«Авлоний» фильмининг намойиши бошланганига анча бўлди. Фильм муҳокамаларга сабаб бўлди, ОАВда ва блогосферада у билан боғлиқ масалалар ёритилди. Билдирилган фикрлар орасида танқидийлари ҳам анчагина. Танқидлар ҳар қанча асосли бўлмасин, фикримча, бу фильмни кўриш керак. Имкон қадар кўпроқ томошабин унга тушиши лозим. Шунинг учун, муҳокамалар бироз тинчиганидан фойдаланиб, уни ўқувчиларга ва кино мухлисларига яна бир бор эслатиб қўйишга қарор қилдим. Нега бу фильмни кўпроқ одам кўриши керак деб ҳисоблайман? Буни қуйида тушунтиришга ҳаракат қиламан.
Эслатма: тақризда спойлерлар бор.
Бир ижобий тенденцияни қайд этиб ўтай. Узоқ йиллар ўзбек кинематографи тарихий мавзуга яқинлашмади. Оловли тошлар ўрнига чарм ғилдириклар ёқилгани билан эсда қолган «Буюк Амир Темур» сериали, ярим афсонавий, ярим тарихий фильмлардан сўнг ё киночилар ўтмиш мавзусига қўл уришга қўрқиб қолди, ё давлат уларга бюджет ажратмай қўйди.
Охирги икки йил ичида тарихий мавзуга қизиқиш қайта тирилди. Тўртта йирик тарихий картина суратга олинди: «Исломхўжа», «Берлин – Оққўрғон», «Қўқон шамоли», «Авлоний». «Қўқон шамоли» ҳали кенг оммага тақдим этилмади. «Авлоний» ва айниқса «Исломхўжа» кўп танқидларга учради. Шунга қарамай, юқорида санаб ўтилган фильмлар ўзбек кинематографи учун ўзига хос туртки бўлиб хизмат қилади деб ўйлайман.
Биринчидан, тарихий фильмларга яна пул ажратила бошланди. Қисқа муддатда тўрт-беш лойиҳага катта маблағ ажратилганини инобатга олсак, бундай фильмлар кўпайиб боришига умид қилса бўлади.
Иккинчидан, танқидларга қарамай, янги тарихий фильмлар олдингилардан тубдан фарқ қилади: улар – чинакам тарихий фильм. «Марғиёна», «Алпомиш» ва бошқа эски тарихий-афсонавий киноларни эсланг. Уларда тарихий контекст орқа фон бўлиб хизмат қилади: қаҳрамонлар замона руҳини акс эттирмайди, экранда V аср бўлса ҳам, XVI аср бўлса ҳам, одамлар бир хил кийинади, бир хил шаҳарларда, уйларда яшайди; қўпол қилиб айтганда, Тўмарис ҳам, Амир Темур ҳам бир хил қиличдан, бир хил ўқ-ёйдан фойдаланади. Менимча, эски фильмлар олинганида киночилар деталларга умуман эътибор қаратмаган (балки имконияти бўлмагандир), омборхонада бор кийим-кечак, қурол-яроғ ва антураждан фойдаланган.
Янги тарихий фильмлар эса замонасини акс эттиряпти. «Қўқон шамоли» билан «Авлоний»да мутлақо бошқа давр, бошқа локация, бошқа либос, бошқа дунёқараш кўрсатиб берилган. Яъни, мавжуд камчиликларга қарамай, ўзбек тарихий киноси янги сифат босқичига кўтарилди.
Ниҳоят, фильм ижодкорлари тарихий ҳужжатлар билан ишлаяпти, профессионал тарихчиларни сценарийнависликка ва маслаҳатчиликка жалб этяпти, фактларни, воқеаларни, замон қиёфасини синчиклаб ўрганяпти, даврга чуқурроқ назар ташлашга уриняпти. Бир сўз билан айтганда, интеллектуал кино пайдо бўляпти.
Шундай қилиб, юқоридаги сабабларга кўра тарихий кино оёққа тура бошлаганини ижобий ҳодиса деб баҳолайман. Албатта, бу экранларга чиқаётган тарихий фильмларни танқид қилмаслик керак дегани эмас. Хато-камчиликларни кўрсатиш лозим – бусиз соҳа ривожланмайди. Мен ҳам «Авлоний»нинг ютуқ ва камчиликларини кўрсатиб ўтаман.
