Россия президенти Владимир Путин рус армияси Курск вилоятини бутунлай озод қилганини айтди. У Украина Қуролли кучлари босқинидан деярли тўққиз ой ўтгач якунланган Курск операциясида иштирок этган ҳарбийларни табриклади.

Бутун шахсий таркибни, барча жангчи ва командирларни ушбу муваффақият, ғалаба билан табриклайман. Кўрсатган жасоратингиз, қаҳрамонлигингиз, ватанимиз ва Россия халқига хизмат қилганингиз учун ташаккур билдираман, деди Путин.
Россия раҳбари Украина қўшинларининг Курскдаги “тўлиқ мағлубияти” рус армиясига “фронтнинг энг муҳим участкаларида” муваффақиятли ҳаракатланишда аҳамиятли эканини таъкидлади.
Украина Қуролли кучлари Курск вилоятида жанговар ҳаракатлар якунлангани ҳақидаги маълумотларни рад этди.
Украина Мудофаа кучларининг Курскдаги мудофаа операцияси давом этмоқда. Оператив вазият мураккаб, аммо бўлинмаларимиз позицияларни ушлаб туришда ва вазифаларни бажаришда давом этмоқда, дейилади хабарда.
DeepState лойиҳаси таҳлилчилари Курск вилоятидаги жанглар ҳақида хабар берди.
Рус ҳарбийлари Курскда олдинга силжиди, хусусан, аҳоли яшайдиган Горнални деярли тўлиқ эгаллади ва Олешни ҳудудида олдинга силжиди, дейилади хабарда.
Курск вилоятидаги жанглар 2024 йил 6 августда бошланган. Ўшанда Украина Қуролли кучлари бўлинмалари Россия давлат чегарасини кесиб ўтиб, бир неча кун ичида ҳудуднинг қарийб 1300 квадрат километр ҳудудини эгаллаб олган.
Путин бир неча бор Мудофаа вазирлигини фаолроқ ҳаракат қилишга ва Украина қўшинларини вилоятдан чиқариб юборишга чақирган. Ушбу вазифани бажариш учун Москва кенг кўламли қарши ҳужум операциясини бошлаган. Унинг доирасида, The New York Times маълумотларига кўра, 50 мингдан ортиқ ҳарбий, жумладан, Шимолий Кореядан юборилган бўлинмалар жалб қилинган.
Бироқ шунчалик катта кучга эга бўлишига қарамай, рус армиясининг олдинга силжиши жуда секин кечган. Бундан ташқари, Шимолий Корея контингенти катта йўқотишларга учраган ва фронт чизиғидан чиқиб кетишга мажбур бўлган. Узоқ давом этган жанглар ва сезиларли ютуқларнинг йўқлиги фонида Путин 2025 йил январида Курск вилоятидаги вазият ҳақида оммага гапиришни тўхтатганди.
Изоҳ (0)