга тушган ҳарбий-денгиз кучлари, ҳаво кучлари, десант-ҳужум ва қуруқликдаги қўшинлар аскарлари, миллий гвардиячилар, чегарачилар, мудофаа кучлари, шунингдек, полициячи”, деб ёзди Зеленский ўзининг Telegram каналида.
Россия Мудофаа вазирлиги ҳам йил бошида Украина билан энг йирик асирлар алмашинуви бўлганини тасдиқлади. Ҳозирги вақтда россиялик ҳарбийлар Беларусь ҳудудида экани маълум қилинди.
Киев ва Москва ўртасидаги олдинги асирлар алмашинуви 15 январь куни “25 га 25” формуласи бўйича амалга оширилган эди. Бу жараёнда БАА ҳам воситачилик қилди.
Зеленский: Урушда 45 минг украиналик ҳарбий ҳалок бўлди
Украина президенти 4 февраль куни британиялик журналист Пирс Морганга берган интервьюсида Россияга қарши урушда 45100 га яқин украиналик ҳарбий ҳалок бўлганини маълум қилди. Бундан ташқари, Украина ҳимоячиларининг 390 мингга яқини яралангани қайд этилган. Зеленскийнинг тушунтиришича, жароҳатланганлар сони ярадор бўлганлар сонидан кўпроқ, чунки “яраланган, кейин эса жанг майдонига қайтиб, яна жароҳат олган одамлар бор”.
Унинг сўзларига кўра, Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини давомида 350 мингга яқин россиялик ҳалок бўлган, яна 600-700 минг киши яраланган.
Зеленский 2024 йил 12 декабрь куни Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Инга Курск вилоятида асирга олинган КХДР аскарларини Россиядаги украиналик ҳарбийларга алмаштиришни таклиф этганди. Пхеньян Зеленскийнинг таклифига ҳамон жавоб бермаган.
Изоҳ (0)