Куни кеча «Ибрат» тарихий фильмининг премьераси бўлиб ўтди. Фильмни биринчилар қаторида томоша қилган тадқиқотчи ва блогер Эльдар Асанов уни ҳар томонлама таҳлил қилиб, ўз хулосаларини айтиб ўтади.
Шундай фильмлар бўлади, уларни томоша қилиб, ижобий баҳолайсиз, лекин ич-ичингизда нимадандир қониқмайсиз. Ғоя, сюжет, актёрлар перформанси, техник тарафлар – бир қарашда бари юқори даражада, яққол кўзга ташланадиган камчилик йўқдай; аммо қандайдир кўзга кўринмас нуқсон борки, у кинони мукаммал деб баҳолай олмайсиз; нимадандир кўнглингиз тўлмайди, қайсидир фикр, қайсидир сюжет чизиғи чала қолиб кетгандай туюлаверади.
Узоқ кутилган, 1 октябрь куни катта премьераси бўлиб ўтган «Ибрат» картинаси менда ана шундай таассурот қолдирди. Фильмни қизиқиб томоша қилдим. Томошадан сўнг, одатдагидай, ҳиссиётга берилиб кетмаслик учун ўзимга озроқ вақт бердим – экранда кўрганларимни ақлим ҳазм қилиб олсин, асарнинг ютуқ ва камчиликларини кўрсатиб бера олсин деб. Лекин барибир баҳолашда қийналдим. Унинг кўп жиҳати ёққани билан, нимасидир камдай туюлди. Нимаси камлигини қуйидаги таҳлилда аниқлаштиришга ҳаракат қиламан.
Фавқулодда шахснинг фавқулодда ҳаёти
Фильм таниқли маърифатпарвар Исҳоқхон Тўра Ибратнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланади.Ибрат XIX аср иккинчи ярми ва ХХ аср бошида фаолият юритган жадидлар ичида энг кам шуҳрат топганларидан бири бўлса керак. Ваҳоланки, Ибрат ажойиб ҳаёт кечирган фавқулодда ноёб шахсдир. Ўзбек тарихчилиги ва оммавий маданияти ҳалигача уни яхшилаб ўрганиб, асл баҳосини бера олмаган. Туркистондай олис, чекка, қолоқ ўлканинг чекка қишлоғида туғилиб ўсган бу инсонни ўз даври учун ғаройиб тақдир эгаси ҳисоблаш мумкин: 25 ёшлигида Ҳажга сафарга чиқиб кетган ўсмир тўққиз йил давомида бутун дунёни кезади, Яқин Шарқни, Усмонли салтанатини, Мисрни, Европани, Эронни, Ҳиндистонни кўради; тўққиз йил ичида шунча саргузаштни бошидан кечириб, бир олам билим тўплаб, 34 ёшли айни кучга тўлган бўз йигит бўлиб ўз қишлоғига қайтади. Тўққиз йил ичида бутун дунёни кезиб чиқиб, турфа давлатларни, халқларни, маданиятларни кўрган, дунёнинг энг йирик кутубхоналарида бўлган, Европа ва Осиё тилларини эшитган ва ўзлаштирган одам у пайтлари Туркистон тугул маданиятли олам учун ҳам камёб ҳодиса эди. Ҳатто бугунги коммуникация асрида ҳар ким бунча ўлкани айланиб, бунча билимга эга бўлолмайди. 150 йил олдин Фарғона водийсининг бир четдида Ғарбнинг марказий шаҳарларида яшаган, йигирмата тилни у ёки бу даражада биладиган, тилшунослик ва тарихчиликни ўз даврининг энг илғор олимлари даражасида биладиган инсонни учратиш қишлоғидан нарига камдан-кам чиқадиган содда маҳаллий аҳолинигина эмас, русларни ҳам ҳайратлантирар эди.
