Туркиянинг Муғла шаҳри Ятағон туманидаги қадимги Стратоника шаҳрида олиб борилган қазишмалар чоғида 2 минг йил аввал яшаган қизнинг саркофаги топилди. Бу ҳақда Anadolu агентлиги хабар бермоқда.

Таъкидланишича, ЮНЕСКОнинг дастлабки Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган, “гладиаторлар шаҳри” сифатида танилган, шунингдек, дунёдаги энг йирик мармар шаҳарлардан бири бўлган Стратоникада 1977 йилдан буён турли қазишмалар олиб борилмоқда. Қазишмалар давомида Эллинистик, Рим ва Византия даврлари, шунингдек, Ментеше беклиги, Усмонийлар ва республика даврлари учун муҳим аҳамиятга эга бўлган қадимий шаҳарда янги ашёвий далиллар топилмоқда ва тарихий бинолар қайта тикланмоқда.
“Олиб борилган қазишмалар пайтида биз Некрополдан (шаҳар қабристони) олиб келинган 2 минг йил аввалги қизлар гулчамбари (мевалар, гуллар ва барглардан ясалган гулчамбар) бор саркофагни топдик”, дейди Стратоника ва Лагина қазишмалар қўмитаси раҳбари, профессор Билол Сёгут.
Олимнинг таъкидлашича, саркофаг қадимги шаҳарнинг саркофаглар тўпламидаги энг гўзал намуна ҳисобланади. Шаҳарда қадимда саркофаглар ясалгани ва ҳатто бошқа жойларга етказиб берилгани ҳақида маълумотлар бор.

Саркофагнинг бурчакларида қўчқорларнинг бошлари, ўрта қисмларида Эрос (қадимда севги худоси, бола қиёфасида тасвирланган) ва буқаларнинг бошлари жойлашган.
“Бу саркофаг қизлар тасвирланган намуналар орасида энг яхши намуналардан бири бўлиб, унда биз шаклларнинг хилма-хиллигини ҳам, санасини ҳам аниқроқ белгилай оламиз. Айниқса, бизнинг Стратоникада олиб бораётган ишимизда бу энг чиройли қайиқсимон саркофаг ҳисобланади. Аслида ҳар бир қазилма биз учун янги ашёвий далил бўлиши мумкин”, дейди Билол Сёгут.
Профессор таъкидлашича, саркофаг атрофидаги тасвирлар орқали тахминан икки минг йил олдинги бойлик, ҳашамат ва улуғворликни кўриш мумкин.
“Бу ерда тахминан икки минг йил олдинги бойлик, ҳашамат ва улуғворликни кўриш мумкин. Ўсимликлар тўқ рангли ва ёрқин. Бурчакларда қўчқорларнинг бошлари, уларнинг атрофида ғўзалар, узум ва зайтун барглари, анор тасвирланган. Бурчаклардаги қўчқорларнинг бошларига қараб, ўша даврнинг бойлиги ва ҳашаматини англаш мумкин”, деди олим.
Топилган ушбу саркофаг бошқа шунга ўхшаш экспонатлар жойлашган ҳудудда намойиш этилади ва шаҳарга ташриф буюрувчилар уни кўриб чиқишлари мумкин бўлади.
Олимлар Гизадаги машҳур Миср эҳромлари остида жойлашган “улкан ерости шаҳри”ни топгани хабар берилганди.
Археологлар Қоҳира жанубидаги Саққара ҳудудида олиб борган қазишмалари давомида Қадимги подшолик даврига оид фиръавн Пепи II’нинг табиби мақбарасини топганди. Шунингдек, ушбу ҳудудда археологик тадқиқотлар олиб бораётганда фиръавн Усеркафнинг вориси қабрини топгани ма`лум қилинганди.
Изоҳ (0)