Қадимги Марс мўтадил сайёра бўлиб, мавсумга қараб ёмғир ва қор ёғган, юзаси бўйлаб сой ва дарёлар оққан. АҚШнинг Колорадо университети олимлари шундай хулосага келди.

Олимлар сайёранинг қадимий иқлимини унинг замонавий ландшафтини ҳисобга олган ҳолда моделлаштирди. Тадқиқот натижаларига кўра, ёғингарчиликлар сайёра юзасини миллиардлаб йиллар аввал шакллантирган канал тармоқларини сув билан таъминлаган.
Кўпчилик олимлар Марс юзасида тахминан 4,1-3,7 миллиард йил олдин маълум миқдорда сув бўлган, деган фикрга қўшилади. Аммо унинг келиб чиқиш манбаси аниқ эмас. Ўша даврда Қуёш ҳозиргига нисбатан атиги 75 фоиз ёрқинроқ бўлган ва назариялардан бирига кўра, Марс экватори атрофидаги тоғли ҳудудларни қоплаб ётган музли қопламалар вақти-вақти билан эриган.
Янги тадқиқотда олимлар экватор яқинидаги Марсга ўхшаш релефни компьютер орқали моделлаштиришган. Баъзи сценарийларда улар сувни ёғингарчилик натижаси тариқасида қўшишган, бошқаларида эса музли қопламаларнинг эришини ҳисобга олишган. Сўнгра ўнлаб ва юз минглаб йиллар давомида сувнинг қандай оққанини кузатишган.

Тадқиқотда водийлар ва тепаликлар фақат қор ёки ёмғир кўринишидаги ёғингарчиликлар натижасида шаклланиши мумкинлиги маълум бўлди. Чунки мавсумий муз қопламаларининг эриши бунга таъсир кўрсата олмайди.
Аниқ хулоса чиқариш қийин, аммо бир жиҳат эътиборни тортади: бу водийлар турли баландликларда бошланади, буни эса фақат музликларнинг вақти-вақти билан эриши орқали тушунтириб бўлмайди, дейди тадқиқот муаллифлари.
Тадқиқот гуруҳи компьютер моделлаштириш натижаларини НАСАнинг Mars Global Surveyor ва Mars Odyssey аппаратлари орқали олинган ҳақиқий маълумотлар билан солиштирди. Ёғингарчиликни ўз ичига олган симуляциялар Марснинг ҳақиқий релефини анча аниқ акс эттирди.

Олимлар таъкидлашича, бу натижалар сайёранинг қадимги иқлими ҳақида якуний хулосаларни бермайди. Айниқса, Марс қандай қилиб қор ёки ёмғир учун етарлича иссиқ ҳароратни ушлаб тургани ҳали ҳам сирлигича қолмоқда.
Изоҳ (0)