Ўзбек киноси тарихида исми шарифидан кўра фильмлари кўпроқ машҳур бўлган режиссёрлар кўп эмас. Режиссёр ва кинодраматург Зулфиқор Мусоқов яратган киноқаҳрамонлар режиссёрига нисбатан халқ орасида машҳурроқ. Жумладан, Бозорбой ва унинг «ўғли» Абдуллажон, «Осмондаги болалар» — Ҳамдам, Лола, Бахтиёр, «Ватан»даги Бинафша ва Қурбон ўзбек киномухлисларининг севимли қаҳрамонларига айланган. Кинофильм воқелигида яратилган бундай образларнинг характери, ҳаракати ва уларнинг гаплари қисқа вақт ичида халқнинг «ўзиники» бўлиб улгурган. Ижодий фаолиятини собиқ совет даврида, бошқача айтганда, қатъий советча мафкура талаблари асосида бошлаган режиссёрнинг киномухлислари қалбини забт этиш сири нимада? «Дарё» колумнисти Шоҳида Эшонбобоева мазкур саволга жавоб излади.
Зулфиқор Мусоқов – кинорежиссёр, сценарист1958 йил 19 январда Тошкентда туғилган1981 йил Тошкент Давлат театр ва рассомлик олийгоҳининг режиссёрлик факультетини битирган1989 йил Москва ссенаристлар ва режиссёрлар Олий курсини тугатган1999 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланган2006 йил Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби бўлган2016 йилдан Тошкентдаги Focus режиссёрлик курси бадиий раҳбари30 дан ортиқ фильмлар сценарий муаллифи ва режиссёри15 дан ортиқ халқаро кинофестиваллар совриндори
1991—2000 йиллар
Собиқ совет тузумининг емирилиши палласида кўп соҳалар қатори кинода ҳам парокандалик юзага келганди. Кинотеатрлар бўшаб, томошабин ғарб киносига ошуфта бўлган бир пайтда яратилган «Абдуллажон ёхуд Стивен Спилбергга бағишланади» (1991) фильми фавқулодда шов-шув бўлди. Зулфиқор Мусоқов бу фильмдаги ўзига хос кинохандаси ва кинематографик нуқтаи назари билан кўплаб киномухлислар меҳрини қозонди.
Режиссёр ўша пайтда мавжуд бўлган советча киноқолипдан буткул воз кечиб, мустақиллик даври арафасида ижодий фаолиятда вужудга келган умумтушкунлик кайфиятига қарама-қарши бўлган фильм суратга олганди. Фантастик комедия жанридаги мазкур фильм орадан 30 йил ўтса ҳамки, халқнинг энг севимли фильмлари рейтингидан тушгани йўқ. Бунга сабаб кинодраматург Рихсивой Муҳаммаджонов билан ҳамкорликда ёзилган сценарийда гап-сўзлар халқ тилига ниҳоятда яқинлиги, мўъжизавий воқеа ҳикоясида ўзбекча лутф ва ханда устун туриши, актёрлар эса уйдирма воқеликда яшай олганидир...
Бирин-кетин суратга олинган «Бомба» (1995), «Яратганга шукр» (1997), «Кичкина табиб» (1998), «Ойижон» (2000) фильмлари ҳам халқ орасида машҳур бўлди. Кутилмаган сюрпризларга тўла мазкур кинофильмларда икки асосий хусусият ярқ этиб кўзга ташланади. Биринчиси — собиқ совет тузуми тугагач, ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан оғир ўтиш даврида ушбу фильмлар ўз томошабинини сеҳрли мўъжизага ишонтира олди. Унинг кичкина табиби ҳам, япон туристини онасига ўхшатган қизча ҳам ва бошқа киноқаҳрамонлари ҳам Мусоқов киноҳикояларига хос бўлган беғубор, соддадил, айни пайтда кутилмаган сир-синоатлари билан томошабин меҳрини қозонди. Иккинчиси — ўтиш давридаги мураккаб психологик ижодий танглик мазкур фильмларда акс этмаганлигидадир. Ўзининг собиқ совет давлатларидаги айрим ҳамкасбларидан фарқли тарзда режиссёр Мусоқов совет тузумида урф бўлган «халқлар дўстлиги» тамойилларини қораламади. Аксинча режиссёр ўзи улғайиб, камол топган муҳитдаги ўзига хос — барча миллатлар ўзаро ҳамжиҳатлиги принципини деярли ҳар бир асарида намойиш этди.
