9 май куни Ўзбекистон телеканалларида Иккинчи жаҳон урушида беш фарзандини йўқотган ўзбек аёли Зулфия Зокированинг тақдирига бағишланган «Илҳақ» фильми премьераси бўлиб ўтди. Мақолада Эльдар Асанов ушбу фильм ҳақида фикр юритади.
Урушлар инсоният тарихидаги қонли доғлардир. Миллионлаб инсонларнинг ёстиғини қуритган, ўн миллионларнинг тақдирини синдирган, бутун бошли халқларни, давлатларни йўқ қилган, тарихни терс буриб юборган бундай жанг-жадаллар ниманинг номига амалга оширилмасин, нима билан оқланмасин, барибир улкан фожиалигича қолади. Урушга сабаб бўлган ҳеч қандай муқаддас мақсад, мажбурият инсон жонидан қадрлироқ бўлолмайди.
Уруш баъзи кичик ижобий натижаларни ҳам беради. Масалан, бошига тушган коллектив кулфатдан тўғри хулосалар қилган инсоният тинчликни қадрлашни ўрганиши, дўстона алоқалар қуришга интилиши шулар жумласидандир. Шунингдек, урушлар баъзида санъатда кескин ўсишга сабаб бўлади. Уруш фожиаларини кўрган, даҳшатли вайроналиклар ва ғайриинсоний ваҳшийликни кўрган одамларнинг ҳиссиётлари жунбушга келади, кучли ҳиссиёт эса қаергадир тўкиб-сочилиши лозим. Кимдир ҳиссиётларини енга олмай, умр бўйи уруш даҳшатларидан онгини қутқаролмайди ва ҳаётининг қолган қисмини миясидаги жинларга қарши олишиб ўтказади; кимдир спортга зўр беради; кимдир урушсиз яшай олмай қолади; кимдир хайрияга, тинчлик сиёсатига муккасидан кетади; кимдир эса санъат асарлари ёрдамида уруш яраларини даволайди.
Шунинг учун бўлса керак, урушлардан сўнг одатда санъатда кескин услубий ва тематик бурилишлар рўй беради, конкрет бир уруш воқеаларига ва эҳтиросларига бағишланган асарлар урчийди. Бу ўринда биз санъатни амалий аҳамиятга эга бўлмаган соҳа деб ҳисоблайдиганлар қай даражада янглишишини кўрамиз. Санъат тарих эмоцияларини муҳрлашга (фактларини фан муҳрлайди), одамларнинг яраларини даволашга, уларга умид беришга, тинчлик ва биродарликни онгларга сингдиришга, инсонлар қалбида рўй берган ўзгаришларни акс эттиришга хизмат қилади. XVII аср тарихчилари таъкидлагандек, Ўттиз йиллик урушдан сўнг Европа мусиқаси чуқурлашиб, мулойимлашиб кетганини, ҳис-туйғу шиорбозлик ва кўтаринкилик устидан ғалаба қозонгани бежиз эмас.
Бир қарашда кўпроқ ривожланган, кўпроқ инсонийлашган ХХ аср аслида геноцидлар ва урушлар асри бўлди. Инсоният тарихидаги энг жирканч идеологиялар ХХ асрда чўққисига чиқди. Уларнинг қўли билан инсоният тарихидаги энг қонли, энг қаттол урушлар – иккита жаҳон уруши бўлиб ўтди. Бу икки уруш инсониятни қай даражада ўзгартиргани ҳақида сўз юритардим-у, аммо шунақасиям мавзудан узоқлашиб кетдим. Бу икки уруш санъатга ўтказган таъсирига тўхталаман.
Икки жаҳон уруши рассомчиликда, бадиий адабиётда, кинода, мусиқада туб бурилиш ясади. Ҳар икки уруш атрофида минглаб асарлардан иборат санъат корпуси юзага келди ва бу корпус бугунги кунга қадар кенгайишда давом этмоқда – уруш тарих ўлчамлари бўйича яқиндагина рўй берди, унинг яралари ҳали оғриқ бермоқда. Жаҳон урушлари ҳақида шедевр фильмлар суратга олинди, шедевр китоблар ёзилди.
