Қирғизистонлик муҳожирлар учун Россияда қонунийлаштириш муддати 10 сентябргача узайтирилди. Бу ҳақда республика Ташқи ишлар вазирлиги хабар бермоқда.

21 апрель куни Қирғизистоннинг Москвадаги элчиси Кубаничбек Боконтаев Россия президентининг хорижий мамлакатлар билан минтақалараро ва маданий алоқалар бошқармаси бошлиғи Игор Маслов билан учрашув ўтказган.
“Учрашувда Россия томони Россияда ноқонуний бўлиб турган чет эл фуқаролари, жумладан, Қирғизистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқий ҳолатини тартибга солиш имконини берувчи Россия Федерацияси президенти фармонининг амал қилиш муддати 2025 йил 10 сентябргача узайтирилганини маълум қилди”, дейилади хабарда.
Таъкидланишича, қирғизистонлик дипломат 11 апрель куни Москвадаги ҳаммомлардан бирида ватандошларининг ушланиши юзасидан яна бир бор ташвишини билдирган.
Бундан олдин Қирғизистон ТИВ раҳбари ўринбосари Алмаз Имангазиев Бишкек Россиядан мигрантларни қонунийлаштириш муддатини узайтиришни сўраётганини айтган эди. У бу масалани Россия ҳукумати раиси ўринбосари Алексей Оверчук билан ҳам муҳокама қилганини таъкидлаган.
11 апрель куни Россия хавфсизлик кучлари Москвадаги ҳаммомлардан бирида рейд ўтказди. Бу ҳаммомда муҳожирлар рус ташриф буюрувчиларини киритишдан бош тортган эди. Шундан сўнг Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Россия элчисини чақириб, республика фуқароларининг ушланиши сабабини тушунтиришни талаб қилган эди.
Изоҳ (0)