2002—2021 йиллар
Режиссёрнинг «Осмондаги болалар», «Ватан», «Новда» каби фильмларида авлодлар улғайди. Мазкур фильмлар сценарийсидаги диалоглар мухлислар севган ибораларга айланди. Ҳозирда ўзбек киномухлисларининг ҳар учтасидан бири Зулфиқор Мусоқов суратга олган фильмлардан камида иккитасини кўрганини айтади. Бироқ кўплаб мухлислар режиссёрнинг яна бир нечта драматик жанрдаги фильмлари хусусида кўп нарса билмайди. Жумладан, «Ой остидаги ҳовли», «Қўрғошин», «Хазонрезги», «Берлин—Оққўрғон», «Дадам бетоб», «Ҳайрат» каби бир қатор фильмлар фикримизга мисолдир. Қуйида 2000—2021 йиллар оралиғида режиссёр яратган, бироқ кўп сонли томошабинларга бир мунча номаълум бўлган асарлари хусусида тўхталамиз.«Ой остидаги ҳовли» (2008) фильмида рус кишисининг ватан соғинчи, ўзбек халқига бўлган меҳри акс этади. Замон ва макондаги ўзгаришларнинг инсонга боғлиқ эмаслиги, ҳеч бир сиёсат, ижтимоий, маданий, этник ўзгаришлар дўстлик, соғинч, муҳаббат туйғуларини ўчириб юбора олмаслиги ушбу фильмда психологик драма жанрида ёритилган. Рус ва ўзбек миллий характерини ғайритабиий фабула ривожида ёритган сценарийнавис монолог, диалогларни кўпайтирмаган. Аксинча, биргина луқма, кўз қараш, аниқ маънога эга ҳаракат чизиғида фильм ғоясини ёритишга уринган. Ўзбекистонда туғилиб, вояга етган рус йигити характерида ўзбек халқининг азалий қадриятлари сингиб кетганини кўриш мумкин. Мусоқов ижодкор сифатида зўрма-зўраки сюжетлар, сентиментал гап-сўзлардан қочади. Балки энг қисқа, бироқ энг аниқ фикрни сўз ва тасвир уйғунлигида айтишга ҳаракат қилади...
«Хазонрезги» (2015) режиссёр Мусоқовнинг «Ватан» ва «Қўрғошин» фильмлари каби яқин ўтмишнинг унутилмас аччиқ ҳақиқати, урушнинг инсон тақдирига кўрсатган таъсири ҳақида. «Ватан» фильми бош образи каби «Хазонрезги»даги бош қаҳрамоннинг исми ҳам Қурбон. Бунинг негалигини изоҳлашга ҳожат йўқ. Уруш қачон ва қаерда бўлмасин қурбонлар билан уруш. Фильм эпизодларидаги ҳар бир ахборот аниқ ва тугаллиги, юқори визуаллиги, юморга йўғрилган лавҳаларга бойлиги билан асосий ғоя мазмунидан эътибор узилмаслигини таъминлайди. Драматик лавҳалар қанчалик кескин тус олса, унга қарама-қарши юмор шунчалик вазиятни юмшатмоқчи бўлади.
Кутилмаган сирли телефон қўнғироғи оила бошлиғининг (актёр Бахтиёр Раҳимов) кайфиятини бузиши баробарида, дастурхондаги ёқтирган тайёр таоми ўрнига рафиқасига жаҳл қилиб, консервани зўр бериб очишга уринаётган, кейинроқ оёқ остидаги супургини даст кўчага улоқтириб, бировнинг бошини ёрай деган Қурбоннинг бадфеъллигини оширса-да, томошабинда табассум уйғотиб, образга қизиқишни кучайтиради. Сирнинг калити топилгунга қадар Қурбоннинг тонгдан шомгача босиб ўтган ҳаракат чизиғида унга рўбарў келган «бўйи паст, боши кал» Қутбиддинжон ҳам (синглиси Шаҳлога ошиқ йигит), рафиқаси, икки фарзанди бўла туриб, иккинчи хотин орзусида ёнган бойвачча тадбиркор ҳам, Рустамнинг собиқ хотини-ю ва бошқалар ҳам моҳиятга етишни орқага суради, лекин томошабин зерикмайди. Уларнинг ҳар бири бир олам, ҳар бири бош қаҳрамоннинг кимлигини батафсилроқ, мукаммалроқ ёритилишида муҳим юкка эга.
