Бозор ёки супермаркетда импорт қилиб олиб келинган банан, олма ёки апелсинларга ҳеч эътибор берганмисиз? Уларнинг кўпчилигида ранг-баранг, кичкина ёрлиқлар ёпиштирилган бўлади. Кўпчилик уларга унчалик эътибор бермайди, баъзилар эса уларни безак деб ўйлайди. Аслида оддий кўринган “наклейка”лар остида жуда кўп фойдали маълумотлар яширинган. Улар меванинг қаердан келгани, қандай усулда етиштирилгани ва ҳатто генетик модификацияланганми-йўқлигигача айтиб бера олади. Қуйида меваларнинг “паспорти” саналган митти “наклейка”лар ўзида қандай маълумот сақлаши ҳақида сўз боради.

Меваларни алоҳида белгилаш одати қандай пайдо бўлган?
Халқаро озиқ-овқат стандартлари ташкилоти (ИФПС) 1990 йилдан бошлаб дунё бўйлаб меваларни махсус кодлар билан белгилашни таклиф қилди. Бу ёндашув экспортчилар, импортчилар ва сотувчилар учун катта енгиллик яратди. Натижада ҳар бир мева ўзининг ноёб идентификацион кодига эга бўлди. Бу кодлар орқали маҳсулот келиб чиқиши, етиштириш усули, ҳатто экологик тозалиги ҳақида ҳам маълумот олиш мумкин.
PLU-код нима ва у нимани билдиради?
Стикерлардаги маълумот PLU-кодлар (Price Look Up, яъни “нархни аниқлаш коди”) деб аталади. Улар 4 ёки 5 рақамдан иборат бўлади. Ҳар бир код маҳсулот ҳақидаги махсус маълумотни ифодалайди:
- 4 хонали код (масалан, 4011): Анъанавий усулда, аммо кимёвий воситалар (ўғит, пестицид ва бошқалар) ёрдамида етиштирилган мевани билдиради. “3” рақами билан бошланувчилар асосан цитруслар, “4” билан бошланувчилар эса кўпинча бананларни англатади.
- 5 хонали код, “9” билан бошланса (масалан, 94011): Органик, яъни ҳеч қандай кимёвий воситасиз, фақат табиий усулларда ўстирилган маҳсулотни англатади.
- 5 хонали код, “8” билан бошланса: Генетик модификацияланган маҳсулот (GMO). Бугунги кунда бундай кодлар камдан-кам учрайди.
- 5 хонали код, “3” билан бошланса: Мева ионлаштирувчи нурланиш билан ишлов берилганини билдиради. Бу усул маҳсулотнинг сақланиш муддатини оширади, бироқ витамин миқдорини камайтириши мумкин.

QR-кодли ёрлиқлар
Сўнгги йилларда баъзи ишлаб чиқарувчилар оддий рақамли кодлар ўрнига QR-кодли ёрлиқлар ҳам ишлатишни бошлади. Бу орқали харидорлар меванинг келиб чиқиш манбаси, етиштирувчининг номи, сертификатлари ва ҳатто даладан дастурхонгача бўлган йўлини телефон орқали кўришлари мумкин. Бу технология айниқса экологик тоза маҳсулотлар учун қўлланилмоқда.
Стикерни қандай олиб ташлаш керак?
Мевадаги наклейкани осонлик билан олиб ташлаш учун уни бир неча сонияга илиқ сув остида ушлаб туринг. Сўнг у осонлик билан ажралади. Совуқ сувдан фойдаланиш самара бермайди.

Стикерни еб юборсак нима бўлади?
Баъзан шошилинчда ёки болалар билмасдан мевани наклейкаси билан бирга истеъмол қилиб юборади. Агар ёрлиқ оддий қоғоздан тайёрланган бўлса, у инсон организмига зарар етказмайди ва табиий йўл билан ҳазм қилинади. Аммо бу уларни атайлаб еб юбориш тавсия қилинмайди.
Изоҳ (0)