Афсуски, бугунги ўзбек фани тарихнинг бу жиҳатларини кенгроқ ёритишга, одамларни яқин ўтмишнинг буюк шахслари билан яқиндан таништиришга, реал қиёфаларни очиб беришга етарли эътибор бермаяпти. Узоқ ўтмишга кучли диққат, минг йиллик, уч минг йиллик илдизларни қидириш иштиёқи бугунги кунимиз учун юз карра муҳимроқ аҳамиятга эга бўлган яқин тарихни ўрганиш ишларига салбий таъсир кўрсатмоқда – яқин ўтмиш муносиб баҳони ва керакли эътиборни қозона олмаяпти. Мактаб дарсликларида беш-олти сатрдагина таърифлаб кетиладиган Фитрат, Файзулла Хўжаев, Чўлпон, Ибрат сингари яқин ўтмиш арбобларининг асл фаолияти, асл аҳамияти кўпчиликка нотаниш бўлиб қоляпти: ўзбек ёшлари кўп ҳолларда уларни бутун ҳаёти давомида ижод қилиб, бир нарсалар ёзиб қолдирган, лекин оламшумул иш қилмаган ижодкорлар деб ўйлайди. Ваҳоланки, тилга олинган шахслар туркистонликлар ҳаётини ўзгартирган, модернизацияни бошлаб берган, бугунимизни белгилаб берган инсонлар эди.
Хусусан, Ибрат Туркистоннинг чекка ҳудудига Европа маданиятининг илғор топилмаларини олиб кирган, мактаб ташкил этиб, қишлоғидан бошқа жойни кўрмаган содда болаларга энг замонавий билимларни етказган, типография ташкил этган, дарсликлар яратган, илмий тадқиқотлар ўтказган, юзлаб одамларнинг тақдирига таъсир ўтказган маданият арбоби эди. Ҳатто бугун баъзилар инглиз тилини ўрганолмай қийналиб юрганида Ибрат бундан 150 йил муқаддам Байронни ўзбек тилига таржима қилгани ҳайратланарли фактдир.
«Ибрат»нинг асосий ютуғи шундаки, у мана шундай образни гавдалантира олган, Ибрат шахсиятини очиб берган. Томошабин фильм воқеаларини кузатиш асносида Ибрат шахси билан яқиндан танишади, у амалга оширган ишларни кўради, картинанинг умумий кайфияти эса бу ишларнинг ўз даври учун аҳамияти қай даражада катталигини билдириб туради.
Шундай қилиб, картина асосий мақсадига эриша олган – ўзбек томошабинига Ибрат шахсини кенг миқёсда кўрсатиб бера олган. Энди бояги масалага қайтсак. Ибратнинг таржимаи ҳолига, у яшаган замона руҳиятига ҳурмат билан, деталларга эътибор билан, юқори савияда ишланган фильмнинг нимаси қониқарсиз?
Узоқ ўйлаб келган хулосам қуйидагича: назаримда, фильмга муаллиф қараши етишмаган.
Баён ва ижодий ёндашув
Бирор тарихий шахснинг таржимаи ҳолини бутун тафсилотлари билан реконструкция қилиш ҳужжатли фильмлар ёки ҳужжатли китоблар зиммасидаги вазифа ҳисобланади. Бадиий фильм ва бадиий китоб эса таржимаи ҳолга бошқачароқ, ижодий ёндашиши, унинг қайсидир жиҳатига кўпроқ урғу бериши, воқеалар замирига ғоя сингдириши лозим. Зеро бадиий ижоднинг асосий вазифаси тарихий фактларни тўлақонли кўрсатиб бериш эмас, улар ортидаги эмоцияларни ўрганиш, улар орқали ўқувчига ёки томошабинга эстетик завқ, ҳиссиёт, тафаккур учун озуқа беришдир.«Ибрат»да бунга уриниш мавжуд: бош қаҳрамоннинг ҳаёт йўли икки сюжет чизиғига бўлиб, икки даврга ажратиб кўрсатилади. Бир томондан, биз ёш, билимга чанқоқ Ибрат бошқа ўлкаларга боришини, қайтганидан сўнг рус ҳукумати қўйган тўсиқларни енгиб ўтиб, мақсади йўлида курашишини кузатамиз. Бу сюжет чизиғига параллель равишда 75 га кирган, умрининг асосий қисмини яшаб бўлган, ҳаётий тажриба ва тўплаган билимлари туфайли атрофидаги одамлардан бир поғона юқорида турган донишманд нуронийнинг ҳибсга олиниши ва сўроққа тутилишига гувоҳ бўламиз.