«Дадам бетоб» (2017) Мусоқовнинг «дастхати» яққол акс этган фильмлардан бири. Ўргимчак тўри мисол сюжет чизиқлари мураккаб қурилган мазкур фильмда ҳар бир образ алоҳида ёдда қолади. Бир қарашда бош қаҳрамон Азиза (актриса Феруза Саидова) асосий юкни тортаётгандек кўринади. Лекин ашаддий қотил – Покиза (Юлдуз Ражабова) ва унинг эри Қодиржон (Баҳриддин Абдуллаев)нинг ҳаракат йўналиши фильмнинг бош ғоясини белгилаб беради. Дидактикадан ҳоли фильмда Покиза ва Азизанинг ҳаётга муносабати беихтиёр равишда қиёсланар экан, томошабин бу сирли солиштириш жараёнини сезмайди. Терговчининг (актёр Фарҳод Абдуллаев) образи, турма, она-бола «таксист»ларнинг машинасига ўтирган йўловчилар, касалхона ва бошқа ҳаётий жараёнлар фильм фабуласи майда майда фрагментларга бўлиниб кетганини кўрсатади. Лекин пировардида фильм финалида ҳар бир фрагмент ўз юкига эгалиги оқланади.
«Берлин—Оққўрғон» (2018—2019) картинасида тамомила бошқача ҳикоя услуби танланган. Ундаги фақатгина Мусоқовга хос парча-парча новеллалардан иборат яхлит сюжет чизиғи яратиш услуби — томошабинни фильм бошиданоқ чалғитади. Дедраматизация (ноанъанавий сюжет қурилиши) йўли билан яратилган фильм фабуласида ўзбек қишлоғи — Оққўрғондаги Қўзибой бува билан Гулшода аянинг хотиралари занжирида Иккинчи жаҳон уруши воқеалари ҳам, Россия ва Германия сиёсий ўйинлари ҳам, диктаторлар қиёфаси ҳам жонланган тарих сифатида намоён бўлади. Узуқ-юлуқ фрагментлар ортидан гоҳ Оққўрғонга, гоҳ Берлинга, гоҳ Россияга ўтиб туриш томошабиннинг диққатини жамлашига халақит берса-да, бу замонавий ахборотни қабул қилиш психологиясига хос қисқа ахборотга бўлган эҳтиёжга мослашишдир, деган фикр ҳам хаёлдан ўтади...
«Берлин—Оққўрғон» фильми моҳиятида миллатидан қатъи назар, ҳар бир инсон билиши муҳим бўлган ҳақиқатлар мужассам. Ўзбекнинг деҳқони ҳам, раиси-ю зиёлиси ҳам қатағон балосидан азият чеккан бир вақтда Россияда машҳур театр режиссёри Всеволод Меерхолднинг қамоққа олиниши, рафиқасининг ваҳшийларча ўлдириб кетилиши, айни пайтда германиялик немис Клаус ўз рафиқаси Деборанинг ҳомиладорлигини билса ҳам, қариндошларига қўшиб отиб юбориши (яхудий миллатига мансуб бўлгани учун) ва йиллар ўтиб мўъжиза туфайли омон қолган аёлнинг набираси ўз бобоси Клаусдан ўч олиши лавҳалари гўё ДНК зарралари каби мураккаб парчалардан ташкил топади.
Ҳайратланарлиси шундаки, муаллиф бу парчаларни яхлит фильм фабуласига сингдириб юбора олган ва фильм сўнгида ҳар бир образ, ҳар бир лавҳа, ҳар бир эпизод хотирада қолади. «Берлин—Оққўрғон» фильмида режиссёр ўзигагина хос бўлган ҳикоя услубига содиқ қолади бу — Мусоқов юмори (актёр Бобур Йўлдошев Сталин образида дала шийпонидаги саҳнага чиқиб келганида томошабинлар ҳайрат ва даҳшатдан қотиб қолишлари каби лавҳалар), Мусоқов диалоги (қисқа, мазмунли суҳбатлар ва бехосдан, кутилмаганда актёрларнинг бир-бирига бақириб гапиришлари)...
