2025 йилнинг охирига қадар Қозоғистонда умумий ҳажми 180 миллион куб метр бўлган сув омборларини фойдаланишга топшириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Сув ресурслари ва ирригация вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Шу йил охиригача Сув ресурслари ва ирригация вазирлиги қўшимча 180 миллион куб метргача сув тўплаш имконини берадиган сув омборларини фойдаланишга топширишни режалаштирмоқда.
Вазирликнинг таъкидлашича, янги сув омборларини қуриш ва мавжудларини қайта тиклаш тошқинларга самаралироқ қарши курашиш ҳамда қишлоқ хўжалиги ва саноатда фойдаланиш учун кўпроқ қор эриган сувларни тўплаш имконини беради.
“Ҳозирги вақтда Қозоғистоннинг жануби ва шимолида сув омборлари, сув тўплагичлар ва ҳовузлар қурилмоқда. Сув ресурсларини бошқариш тизимини ривожлантириш концепциясига кўра, 2030 йил охиригача Қозоғистонда 42 та янги сув омбори қуриш ва 37 та мавжуд сув омборини қайта тиклаш режалаштирилган. Бу қишлоқ хўжалигини барқарор сув билан таъминлайди, сув тошқини хавфини камайтиради ва трансчегаравий сувларга қарамликни пасайтиради”, дейилади хабарда.
Таъкидланишича, мамлакатнинг шимолий ҳудудларида янги сув омборлари 216 та аҳоли пунктини сув босишининг олдини олган ҳолда 1,5 миллиард куб метр тошқин сувини тўплашга ёрдам беради. Жанубда эса суғориладиган майдонларни 295 минг гектарга кенгайтириш имконини беради.
“Вазирлик ушбу лойиҳаларга инвесторларни фаол жалб этмоқда. Ислом тараққиёт банки билан келишув мавжуд бўлиб, унга кўра жорий йилда 4 та янги сув омборини қуриш ва 4 та мавжуд сув омборини қайта тиклашни бошлаш режалаштирилган. ITБ билан ҳамкорликнинг иккинчи босқичида 11 та сув омборини қуриш ва 13 та сув омборини қайта тиклаш кўзда тутилган”, дейди вазир Нуржан Нуржигитов.
Изоҳ (0)