Миср ва Жанубий Корея 100 тагача FА-50 ўқув-ҳужумкор самолётлари бўйича битимга яқин турибди. Музокаралар якуний босқичга етиб келди. Бу ҳақда Мисрнинг Сеулдаги элчиси Холид Абдулраҳмон маълум қилди.
Дипломатга кўра, келишув технологиялар трансферини ҳам ўз ичига олади. Ишлаб чиқарувчи Коrеа Aerospace Industries (КAI) вакили эса ушбу битим Миср авиация саноатини ривожлантиришини таъкидлади. У, шунингдек, мазкур қадам Жанубий Кореянинг Африка ва Яқин Шарқ мамлакатлари билан алоқаларини мустаҳкамлашини қўшимча қилди.
FА-50 авиация тилида “енгил жанговар самолёт” деб аталади. Бундай номни у асосан ўқув машғулотларига мослангани, бироқ қуруқлик ва ҳаво нишонларига ҳам зарба бера олиши сабаб олган. Корейс қирувчиси Қўшма Штатларнинг F-16 самолёти билан 70 фоизгача ўхшашликка эга. Миср уларнинг ёрдами билан ўз инвентарида мавжуд эскириб бораётган Alpha Jet ва К-8E ўқув самолётлари паркини янгилаши мумкин.
Маълум қилинишича, Миср дастлаб тахминан 1 миллиард долларга 36 та самолёт харид қилади. Бироқ келгусида уларнинг умумий сонини 100 тага етказилиши мумкин. Агар битим тўлиқ амалга ошса, самолётларнинг тахминан 70 таси Қоҳира яқинидаги Ҳелван шаҳрида йиғилади.
Қоҳира ва Сеул ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик FА-50 билангина билан чекланмайди. 2016 йилда Миср президенти Абдул Фаттоҳ ас-Сиси ҳамда Жанубий Кореянинг ўша пайтдаги раҳбари Мун Чже Ин ҳарбий ва савдо алоқаларини чуқурлаштириш бўйича стратегик битим имзолаганди.

Шундан сўнг, аниқроғи 2017 йили Жанубий Корея Миср денгиз кучларига “иккинчи қўл” Поҳанг синфидаги корвет совға қилди. 2023 йилда эса қиймати 1,66 миллиард долларлик ҳарбий шартнома имзоланди. Унга мувофиқ Қоҳира 216 дона Ҳанwҳа К9 ўзиюрар гаубитсаси, номаълум миқдордаги К10 ўқ-дори таъминот машиналари ҳамда 51 та К11 ўт очишни бошқариш техникаларини сотиб олди.
FА-50 самолётларининг хариди тўғрисида айнан ҳозир эълон қилинаётгани тасодиф эмас. 2025 йилда Миср ва Жанубий Корея ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги нишонланади. Икки давлат иқтисодий ва ҳарбий алоқаларни, айниқса сўнгги йилларда, сезиларли даражада мустаҳкамлади.
Миср расмийлари Жанубий Кореяни сифати Ғарб қуролларидан кам бўлмаган, бироқ анча арзон муқобилларни етказиб берадиган таъминотчи ўлароқ кўрмоқда. Корея томони эса Мисрни инвестициялар учун улкан потенциал ва Яқин Шарқ ҳамда Шимолий Африкага кириш эшиги сифатида баҳоламоқда.
Изоҳ (0)