Сюжет
Фильм таниқли маърифатпарвар Абдулла Авлоний ҳаётида рўй берган реал воқеа – Афғонистонга сафар тафсилотларига бағишланади. Узоқ давом этган, саргузашт ва хавф-хатарга бой бу сафар ҳақида Авлоний саёҳатнома ёзиб қолдирган. Унинг асосида, ўз навбатида, Тоҳир Малик «Қалдирғоч» номли қисса яратган. Фильм сценарийси шу қиссага асосланади.
Афғонистоннинг ислоҳотчи амири – Омонуллахон (Ҳамза Ҳасанов) ташқи сиёсатда Буюк Британия билан мувозанат ҳосил қилиш мақсадида СССРга мурожаат этади. СССР, табиийки, Афғонистонга кириш имкониятини қўлдан бой бермай, дарҳол Николай Бравин (Аброр Йўлдошев) бошчилигида дипломатик миссия ҳозирлайди. Кутилмаганда миссияга маҳаллий аҳоли вакили – шоир Абдулла «Авлоний» Миравлонов (Алишер Йўлдошев) иккинчи элчи сифатида киритилади. Бундан кўзланган мақсад Афғонистон халқини тушунадиган, маҳаллий тилларни, шарт-шароитни биладиган зиёли ва айни пайтда большевикларга содиқ одамга эга бўлиш эди. Авлоний рози бўлади ва миссия билан бирга йўлга чиқади. Аммо дипломатик сафар кўплаб қийинчиликларга дуч келади. Туркман босмачиларининг оломонидан тортиб идеологик душманнинг махфий агентигача – фильмда ҳаммаси бор.
Айни пайтда Самарқанддан Британия билан иттифоқ тузган қадимчилар Афғонистонга Мирҳомидбой (Муҳаммадали Абдуқундузов) раҳнамолигида ўз делегациясини юборади. Қадимчилар большевиклардан олдин етиб бориш учун қўлидан келган ҳамма ишни қилади. Қайси миссия биринчи бўлиб Омонуллахон қабулига етиб бориши минтақа геосиёсатини тубдан ўзгартириб юбориши мумкин. Шу боис томонлар қон тўкишдан ҳам тоймайди.
Тинч-тотув ҳаётга ўрганган шоир ва педагог Авлоний мураккаб сиёсий ўйинлар ичига кириб қолади ва ўзгаришга мажбур бўлади.
Постановка ва режиссура
Картина Авлоний большевиклар билан ҳамкорлик қилган даврни ёритади. Компартия ғояларига ишонч билдириб, шу асосда минтақа келажагини қуришга умид қилган маърифатпарвар узоқ иккиланишдан сўнг принципларидан воз кечиб, сиёсатга бош суқади. Большевиклар билан ҳамкорлик тажрибаси, хусусан, Афғонистонга сафар унинг ҳафсаласини пир қилади. Авлоний қайтиб сиёсатга аралашмай, қолган умрини ижодга бағишлайди.
Фильм режиссёри Музаффархон Эркинов мана шу жараённи – Авлонийдаги эврилишни, унинг атрофида кечаётган сиёсий интригаларни очиб беришга уринади. У бунинг уддасидан қай даражада чиқади?
Фильмнинг шубҳасиз ютуғи унинг кенг миқёсли ва кўп чизиқли эканидадир. Ғояни очиб бериш учун режиссёр Туркистон, Бухоро, Афғонистон шаҳарларини деталларигача чизиб беради: Тошкент, Самарқанд, Кобул, Ҳирот манзаралари бир-биридан сезиларли фарқ қилади, ҳаттоки Ҳиротнинг машҳур тарихий обидалари ва шаҳар атрофидаги тоғлар ҳаққоний кўрсатилади. Шаҳарлар, қишлоқлар, давр одамларининг турмуш тарзи кўз олдимизда гавдаланади, тасаввур уйғонади.
Бундан ташқари, қаҳрамонларининг либосига, ўзини тутишига, сиёсий қарашларига эътибор берилади. Дейлик, миссия раҳбари Николай Бравин аслида большевик эмас, тажрибали дипломат сифатида улар билан ҳамкорлик қилади. Менимча, баъзи режиссёрлар бу тафсилот томошабинга қизиқ бўлмайди деган хаёлда уни ташлаб кетган бўларди.
