Греция пойтахти Афина қуюқ чанг-тўзон кириб келиши ортидан тўқ сариқ рангга бурканди. Бу ҳақда CNN нашри хабар берди.
Манбада айтилишича, Саҳройи Кабирдан ҳавога кўтарилган чанг-тўзон Греция жанубидаги қатор ҳудудларга кириб келган. Ҳукумат аҳолига саломатликни сақлаш бўйича бир қанча кўрсатмалар берган.
Расмийлар чанг мамлакатнинг шарқий минтақаларига сурилиб боришини маълум қилган. Аҳолига кўчага чиқмаслик тавсия қилинган.
Аммо мамлакат фуқаролари апельсин рангига бўялган Афина шаҳри бўйлаб сайрларга чиқа бошлашган. Ижтимоий тармоқларда ажойиб рангга бўялган шаҳар суратлари тарқала бошлади. Грециялик метеоролог Костас Лагувардос Афинани “Марс колонияси”га ўхшатган.
Шимолий Африкадан Греция ва бошқа ҳудудларга кўчадиган чанг булутлари вақти-вақти билан пайдо бўладиган ҳодиса бўлиб, кўриш имкониятини чеклайди ва нафас олишни қийинлаштиради. Чанг булутлари Ўрта Ер денгизининг шарқий давлати Кипр ҳудудларига ҳам таъсир этади.
Изоҳ (0)