Аммо бундай ёндашув етарли бўлмаган – фильм барибир Ибрат босиб ўтган йўлнинг баёнидан иборат бўлиб қолган. Менимча, икки чизиқдан бирига кўпроқ урғу бериш керак эди. Икки чизиқ ҳам битта тарихий шахснинг ҳаётини акс эттирса-да, кинематограф нуқтаи назаридан бу иккиси икки алоҳида образ, икки алоҳида сюжет аркасидир. Икки чизиқда Ибрат ролини икки алоҳида актёр ижро этгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди. Шундай экан, ҳар бир сюжет аркасини қуришда ёритилаётган воқеаларнинг лейтмотивидан, қолаверса, бош ролни гавдалантираётган актёрларнинг истеъдодидан унумли фойдаланиш керак эди.
Актёрлар ижроси
Ёш Ибрат образини жонлантирган Фарҳод Маҳмудов, шубҳасиз, истеъдодли актёрдир; унинг ижросидаги Ибрат жонли ва ҳаққоний чиққан. Муҳими, у узоқ йиллар дунё кезган маърифатпарварнинг эволюциясини яхши намойиш этиб бера олган. Ёш, бироз ҳовлиқма, тажрибасиз йигит юртига ўзини босиб олган, тажрибали эркак бўлиб қайтишини очиб берган.Лекин тан олиш керакки, кекса Ибрат ролидаги Саидкомил Умаров ёши каттароқ, тажрибалироқ актёр сифатида фавқулодда образ ярата олган. Кекса Ибрат ҳатто нигоҳи билан уни сўроқ қилаётган НКВД зобитларидан маънан устунлигини намоён этиб туради. Унинг ўзига ишонч билан, вазмин гапириши узун ҳаёти давомида кўп нарсани кўрган тажрибали донишмандга хос чиққан. Мен Саидкомил Умаров ижросидаги Ибратдан тўймадим – унинг қарашларини, нимтабассумини кўпроқ кўришни, залворли сўзларини кўпроқ эшитишни хоҳлардим. Назаримда, картинада унга етарли вақт ажратилмаган, унинг характерини очиб берувчи, нигоҳларини акс эттирувчи макропланлар этишмаган.
Фикримча, асар сюжетини кекса Ибрат атрофига қуриб, ёшликдаги саргузаштлари унинг тилидан ва нуқтаи назаридан ҳикоя қилинса, балки бу фильмга қўшимча бадиийят, қўшимча ижодий ғоя бағишлар эди. Кекса Ибратни кўпроқ кузатган ва эшитган томошабин унга кўпроқ ачинар, фильм якунида қамоққа олиб кетилаётган бу кишига ачиниш туяр эди. Кинематографда образга нисбатан томошабиннинг ачинишини, туйғуларини уйғотиш актёрлик ва режиссура чўққиси ҳисобланади: агар мухлис сиз яратган образга ачинмаса, унга қўшилиб хурсанд бўлмаса, унга қўшилиб йиғламаса, унинг тақдирига бефарқ бўлса, демак, образ мухлиснинг қалбидан жой ололмаган. Афсуски, картина якунида Ибрат Андижонга олиб кетилишида ҳамма томошабин ҳам унга ачинмайди – кекса Ибратга ажратилган экран вақти давомида у томошабинга қадрдон бўлиб улгурмайди.