Балки режиссёр шундай деталларга, сиёсий суҳбатларга кўп эътибор қаратгани учун фильм бироз сокин, зерикарли динамикага эгадир? Ҳарқалай, мендан олдинги тақризчилар шунга яқин фикрларни айтди. Менга келсак, буни фильмнинг камчилиги деб ҳисобламайман, айни пайтда бу ўртастатистик томошабинни кинога жалб этишни қийинлаштиришини тан оламан.
Кино муаллифлари жуда кўп меҳнат қилгани, тарихий детализация, қаҳрамонларнинг таржимаи ҳоли устида узоқ ишлагани кўриниб турибди. Шунга қарамай, кўзланган ғоя тўла очиб берилмаган. Бу, менимча, режиссурадан ташқари, сценарий, актёрлар ижроси ва монтаждаги нуқсонларга боғлиқ.
Ижро
Фильм баёнида мувозанат бузилгандай: миссия иштирокчилари бўлмиш Николай Бравин, Вениамин Зибаров (Анвар Картаев), Валентина Синелникова (Диана Шерезданова) ўртасидаги диалогларга жуда катта ўрин берилган, баъзан улар Абдулла Авлонийни четга суриб чиқариб қўяди ҳатто. Флешбэклар ва йирик планларгина ким бош қаҳрамонлигини эслатиб туради.
Кастингда актёрларнинг тарихий прототипларга ўхшашлигига жуда катта эътибор берилган: Авлоний, Омонуллахон ва бошқа қаҳрамонларнинг ташқи қиёфаси тарихий суратлардан чиқиб келгандек гўё. Лекин баъзи ўринларда ташқи ўхшашлик ижро маҳорати етишмаслигини компенсация қила олмаган.
Алишер Йўлдошев Абдулла Авлоний қиёфасини жуда яхши жонлантирган, лекин характерини очиб беришда оқсаган. Очиғи, «Авлоний»га қаратилган танқидларнинг катта қисми бош қаҳрамон билан боғлиқ: Авлоний воқеаларнинг пассив иштирокчиси бўлиб қолгани, уларга ҳеч қандай таъсир ўтказа олмагани бот-бот таъкидланди.
Буни режиссёр ҳам яхши тушунган кўринади: баъзи ўринларда Авлонийнинг сюжетдаги аҳамиятини баҳоли қудрат ошириш учун ортиқча, ишонарсиз эпизодлар қўшилган. Катта дипломатлар турганида оддий шоир миссиядаги сотқинни топиш ишларида фаол қатнашади, асирларни сўроқ қилади, қонли тўқнашувларда қатнашади.
Бу, албатта, Авлонийнинг сюжетдаги аҳамиятини кутилганичалик ошириб қўймаган, лекин гап бошқа ёқда: реал воқеаларда ҳам Авлоний жуда фаол бўлмаган, кўпроқ кузатган. Сюжет фокусини фаолроқ образлардан бош қаҳрамон ҳисобланмиш пассив шоирга кўчириш учун, назаримда, уни кўпроқ «югуртириш» керак эмасди. Бошқа режиссёрлик приёмларидан фойдаланиш мумкин эди. Авлонийни тўлақонли кузатувчига айлантириб, диққатни унинг кузатувларига кўчириш мумкин эди. Шунчаки воқеаларни кузатиб, улар ҳақидаги хулосаларини томошабинга етказиб турадиган бош қаҳрамонларни жаҳон киносида кўп учратиш мумкин.
«Авлоний»да флешбэкларга қайта-қайта мурожаат этилган. Улар ёрдамида қаҳрамон ҳаётидаги энг муҳим воқеалар кўрсатиб берилган: мактаби қадимчилар томонидан тошбўрон қилиниши, илк театр намойиши, Мунавварқори (Акмал Мирзо) билан суҳбатлар. Флешбэклардан унумлироқ фойдаланиб, Авлоний ким бўлганини, қандай қилиб большевиклар билан ҳамкорликка келганини очиб бериш мумкин эди. Бу унинг образини янада жонлантирар эди.
