Мадриднинг “Реал” клуби ва Бразилия терма жамоаси ҳужумчиси Виниусиус Жуниор интизомий жазога тортилиши мумкин. Бу ҳақда журналист Жанлука Ди Марцио хабар берди.

Манбага кўра, Бразилиянинг “Tiberis Holding do Brasil” компанияси 7 апрель куни FIFA Этика қўмитасининг Текширув палатасига расмий шикоят юборган. Унга кўра, Виниусиус отасига қарашли компания орқали бир нечта футбол клубларини сотиб олиш жараёнида иштирок этган. Бу ҳолат Ла Лига ва FIFA қоидаларига зид бўлиши мумкин.
Агар айбловлар тасдиқланса, футболчи икки йилгача майдондан четлаштирилиши ёки бошқа жамоалардаги улушларидан воз кечишга мажбур бўлиши мумкин. Шу билан бирга, унга нисбатан жарима санкцияси қўлланиш эҳтимоли ҳам бор.
Аввалроқ бразилиялик ҳужумчи ёзги трансфер ойнаси вақтида Саудия Про Лигасига ўтиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Маълумот учун, футболчи жорий мавсум Испания Ла Лигаси доирасидаги 27 учрашувда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 11 та гол ҳамда 7 та ассист ёздириб қўйган. Унинг мадридликлар билан шартномаси 2027 йилнинг ёзига қадар амал қилади.
Изоҳ (0)