Ўзбекистон халқи ҳам, Иккинчи жаҳон урушининг бевосита иштирокчиси сифатида, ўз фожиаларига, ўз яраларига эга. Бу яралар билан боғлиқ туйғулар ўзбек санъатида бугунги кунга қадар акс этиб келмоқда. Ўзбек санъати ҳам уруш ҳақида ўлмас шедеврлар яратган. Ишонмасангиз, «Сен етим эмассан» шеърини ўқинг, шу номли кинони кўринг.
Охирги йилларда Иккинчи жаҳон уруши мавзуси яна актуаллашди, янги кинолар юзага кела бошлади. Улардан энг узоқ кутилгани, том маънода илҳақ қилгани «Илҳақ» фильми эди. Кеча, 9 май куни Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов муаллифлигидаги ушбу фильм премьераси Ўзбекистоннинг кўпчилик телеканалларида бўлиб ўтди. Қаранг, коронавирус пандемияси фильм тақдирида ҳам маълум даражада акс этди: у катта экранларга етиб боролмади.
Фильм мавзусини баён этишим ортиқча бўлса керак – аввал бошидан у қайси воқеаларга бағишланиши ва қандай қаҳрамонларни олиб чиқиши маълум эди. Урушда беш фарзандини йўқотган ўзбек аёли Зулфия Зокирова – бундай тугун маҳоратли ижодкорлар қўлида жаҳон кинематографини бойитадиган дурдона асарга айланиши турган гап эди. Шунга ўхшаш тарихий воқеа негизига қурилган буюк «Оддий аскар Райанни қутқариш» кинокартинаси бунга яхши мисол.
Ўзбек киноси ўз шедеврига эга бўлдими? Фильмдан кутган нарсамизни олдикми? Майли, ўз номимдан гапирай. Фильмдан кутган нарсамни олдимми?
Кейинги пайтларда ўзбек киносига жуда кўп аванс берадиган бўлиб қолдик. Бизга тақдим этилаётган ишларнинг кўпгина жиҳатларида яққол камчиликлар кўзга ташланса-да, ўзбек кинематографидаги умумий ўзгаришдан, долзарб мавзуларга қўл урилаётганидан, олдинлари муаллифлик киносига айланиб қолган давлат буюртмасига сифат кириб қолганидан, маъноли фильмлар хонтахтани сиқиб чиқараётганидан хурсанд бўлиб, «майли, бошланишига ёмон эмас» дейишга ўрганиб қолдик. Қолаверса, кино – коллектив ижод тури, сифатли маҳсулот чиқиши жуда кўп мутахассисларга, омилларга ва молиявий таъминотга боғлиқ. Яхши кадрлар, яхши ғоялар ва пул камлигини билганимиз учун ҳам киночиларимизни тўғри тушунишга ҳаракат қиламиз ва раҳмат айтамиз. Лекин бу аванс бир кун келиб тугайди. «Илҳақ»қа келиб у тугадими ёки ҳали вақт борми? Ҳали киночиларимизга вақт беришимиз керакми? Буни аниқ билмайман. Аниқ билмаганим учун ҳам кескин танқид қилмайман.
Фильм томошабинларга манзур бўлди (Facebook’даги муносабатлар ва каналимдаги сўровнома натижаларига қараганда). Менимча ҳам “Илҳақ” – сифатли, кўрса бўладиган ва ҳатто кўриш керак бўлган кино. Лекин ундан кўнглим тўлмади. Кўпроқ нарса кутган эдим.
Бу хулосага келишимнинг сабабларини бирма-бир кўриб чиқаман. Нишонимда – фильм сюжетининг қурилиши.
Қаҳрамоннинг ўлимига нега йиғлаймиз?