Яна бир масала. Фильм аввало Авлонийни яхши танийдиган ўзбек аудиториясига мўлжалланган. Авлоний ким, нега у ҳақда фильм олиняпти – бу саволларга жавоб берилмайди. Картина бошқа давлатларда намойиш этилса, бундай саволлар туғилиши муқаррар. Флешбэклардан фойдаланиб, йўл-йўлакай унинг шахсини очиб кетиш мумкин эди.
Ниҳоят, учинчи, энг мураккаб, лекин энг самарали приём: маҳоратли актёр мимикаси билан, хатти-ҳаракатлари билан Авлонийнинг характерини, воқеалар ривожи асносида унда бўлаётган ўзгаришларни очиб бера оларди. Алишер Йўлдошев ҳаракат қилади, лекин у қўллаган приём – икки қўли билан бирор нарсага суяниб, букчайганча ғазабланиш – керакли натижани бермайди. Авлонийдаги эврилишларни нигоҳлари айтиб туриши керак эди. Буни, афсуски, кўрмадим.
Бунинг ўрнини тўлдириш ҳаракатида ижодкорлар сценарий бурилишларидан фойдаланади, лекин улар ҳам ишонарсиз: Авлоний асл ҳақиқатни билиб қолиши ва «кўзи очилиши» учун икки марта «тасодифан» миссиядошларининг суҳбатини эшитиб қолади. «Тасодифан» кимларнингдир суҳбатини эшитиб қолиш – сийқаси чиқиб кетган приём, у томошабинни ҳайрон қолдирмайди; «тасодиф»ларни ишонарли чиқариш ҳам осон эмас. Бу саҳналардан воз кечиш, қаҳрамонни ҳақиқатга мураккаброқ йўлдан олиб келиш керак эди.
Операторлик иши
Охирги йилларда чиқаётган ўзбек кинолари қанча маломатга учрамасин, улардаги операторлик иши эътирозга ўрин қолдирмаяпти. Хусусий «хонтахта»ларнинг бир ракурсли съёмкасига-ю, давлат фильмларининг статик кадрига ўрганиб қолган кўзларим янги фильмлардаги йирик планлар, панорамали съёмка ва умумий динамикани кўриб қувнаяпти. «Авлоний»нинг бу жиҳатида жиддий нуқсонлар кўзга ташланмайди.
Бироқ монтажда – кадрлашда, эпизоддан эпизодга ўтишда камчиликлар бор. Бирор саҳна тугаши билан дарҳол экран қорайиб, кейинги саҳна бошланиб кетиши фильмда узуқ-юлуқлик эффектини ҳосил қилган. Фильм фақат вербал диалоглардан иборат эмас. Кино тили деган тушунча бор. Йирик план, умумий план, камера ҳаракати, нигоҳлар – буларнинг бари бирлашиб, диалог очиб беролмайдиган маъно нозикликларини очиб беради, қаҳрамонларни томошабинга яхшироқ танитади. Монтажда йўл қўйилган шошма-шошарлик туфайли фильм мана шундай имкониятдан – кино тили ёрдамида қаҳрамонларини очиб беришдан маҳрум бўлган.
Афғонистон чизиғи
«Авлоний»нинг камчиликларини кўриб чиқдик. Унинг ютуқлари ҳам кўп.
Афғонистон амири Омонуллахон образи ниҳоятда муваффақиятли чиққан: Ҳамза Ҳасанов машҳур афғонистонлик ислоҳотчини жуда ишонарли гавдалантирган. Актёрнинг тарихий прототипга ўхшашлиги ҳақида юқорида ёздим. Ҳамза Ҳасанов ўзига ажратилган саноқли дақиқаларда амирнинг характерини очиб беришга ҳам эришган. Унинг қарашлари, ўзини тутиши, гапириши нозиктаъб, зиёли, чинакам аслзода эканини билдириб туради.