«Ҳайрат» (2020) фильми 2021 йилнинг январида «Ўзбеккино» Миллий агентлиги биносида журналистлар, блогер, ёзувчи, шоир, режиссёр, талаба ва умуман, зиёли қатламдан иборат бир гуруҳ томошабинларга намойиш этилди. Улар ўзининг фильмдан ҳайратланганини яширмади. «Ҳайрат»да бир неча зиёлининг қиёфаси мавжуд. Бойи ҳам, олибсотари ҳам, курсидагиси ҳам, курсидан узоқ яқини ҳам... Бош қаҳрамон ҳам зиёли, лекин унинг на бойлиги, на курсиси бор. Пул топиши ҳам ўртача ва ҳатто техникага яқинлик ҳам шунга яраша. Сценарийсини машинкада ёзади. Бошқасини билмайди...
«Ҳайрат» фильмида Мусоқов асарларида қисман акс этиб келадиган хусусият янада бўртиброқ намоён бўлган. Оддий тилда мўъжиза, деб таъриф бериш мумкин бўлган бу ҳолат фалсафа тилида нисбийлик назарияси деб аталади. Зотан, бу назарияга кўра, вақт ва макон тушунчаси ажралмасдир. Оддий инсон онгида ўтмиш, бугун ва келажак каби вақт тушунчаси бир-бирига ўрнини бўшатиб берадиган табиий бир ҳол бўлса, «Ҳайрат» фильмидаги сценарийнависнинг онги ва ҳаётидаги содир бўладиган вақт оқимлари бу психологик ҳолатдир.
Иккинчи номи «Алвидо, сценарист» деб аталган бу фильмни режиссёр ижодий мураккаб шароитда суратга олди. Асарнинг илк кўриги бўлиб ўтгач, кўпчилик экранда Мусоқовнинг ҳаётида содир бўлган нохуш воқеаларнинг аксини кўргандек бўлди. Бошқалар инсонга хос ва ҳеч қачон ўзгармас қусур ва фазилатларни кўрганини айтди. Зеро, муҳаббат ва нафрат, садоқат ва хиёнат, рост ва ёлғон — булар инсон зотининг руҳиятига хос хусусият. Қисқа қилиб айтганда, режиссёр мазкур фильми орқали жуда кўп қалбидаги замир фикрларини айта олди, томошабинларни яна бир бор ҳайратга солди...
Хулоса
Зулфиқор Мусоқовнинг айтишича, у 2021 йилда дўстларининг кўмаги билан яна бир фильм суратга олди — «Касаллик тарихи». Бир жойда содир бўладиган воқеа намойишида режиссёрнинг маҳорати яна бир бор намоён бўлади. Хусусан, актёрлар — Отабек Мусаев, Сейдулла Молдахонов, Нигора Каримбоева, Бобур Йўлдошев бир хонада, фақат сўз ёрдамида воқеани англатади — нима бўлганини ҳам, нима бўлаётганини ҳам ва энди нима бўлишини ҳам. Асосан, актёрларнинг ижро маҳорати орқали тушунтирилади. Ҳаммаси осон... Томошабинларга тавсия этамиз.Режиссёр Зулфиқор Мусоқов ижодида реаллик ва сирлилик симбиози устун туради. У ўз асарлари билан кўнгли пок, ризқи ҳалол, қалби меҳрга ошуфта инсонлар ҳақида ҳикоя қилар экан, бир қарашда оддий ва жўн кўринган воқеалар, аслида, мураккаб сюжетлар қоришувида бирикади.
Кинодраматург Рихсибой Муҳаммаджонов, режиссёрлар — Жаҳонгир Қосимов, Баҳодир Одилов, Абдухалил Мигноров, операторлар — Талъат Мансуров, Абдураҳим Исмоилов, Абдувоҳид Ғаниев, Азиз Арзиқулов йиллар давомида ҳамиша унга маслакдош бўлиб келди. Кейинчалик фарзандлари — Тимур ва Мария унинг энг яқин ижодкор дўстлари бўлиб улғайди.
Изоҳ (0)