«Илҳақ» реал тарихий воқеани анчайин ҳаққоний ва савияли кўрсатиб беролган. Лекин бу санъатнинг бирламчи вазифаси эмас. Тарихий воқеани ҳаққоний кўрсатиб беришни ҳужжатли фильм ҳам, илмий-оммабоп баён ҳам, илмий тадқиқот ҳам эплайди. Санъатга қўйиладиган асосий (ягона эмас) талаб – воқеа атрофидаги туйғуларни, одамларнинг эмоцияларини очиб бериш, воқеадан ибрат кўрсатиш. Керак бўлса, айрим ижодкорлар тарихий воқеага мутлақо бошқа ракурсдан ёндашиши, кутилмаган хулоса ва ечимларни бериши лозим. Замонамизнинг энг машҳур режиссёрларидан иккитаси охирги йилларда Иккинчи жаҳон уруши ҳақида шунақа ноодатий шедеврларни суратга олди – «Шарафсиз разиллар» (Квентин Тарантино) ва «Дюнкерк» (Кристофер Нолан).Ўзбек киносидан бундай оригиналликни талаб қилишга ҳали эртадир. Лекин кино энг камида томошабин диққатини ушлаб туриши, унинг туйғуларини қўзғатиши лозим. Кинематографда буни бажаришнинг умумқабул қилинган услуб ва принциплари мавжуд.
Кино диққатимизни 1,5 ё 2 соат ушлаб туриши учун нима қилиши керак? Энг бирламчи талаб – қаҳрамонларни томошабинга яхшилаб таништириш, улар орасида ҳиссий контакт ўрнатиш. Фильм давомида томошабин қаҳрамонни яхшилаб билиб олиши, унинг мотивларини тушуниши, уни кўпдан бери танийдигандай ҳис этиши керак. Шундагина томошабин қаҳрамоннинг ўлимидан ёки бошига тушган бошқа кулфатдан таъсирланади.
Менимча, «Илҳақ» фильмининг асосий камчиликларидан бири шунда. У тарихий воқеанинг ҳужжатли баёнини беради, лекин бу баён фақат фактлар билан жуда яхши таниш, Зулфия Зокирова ва ўғилларининг тақдиридан яхши хабардор одамнигина таъсирлантириши мумкин. Орадан юз йил ўтди дейлик. Иккинчи жаҳон уруши оқибатлари билан юзлашмаган, тирик гувоҳларини кўрмаган, воқеадан бехабар томошабин бу фильмдан илҳом оладими?
Шундай қилиб, «Илҳақ» биздан воқеадан хабардор бўлишни ва қаҳрамонлар қисматидан ачинишни талаб қилади, лекин ачинишимиз учун ҳеч нарса қилмайди, уларнинг қалбини, шахсиятини бизга очиб бермайди. Шахсан мен беш ўғлоннинг ўлимидан таъсирланмадим. Улар яхшироқ таништирилса, балки уларга ачинган, ўлмасликларини кинодан ёлвориб сўраган бўлардим, Зулфия опага қўшилиб йиғлаган бўлардим. «Яшил миля» фильмида Жон Коффи ўлимига йиғлаганимдек. Буюк кино томошабинни шундай аҳволга олиб келиши керак. Яхши ўрнаклар ўзимизда ҳам бор. Шуҳрат Аббосовнинг «Сен етим эмассан» фильмини эсланг. Асраб олинган болаларнинг ҳар бири ўзгача қиёфага, характерга эга, барини эслаб қоламиз, бир-бири билан чалкаштирмаймиз, ҳар бирига куйинамиз. Афсус, беш ака-ука бу даражада қалбдан жой олмайди.
Нега «Илҳақ» бизга қаҳрамонларини «сота» олмади? Асосий сабабларидан бири, назаримда, фильм экспозицияси қисқалигидадир. 2 соат 16 дақиқалик фильмининг 19-дақиқасида бахтиёр қаҳрамонларга уруш дараги етиб келади. 19 дақиқа ичида биз бўлажак уруш қурбонларини яхшилаб таниб олишга улгурмаймиз, шу боис уларнинг ўлими ҳам бизда ортиқча ҳиссиёт уйғотмайди. Яна бир жиҳати – уларнинг фронтдаги ҳаёти ҳам кўрсатилмайди. Фақат ўлим саҳналарини кўрамиз. Персонажларга кўпроқ экран вақти ажратилса, ҳар бирининг сюжет аркаси ишлаб чиқилса, уларнинг ўлими таъсирлироқ чиқарди. Экспозиция қандай бўлишига мисол қилиб «Истеъдодли жаноб Рипли» (1 соат 20 дақиқа) ва «Хайтарма» (48 дақиқа) фильмларини кўрсатган бўлардим.