Умуман, сюжетнинг Афғонистон линияси унинг энг муваффақиятли қисми деб ўйлайман. У даврда Афғонистон Марказий Осиёнинг энг йирик ва тез ривожланаётган давлати эди. Буюк Британия билан урушда ғалаба қозонган Афғонистон тепасига келган зиёли ислоҳотчилар, ўзбек хонларидан фарқли равишда, халқаро сиёсатни жуда яхши тушунган. Улар тезкор суръатда ислоҳотлар ўтказилиб, иқтисодий ва техник тараққиётга эришилмаса, янги иқтисодий ҳамкорлар ва янги бозорлар топилмаса, мамлакат Британияга эм бўлишини англаган ва умидини ён қўшниси Россия/СССР билан боғлаган. СССР ва Буюк Британия, ўз навбатида, Афғонистонга жиддий қизиқиш билдириб келган ва у туфайли бир-бири билан баҳслашган. Бу жараёнларни кузатган Омонуллахон ахийри СССР Британиядан қолишмаслигини тушунган, лекин чора кўришга улгурмаган: қадимчилар исёни натижада тахтдан воз кечган, ҳокимият тепасига диний элита билан иттифоқдаги дала қўмондони Ҳабибулло Бачаи Сақо келган.
Қизиғи, Авлонийнинг дипломатик сафаридан роса ўн йил ўтиб, 1929 йили худди ўша йўлдан Қизил армия Афғонистонга бостириб киради. Тарихчиликда яхши ёритилмаган бу биринчи Афғонистон – СССР уруши Омонуллахонга Кремлнинг асл юзини кўрсатган воқеа эди. Орадан яна ярим аср ўтиб, 1979 йилда СССР иккинчи марта Афғонистонга қўшин киритади ва минтақа лидерлигига даъвогар мамлакатни ҳозиргача тинчимаётган уруш ўчоғига айлантириб қўяди.
Афғонистон чизиғини, Омонуллахон ва айниқса унинг қайнотаси – бош ислоҳотчи Маҳмуд Тарзий (Абдуқодиржон Яҳёев) сюжет аркаларини кенгайтириш, ўша пайтдаги Афғонистоннинг Ўрта Осиё учун аҳамиятини очиб бериш, нега Британия ва СССР бу давлат учун талашаётганини кўрсатиб бериш керак эди, менимча. Воқеалар лейтмотиви аслида Авлоний эмас, Афғонистондир. Бунга урғу бериш керак эди. Бу фильмнинг муваффақиятини янада мустаҳкамлар эди.
Қизиқарли фактлар:
- Маҳмуд Тарзий Бухорога келган ва шу ерда Россия билан ҳамкорлик ҳақида ўйлай бошлаган;
- Бухоро амири Олимхон 1920 йили большевиклар ҳужумидан сўнг давлатини ташлаб, Афғонистонга қочиб ўтади. Бу ерда Омонуллахон унга Кобул четидаги Қалъаи Фату қароргоҳини ажратиб, нафақа тайинлайди;
- Афғонистонда Омонуллахон кўрган айрим чоралар бугунги Ўрта Осиё республикаларида такрорланмоқда. Хусусан, Омонуллахон жамоат жойларида диний бош кийими билан юришни тақиқлаган эди. Бир сафар кечки Кобул кўчаларини айланиб юрган амир Олимхонни полиция тўхтатиб, бошидаги салласини ечишни талаб қилади. Ўзини мусулмонлар амири деб билувчи Олимхонни бу жуда ғазаблантиради. Шундан сўнг у Омонуллахонга қарши кайфиятга келади ва Ҳабибулло Бачаи Сақо ҳокимиятини қўллаб-қувватлайди;
- Амир Олимхон 1910 йили тахтга ўтирганида рус магнатларидан бири янги амирга ёқиб, Қарши даштларидан ер олиш илинжида унга машина совға қилади. Аммо динни қаттиқ ушлаган амир «шайтон арава»га минмасликка қарор қилади. Тахминларга қараганда, орадан ўн йил ўтгач, чиройли либосдаги Омонуллахон усти очиқ машинада Кобул кўчаларини кезишини кўрган Олимхон бунга ҳавас қилади. Иккинчи жаҳон урушидан сўнг соғлиғи ёмонлашиб, кўзи кўрмай қолган Олимхон ортиқ Қалъаи Фатудан ташқарига айланишга чиқа олмай қолади. Шунда у Афғонистон ҳукуматидан унга машина олиб беришни сўрайди. Лекин ҳукумат бунга бюджетдан пул ажратмайди.
