Наманган, Сирдарё ва Сурхондарё вилоятларида фуқароларни ноқонуний тарзда Саудия Арабистонига зиёратга юборишга уриниш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Жумладан, Наманган шаҳрида яшовчи, 1966 йилда туғилган О.С. маҳаллий фуқаро ҳамда унинг онасини туризм йўналишида фаолият юритувчи МЧЖ орқали 2025 йилги ҳаж мавсумида Саудия Арабистонига фарз амалларини бажариш учун юбориш эвазига 10 минг доллар олган вақтида ушланди.
Шунингдек, Гулистон шаҳрида фаолият юритувчи сайёҳлик фирмаси таъсисчиси Ғ.А. тегишли лицензияга эга бўлмаса ҳам Сирдарё туманида яшовчи фуқаро ва унинг 4 нафар қариндошини умра зиёратига юбориш эвазига 6 минг доллар талаб қилган. Олдиндан 400 доллар ва 1,3 млн сўм олган вақтида ушланган.
Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманидаги сайёҳлик фирмаси ишчиси Д.Р. маҳаллий фуқарони умра амалларини бажариш учун Саудия Арабистонига юбориш эвазига 1100 доллар ва 200 минг сўм олган вақтида ушланди.
Денов шаҳридаги сайёҳлик фирмаси раҳбари Ш.Қ. 1975 йилда туғилган фуқарони умра сафарига юборишни ваъда қилиб, эвазига 1 минг доллар ва 1 млн 280 минг сўм олган вақтида ушланган.
Шу билан бирга, Денов туманида яшовчи 1990 йилда туғилган Х.Н. ўзганинг ишончига кириб, унга ўзи ишлаётган сайёҳлик йўналишидаги МЧЖ орқали умрага бориш учун имтиёзли йўлланмаси борлигини айтган. Уни Саудия Арабистонига зиёратга юбориш эвазига 1200 доллар ва 650 минг сўм олган вақтида қўлга олинди.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистонда умра тадбирларини ташкил этиш
2024 йил июлида Ўзбекистонда умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш лицензияланадиган фаолиятнинг алоҳида тури сифатида белгиланди.
Ҳукумат қарори билан қуйидаги лицензия талаб ва шартлари жорий этилган:
- 1 млн доллар миқдордаги маблағни “Зиёрат” жамғармасига захира қилиб қўйиш;
- Зиёратчиларга гуруҳ раҳбари этиб Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан тузиладиган шартнома асосида диний билим ва кўникмаларга эга бўлган мутахассисни тайинлаш;
- штатида диний таълим йўналишлари бўйича таълим муассасаси ёки Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг битирувчиси бўлган камида бир нафар мутахассиснинг мавжудлиги;
- вояга етмаган фуқароларга хизмат кўрсатмаслик;
- ўз фаолиятини туроператор ва турагентлар орқали амалга оширмаслик;
- зиёратчилар учун Саудия Арабистони Подшоҳлигининг фақат умра визасини расмийлаштириш.
Бунда Дин ишлари бўйича қўмита мазкур соҳадаги лицензияловчи ваколатли орган сифатида белгиланди. Қўмита 21 ноябрь куни умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолияти учун лицензияга эга бўлган тадбиркорлик субъектлари рўйхати эълон қилинди. Унда 12 та тур фирма ўрин олган.
Лицензияга эга бўлмаган тадбиркорлик субъектлари томонидан умра хизматларини кўрсатиш тақиқланган. Бундай ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларга солинадиган жарималар миқдорлари БҲМнинг 200 баравари (75 миллион сўм) этиб белгиланган.
Изоҳ (0)