Бу сўзларимга жавобан фильм ижодкорлари «Бу бизнинг нуқтаи назаримиз, уларнинг ўлимини эмас, онасининг ҳиссиётларига урғу бердик» дея эътироз билдиришлари мумкин. Шундан келиб чиқиб, кейинги масалага ўтаман.
Бош планда – бош қаҳрамон
Қўлимизда тайёр сюжет тугуни турибди. Она беш фарзандини урушга юборади. Фарзандларининг ҳеч бири қайтиб келмайди. Бир қарашда бари оддийдек, экранда нимани кўрсатиш тайиндек. Аслида бу тугунни ғоявий ва техник тўлдириш санъаткордан фантазия, билим, ижодкорлик талаб қилади. Фильм воқеани турли ракурслардан, турли қаҳрамонлар нуқтаи назаридан кўрсатиши мумкин, у ёки бу қаҳрамоннинг туйғуларига кўпроқ урғу бериши мумкин, сюжетни ҳар хил қуриш мумкин. Дейлик, воқеаларни бир бошидан баён этиш мумкин; фақат қишлоқдаги воқеаларни кўрсатиш мумкин; қишлоқни ва фронтни навбатма-навбат кўрсатиш мумкин; воқеалар кетма-кетлигини ўзгартириш, масалан, баённи ўртадан бошлаш мумкин; фақат онанинг туйғуларига урғу бериш мумкин; ака-укалардан биригагина урғу бериш мумкин; хуллас, йўл-йўриқ кўп.Охирги йилларда уруш ҳақида чиқарилган ўзбек фильмларидан қурилиши менга энг маъқул тушгани «Берлин – Оққўрғон» бўлди. Бир неча замон ва маконда бўлаётган воқеалар бир неча қаҳрамон нуқтаи назаридан кўрсатилиб, охирида барча сюжет чизиқлари усталик билан боғлаб юборилган. «Илҳақ»дан ҳам мана шундай ночизиқли сюжет кутгандим, шунга балки кўнглим тўлмагандир.
Менга қолса, асосий урғуни Зулфия ая ролига берган бўлардим. Олис қишлоқда яшаб, минглаб километр нарида жигарининг парчаларини йўқотаётган мушфиқ она образи фильм марказида турса, унинг нигоҳлари, туйғулари кўпроқ йирик планда кўрсатилса, образ фильм охирига қадар ўзгариб, ривожланиб борса – одатий яшаб юрган аёл бировнинг урушида фарзандларини йўқотиб, ҳаёт фожиаси қаддини букиб қўйган, лекин синдира олмаган мард қаҳрамонга айланса, картина туйғуларни жунбушга келтириши мумкин эди.Фронт ҳаётини кўпроқ кўрсатиш, Зулфия аянинг ўғилларига урғу бериш, ҳар бирининг ўлимини фожиали эпизодга айлантириш ҳам жуда яхши приём бўларди. Севган қаҳрамонинг ўлишини биласан, лекин бунинг олдини ололмайсан, навбатдаги ака-уканинг ўлимини маҳкум этилган одамдай кутасан. Мана шундай ҳиссиёт кутган эдим «Илҳақ»дан.