Мунавварқори Абдурашидхонов образи муваффақиятли чиққан. Унга кам вақт ажратилганига қарамай, Мунавварқорининг салобати, жадидчилик ҳаракатидаги ўрни очиб берилган. Шунинг учун бўлса керак, фильм охирида Мунавварқори қатл этилиши жуда таъсирчан чиққан ва аслида ҳикоянинг омадли якуни бўлган.
Фильм якуни
Фильмнинг тахминан ярмигача динамика паст, бўлаётган воқеалар орасидаги боғлиқлик баъзи ўринларда тушунарсиз. Кейинроқ баён бир маромга тушиб олади ва томошабинни ўзига тортиб кетади. Хулоса ва пролог эса том маънода «Авлоний»нинг қаймоғидир: жуда чиройли, эсда қоладиган мусиқа садолари остида бўлиб ўтган воқеаларнинг хулосалари берилади, қаҳрамонларнинг тақдирига бирма-бир тўхталиб ўтилади. Режиссёр фильмнинг бошидан бери қидираётган ғоя бўртиб чиқиб қолади ва юракларни ларзага солади. Экранда жонлантирилган образларнинг тарихий прототиплари суратлари намойиш этилиши эса ижодкорларнинг оғир меҳнатини яна бир бор эслатиб қўяди.
Фильмнинг якуний қисми кучли бўлиши камчиликларни маскировка қилишнинг ажойиб усулидир. Кўпгина киноларда урғу биринчи дақиқаларга берилади – энг бошидан томошабин диққатини тортиб олиш учун. Лекин хронометраж ўртасидан ўтилгач, аудитория қизиқишини ушлаб туришга ё пул, ё ғоя етмай қолади. Натижада кучли бошланган кино ишонарсиз финалга эга бўлади, бу эса томошабиннинг ҳафсаласини пир қилади. Лекин финал зарбдор бўлса, бу бошидаги камчиликларни ҳам ёпиб кетади ва томошабин «бекорга кинотеатрга тушмабман» деган фикр билан зални тарк этади. «Авлоний»да ана шундай бўлди.
«Авлоний» ва зиёлилар
Ҳар қандай жамиятни олдинга бошлаган, ғоялар катализатори бўлиб хизмат қилган қатлам зиёлилардир. Совет давридаги қатағонларда йўқ қилиб юборилган ўзбек зиёли қатлами ҳалигача жамиятда ўз ўрнини топиб кета олгани йўқ. Шундай экан, табиийки, ўзбек зиёлилари ижтимоий вазифасини бажармаяпти ҳам. Шоирлар, ёзувчилар, тарихчилар, олимларга бефойда «текинхўрлар» сифатида қараш, улар қилаётган ишнинг жамият ва келажак учун аҳамиятини тушунмаслик ўзбек жамиятида кенг тарқалган ҳодисадир. Зиёлиларнинг ночор молиявий аҳволи, қарор қабул қилиш ва ижтимоий онгга таъсир ўтказиш жараёнларидан четга суриб қўйилгани бундай муносабат шаклланишига сабаб бўлган.
«Авлоний»дан сўнг зиёлилар жамиятга не қадар зарурлигини яна бир бор англаймиз. Фильм Авлоний образида миллат тақдирига бефарқ бўлмаган, тарихга таъсир ўтказа оладиган зиёлини намойиш этади бизга. Буни картинанинг энг катта ютуғи деб баҳолайман.
Хулоса
Фильмни «Дарё» формати йўл қўядиган даражада батафсил таҳлил қилишга уриндим. Хулоса қилишни, доимгидай, ўқувчининг ўзига қолдираман. Фақат бир нарсани айтиб ўтишим керак.
«Авлоний»да камчиликлар етарлича; муваффақиятли жиҳатлариям кўп. Ўзбек тарихининг энг муҳим даврларидан бири ҳақида кино олингани, унга жамият учун муҳим ғоялар сингдирилганининг ўзиёқ киночилигимизнинг каттакон ютуғидир. Бу билан камчиликларга кўз юмиш керак демоқчи эмасман: танқид келажакда мева беради. Лекин, нима бўлганда ҳам, «Авлоний»ни кўриш керак. Бир марталик томошадан зериккан, фикр-мушоҳадага муҳтож кино ишқибози ундан ўзига маънавий озуқа ва чиройли хулосалар олади.
Эльдар Асанов
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.
Изоҳ (0)