Шунингдек, сўроқ жараёни кўпроқ кўрсатилса, айбловнинг моҳияти очиб берилса, биз Карим Мирҳодиев ижросидаги майор Мирҳодиев нега ошини ошаб, ёшини яшаб бўлган чол учун ўз келажагидан воз кечганини тушуниб олардик. Олдида бирор жиддий қийинчилик кўринмаётган, давлат душманларига қарши курашиб ўрганиб қолган, бу йўлда катта лавозимларга кўтарилган тажрибали чекист нима сабабдан ҳис-туйғуга берилди, нима сабабдан ўз жонини хавфга қўйиб, Ибратни оқлайдиган ҳукм чиқарди – бу номаълумлигича қолган. Аслида бу жуда яхши интрига ва қўшимча бадиий бўёқ бўлар эди. Бу тугунни ечишда икки ўта тажрибали актёр – Карим Мирҳодиев ва Саидкомил Умаров тандемининг харизмасидан тўла фойдаланилмаган.
Диққатга сазовор образлардан яна Наливкин (Сергей Генкин) ва Остроумовларни (Игорь Золотовицкий) эслаб ўтиш жоиз. Маҳоратли россиялик актёрлар ўзларига ажратилган дақиқаларни самарали сарфлаб, эсда қоларли образларни ярата олган. Қолаверса, бу икки шарқшунос олимнинг сюжетга таъсир кўрсатувчи шахслар сифатида баёнга киритилиши илм-фаннинг, гуманитар соҳанинг жамиятдаги ўрнини кўрсатиб берган. Улар орқали биз Ибрат, Наливкин, Остроумов сингари олимлар ва педагоглар 150 йил олдинги Туркистонда муҳим ўрин тутганини, ижтимоий ва маданий трансформацияда бевосита қатнашганини тушуниб оламиз. Бу, албатта, бугунги жамиятимизда олимларнинг, айниқса гуманитарийларнинг, педагогларнинг ўрни қай даражада пастлиги билан контраст ҳосил қилиб, томошабинни ўйга толдиради.
Қолган образлар ё вақт камлигидан, ё ўзига хосликлари устида алоҳида ишланмаганидан унча кўзга ташланмайди. Актёрлар ролларини яхши ижро этган, лекин юксак маҳоратини кўрсатмаган, ёдда қолиб кетадиган, диққатга сазовор образ яратмаган.
Картинада СССРнинг умумлашма образи ҳам мавжуд. Уни биз СССР вакиллари бўлмиш НКВД чекистлари тимсолида кўрамиз. СССР асарда кўзга кўринмас, лекин қўрқинчли, ғалаба қозониши муқаррар душман сифатида кўрсатилган. СССР бошидаёқ бош қаҳрамонни исканжага олади ва охирида, ҳеч нарсага қарамай, жазолайди.
Муаммо шундаки, СССРга ҳам, ундан олдинги империя ҳукуматига ҳам алоҳида таъриф берилмаган. Фильмда улар борлигини ҳис этиш, асар моҳиятини тушуниш учун махсус тайёргарлик керак, яъни томошабин Россия империяси ҳамда унинг ўрнига келган СССР ҳақида билимга, тасаввурга эга бўлиши лозим. Бу ютуқми, камчиликми – айтиш қийин. Бир тарафдан, бу «Ибрат»нинг замонга ва маконга боғлиқлигини оширади, уни кўриш учун маълум савия талаб этади. Бошқа томондан, фильм минтақа тарихидан бехабар чет эллик томошабинга ёки келажак авлодларга тушунарсиз бўлиб қолиши мумкин.