Лекин картинада нафақат Зулфия ая ва унинг фарзандларидан ташқари, уларнинг атрофидаги одамларга – турмуш ўртоқларига, дўстларига, ёрларига, уларнинг қариндошларига, қишлоқ раисига, почтачига, қишлоқдошларга кўп эътибор қаратилган. Натижада бош қаҳрамонлар ҳам ўзини кўрсатиш етарли вақтга эга бўлмаган, иккиламчи персонажларнинг ҳам анчагина очилмай қолиб кетган. Жуда яхши мисол: ака-укалардан бири – Муҳаммаджон (Фотиҳ Насимов) дўсти Зурабнинг ўлимидан таъсирланиб, ўзини ақлсизларча ажал домига ташлайди. Юқорида айтганимиздек, фильмнинг бош қаҳрамонлари бўлмиш ака-укалар қалбимиздан жой олиб улгурмай ўлиб кетди – уларнинг ўзига хосликларини, мотивларини, феъл-атворини билмаймиз. Кўпчилик ҳатто уларнинг исмларини эслаб қолганига шубҳам бор. Зураб эса улардан ёмон аҳволда – бир-икки дақиқагина кўрсатилди. Бу образнинг ҳалокати нега бош қаҳрамонлардан бирини бу қадар жунбушга келтирди, буни тушунмай қолдик. Қаҳрамон ўзини қурбон қилиши асоссиздай туюлди. Эсда қоларли, таъсирли ва яхши асосланган ўлим саҳналаридан «Қарғалар учса қарайлик»ни айтиб ўзини қурбон қилган Аҳмаджонни (Искандар Элмуродов) ёдга олиш мумкин.
Бир қаҳрамонга эмас, бутун даврга, катта жамоага бағишланган асарлар одатда эпопея жанрида бўлади. Лекин «Илҳақ» ижодкорлари эпопея яратишга уринган деб ўйламайман. Фабулани қандай режалаштиришган ва нимани кўрсатишга интилишган – буни аниқ билмайман, лекин режалари етарлича самара бермади. Менимча.
Яна нималар ёқди, нималар ёқмади?
Фильмни ҳар томонлама таҳлилдан ўтказиш жуда кўп вақт, саҳифа ва меҳнат талаб қилади. Бундай чуқур таҳлилни жуда яхши кўраман, лекин ушбу мақола формати қисқаликни тақозо этади – бу илмий матн эмас, кенг оммага мўлжалланган қисқа тақриз. Шу боис «Илҳақ»нинг қолган жиҳатларига қисқача тўхталаман.- Юқорида кўриб чиқилган камчиликларга қарамай, картина маълум даражада томошабинга таъсир қила олади, айниқса биринчи кўришда. Бунга эришиш учун муаллифлар уруш ҳақидаги фильмларда кенг тарқалган клишеларга – қолип образлар ва ситуацияларга мурожаат қилган. Мисоллар – бурч ва манфаат ўртасида қолиб кетган раис, қора хат олиб келаверишдан жигар-бағри эзилиб кетган почтачи, бу почтачини уриб аламини олаётган аёллар, бешафқат ҳарбийлар, урушдан қочиб юрган ёшлар. Бу клишеларни уруш ҳақида асарларда жуда кўп учратганмиз. Улар бир марталик эмоционал таъсир ўтказа олади, лекин ёдда қолиб кетмайди, асарнинг оригиналлигини туширади. Яна «Сен етим эмассан»га қайтамиз – унда ажойиб, эсда қолиб кетадиган ноёб эпизодлар ниҳоятда кўп. Умуман, «Сен етим эмассан» ўзбек кинематографида уруш ҳақидаги фильмларнинг олтин стандартини шу қадар юқорига кўтариб юборганки, унга етиш тугул у билан қиёсдан қочиш жуда қийин.
- Ўзбек киносида операторлар иши кўпдан буён мақтовга сазовор бўлиб келмоқда. «Илҳақ»да ҳам операторлар ажойиб ишлагани кўриниб турибди. Кадр сифатли чиққан, фильмнинг маромини яхши бошқарган, шунингдек, совет киносининг кадрига ўхшатма қилинган жойлар бор – худди классик кино кўраётгандай бўласиз. Бу билан операторлар совет даврини жонлироқ кўрсатишга уринган бўлса керак. Чамамда, фильмга йирик ва деталли планлар етишмаган – бу қаҳрамонларнинг характерини очиб беришга, экранда ўзига хос атмосфера яратишга хизмат қилган бўларди.