Атмосфера
«Ибрат»да XIX аср иккинчи ярмидаги Туркистон, Арабистон, Европа, СССРнинг илк йиллари ҳаққоний жонлантирилган. Охирги йилларда «Илҳақ», «Авлоний» каби ўзбек киноларида даврни реконструкция қилиш, декорациялар яратишга жиддий қараб келинаётган эди. «Ибрат» бу масалада янада яхшироқ даражага кўтарилган: декорациялар ишончли, кенг масштабли, сунъийлик кўринмайди, томошабин Туркистон қишлоқларини, Афинани, Искандарияни кўраётганига ишонади.Давр либосларини, маиший ҳаётини тиклашда экспертлар маслаҳатларига мурожаат этилгани билинади: қаҳрамонларнинг кийимлари замонга ва маконга ҳамоҳанг, фотокамералар, граммофонлар эски дизайнда, поездлардаги муҳит ишонарли. «Чернобиль» даражасида бўлмаса ҳам, ҳарқалай, масъулиятли ёндашув яққол кўриниб турибди.
Ибратни ўраб турган оламни бир кадрда тасвирлашга хизмат қилувчи умумий ва узоқ планлар гўзал табиат манзараларини, йирик шаҳарлар профилини очиб берганки, буни картинанинг катта ютуғи сифатида баҳолаш мумкин. Бу кадрлар жуда ёрқин, хотирада қоладиган қилиб ишланган.
Фильм атмосферасини бузган жиҳатлардан бири қаҳрамонлар тилидаги пала-партишликдир. Бир қарасанг, араблар ўзбекча гапиряпти; Арабистонда юрган европаликлар ҳам ўзбекча гапиряпти. «Майли, ижодкорлар барча қаҳрамонларни битта тилда гапиришга қарор қилибди, бу кўп учрайдиган приём», дейишга улгурасан ҳамки, кадрда пайдо бўлган турклар туркча, юнонлар инглизча гапириб қолади. Менимча, буни тартибга солиш керак эди: ё ҳамма бир тилда – ўзбекча гапириши керак, ёки ҳар бир халқ вакилини ўз тилида гапиртириш керак. Иккинчи ёндашув Ибратнинг полиглотлигини очиб беришга хизмат қилган бўларди.
Бир қизиқ факт. Юқорида тилга олиб ўтилган икки рус қаҳрамон – Наливкин ва Остроумов ҳам, бошқалар каби, ўзбек тилида гапиради. Аммо, қолган ажнабий образлардан фарқли равишда, бу тарихий хато эмас: бу икки рус шарқшуноси маҳаллий тилни ўз она тилидек билган. Наливкин ўзбек-рус луғатларини тузгани билан машҳур, Остроумов эса маҳаллий тиллар грамматикасига оид ишлар ёзган, шунингдек, «Туркистон вилоятининг газети»да муҳаррирлик қилган.
Ориентализмдан воз кечаётган ўзбек киноси
«Ибрат»нинг менга маъқул тушган тарафларидан бири унинг ориентализмдан узоқлигидир.Ориентализм, ёки классик шарқшунослик колониал даврнинг мероси ҳисобланади. Европалик колонизатор Шарққа келганида биринчи галда ўзига нотаниш, ғалати, экзотик, қизиқарли туюлган нарсаларга эътибор қилган: гиламлар, қумғонлар, шарқона кийим-кечак, маиший буюмлар ва ҳоказо. Шарқ европаликнинг онгида мана шу нарсалар билан уйғунлашиб тушуниладиган бўлиб қолган. Шу тариқа ориентализм – Шарқнинг ғарблик одам томонидан англаниши концепцияси шаклланган. Ориентализмни ўрганувчи мустамлакачилар фани – ориенталистика ёки шарқшунослик шаклланган.
Шарқ Ғарб колонизаторларининг маданий ва идеологик таъсири остида модерн асрига қадам қўйгач, бу ерда ҳам европача моделлар негизида миллатлар шакллана бошланган. Бу миллатлар ўз символик капитали ўлароқ миллий тарихини, миллий ҳудудини, миллий рамзларини, миллий тилини, миллийлигини акс эттирувчи кийимлари ва моддий маданиятини ҳам яратиши, шакллантириши лозим эди. Шарқнинг аксарият янги миллатлари ғарблик ориенталистлар таъсирида бўлгани боис улар шакллантирган тайёр шаблонлардан фойдаланган. Шунинг учун бўлса керак, бугунги ўзбек зиёлисининг, ҳатто ўзбекнинг ўзини, ўтмишини, маданиятини тушуниши ўта ориенталистикдир. Бир сўз билан айтганда, биз ўтмишимизга ва бугунимизга Ғарб, бизнинг мисолимизда Россия нуқтаи назаридан қарашга ўрганиб қолганмиз.
Кўп мақтовларга сазовор бўлган, баъзи халқаро танловларда ғалаба қозонган ўзбек фильми – «Иссиқ нон» менга хуш келмаганининг асосий сабаби у тўлиғича ориенталистик шаблонларга қурилганидир. Бадиий ютуқларини эътироф этган ҳолда, айтишим керакки, бундай ёндашув аллақачон актуаллигини йўқотган ва нари борса совет маданияти ихлосмандларида носталгия уйғотиши мумкин.
Ўзбек киноси ориентализмдан узоқлашмоқда. Охирги тарихий фильмларда ўтмишга Шарқ одами кўзи билан қаралаётгани, шунга яраша ракурслар ва ёндашувлар ўзгараётгани, шубҳасиз, ижобий ҳолатдир. Бу ўзига хос муҳитни ва қадриятлар тизимини шакллантириш имконини беради.
Хулоса
«Ибрат»нинг ютуқ ва камчиликлари мавзусини яна узоқ давом эттириш мумкин. Майда нуқсонлар кўп: қаердадир қаҳрамоннинг мотивацияси, хатти-ҳаракатлари ишончсиз чиққан (айтайлик, Ибрат нуқул таклиф этилган пулдан воз кечиши, Мирҳодиевнинг ўзгариб қолиши), қаердадир актёр истеъдоди етишмаган, қаердадир сюжет компонентлари яхши боғланмаган, маиший ва маданий атрибутларда майда хатоларга йўл қўйилган (масалан, бир қаҳрамон араб хатидаги китобни тескари томондан варақлайди), баъзи сюжет бурилишлари клишелардан чиқиб кета олмаган (муллалар мактабни ёқиб юбориши), баъзи конфликтлар ниҳоясига етказилмаган (ўша муллаларнинг баёндан йўқ бўлиб қолиши).Аслида бир пайтнинг ўзида ҳам маънили, ҳам томошабоп, кенг оммага ёқадиган кино олишни эплайдиган режиссёрлар дунё миқёсида ҳам бармоқ билан санагудек. Хоҳ Голливудда бўлсин, хоҳ Ўзбекистонда, фильмларнинг аксарияти ё маънили, лекин зерикарли, ё томошабоп, лекин маънисиз чиқишга маҳкум. Шундай экан, балки ўзбек киносидан буни кутишга ҳали эртадир?
Бу саволнинг жавобини билмайман. Бироқ хулоса ўрнида бир нарсани айтишим мумкин: Ибратдай шахслар ҳақида фильмлар суратга олинаётгани жуда яхши тенденция. Суратга олинганда ҳам, олдингидай, умри битта кичик муҳитда ўтадиган нуқсонсиз мутафаккир ҳақида арзон фильм ишланмаган; қиммат, кенг кўламли картина яратилган, муҳими, Ибрат шахси нуқсонсиз, мукаммал қилиб тасвирланмаган, камчиликлардан холи бўлмаган оддий инсон сифатида жонлантирилган.
Ибрат том маънода бугунги авлодларга ибрат бўла оладиган тарихий шахсдир. У ва у кабиларга эътибор қаратилиши, улар катта экранга олиб чиқилиши ўзбек томошабинини ўз тарихига яқинлаштиради, у ўтмишида фақат Жалолиддин Мангуберди, Спитамен каби ярим афсонавий, олис шахслар эмас, ўзига яқин, ўзига тушунарли қиёфалар яшаб ўтганини билиб олади.
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.
Изоҳ (0)