- Актёрларнинг прототипларга ташқи ўхшашлигига урғу берилган. Умуман олганда, актёрлар ролларини яхши ижро этган, кучли ишлар бор, лекин бир талай образлар очилмай қолган (масалан, Йигитали Мамажонов ижросидаги Шокир ва Райҳона Асадова ижросидаги Зулайҳо роллари). Ҳаммага экран вақти етмагани ёки сценарийдаги камчиликлар бунга сабаб бўлган бўлса керак. Дейлик, раис (Тоҳир Саидов), почтачи Чори (Раҳматилла Қурбонов) ва раиснинг ўғли Мелс (Баҳодир Аҳмедов) персонажлари жуда яхши жонлантириб берилган, лекин Зулфия аядан (Дилором Каримова) фавқулодда перформанс ва «Биттасиям қайтиб келмади-я»дан кўра кучлироқ финал кутган эдим. Фотиҳ Насимов доимгидек кучли ўйнаган, аммо унинг қаҳрамони ҳам йирик планлар ва экран вақти камлигидан азият чеккан.
- Саунд-треклар чиройли ва таъсирли чиққан, ўринли ишлатилган, лекин улар ҳам ривожланмай қолган. Мусиқа шунчаки фон эмас, у драматизмни кучайтиришга, персонажлар феъл-атворини очиб беришга хизмат қилади. Кинога хулосаловчи фожиали мусиқа етишмаган. Уруш тематикасидаги ўзбек киноларида саунд-трек билан ишлашнинг жуда яхши намунаси – Зулфиқор Мусоқовнинг «Берлин – Оққўрғон» фильми.
- Постановка сифатли, сунъий эпизодлар деярли кўрмадим, фақат Исоқжонни (Илҳом Содиқов) ва Ваҳобжонни (Ҳусан Рашидов) қатл этган фашист зобити Туркистонни бунчалик яхши билиши-ю, икки ака-ука ўлимидан олдин бир ерда учрашиб қолгани (ва фашистлар уларнинг ака-ука эканини билиши) нотабиийдек кўринди.
- Тарихий муҳит жуда яхши жонлантирилган. Балки қандайдир нуқсонлар бордир, биринчи кўришда уларни пайқамадим. Бундан яққол кўзга ташланадиган хатолар йўқ деган хулосага келдим. Фонда кўпроқ радио янграса, экранда кўпроқ уруш атрибутлари, фахрийлар, плакатлар кўринса, манзара янада жонлироқ бўларди.
«Илҳақ»нинг яна бир шубҳасиз ютуқларидан бири у СССР пропагандасига айланиб қолмаганидадир. Иккинчи жаҳон уруши воқеалари ортиқ даражада сиёсийлаштириб юборилаётган бугунги замонда бу мавзуга сиёсатни қўшмай қўл уриш жуда қийин бўлиб қолди – ёндашувингиз албатта у ёки бу томонга ёқмайди. Жаҳонгир Аҳмедов баёнда холисликни сақлаган, доҳийларнинг манфаатлари тўқнашувида қолиб кетиб қурбон бўлган, тақдири синган оддий одамларни яхши кўрсатиб бера олган. Фильм урушнинг ёмонлигини ва бешафқатлигини, урушга баҳона қилиб кўрсатиладиган идеаллар тинч турмушимизни бузишга ва жонимизни қурбон қилишимизга арзимаслигини кўрсатиб берган – шу боис охирида раиснинг кўзи очилди, шу боис урушда ўлиб кетишни хоҳламаган Мелсни салбий образ ҳисобламайман, унинг мотивларини тушунаман.
Фильмдан олган хулосам қуйидагича. Кеча укангнинг тўйида рақс тушаётган эдинг, эртага эса ўзинг танимайдиган одамларга қарши қурол кўтариб, уларнинг қуролидан жувонмарг бўлишинг мумкин. Инсон ҳаёти бузилиб кетиши нақадар осонлиги, сиз-у биз каби одамлар кимларнингдир ўйламай қўйилган имзоси-ю, аллакимларнинг манфаатлари йўлида бекордан-бекор жувонмарг бўлиши, бу уларнинг яқинларига мислсиз азоб бериши мумкинлигидан дарак беради бу фильм. «Илҳақ»ни энг камида мана шу хулоса учун ҳам кўриш керак.
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.
Изоҳ (0)