Саудия тараққиёт жамғармаси Тожикистондаги Роғун ГЭС қурилишига 100 миллион доллар ажратади. Бу ҳақда Саудия Арабистонининг Душанбедаги элчиси Валид ибн Абдураҳмон ар-Ришайдонга таяниб, “ТАСС” хабар берди.
Тегишли сумма 2002 йилдан буён жамғарма томонидан Тожикистонга ажратган барча маблағларнинг 50 фоизини ташкил қилади. Элчи Роғун ГЭС қурилиши минтақадаги энг йирик лойиҳа бўлиб, “табиий ресурслардан, жумладан, яшил энергиядан самарали фойдаланиш орқали мамлакатни барқарор ривожлантириш жараёнига катта ҳисса қўшишини” таъкидлади.
Тожикистонда Саудия тараққиёт жамғармаси томонидан молиялаштирилган 195 миллион долларнинг 95 миллион доллари таълим соҳасига йўналтирилган. Хусусан, 2023 йил октябрь ойида Тожикистон Молия вазирлиги ва жамғарма ўртасида “Тожикистонда мактабларни қуриш ва жиҳозлаш” лойиҳасини молиялаштириш бўйича 20 миллион долларлик шартнома имзоланган.
Тожикистон энергетика вазирининг маълум қилишича, Роғун ГЭСни бутунлай ишга тушириш учун 5 миллиард доллар миқдорида маблағ керак бўлади. Ҳозиргача ушбу сув электростанцияси учун 40 миллиард сомони (3 миллиард 336 миллион доллар) сарфланган.
Роғун ГЭС
Роғун ГЭС Душанбедан 110 километр узоқликда Вахш дарёсида жойлашган бўлиб, минтақадаги энг йирик ҳисобланади. Унинг қурилиши 1976 йилда бошланган, аммо СССР парчаланганидан сўнг тўхтатилган.
Кейинчалик Тожикистонда ГЭС қурилиши давом эттирилган, лойиҳада кўзда тутилган 600 мегаватт қувватга эга олти блокдан ҳозиргача иккитаси ишга туширилган.
2008-2021 йилларда Роғун ГЭСни реконструкция қилиш, қуриш ва ўрнатиш учун Тожикистон бюджети ва бошқа манбалар ҳисобидан қарийб 3 миллиард доллар ажратилган. У ишга туширилгандан сўнг станциянинг қуввати 3,6 гигаваттни ташкил қилади ва баландлиги 335 метр бўлган тўғон дунёдаги энг баланд тўғонга айланади.
Изоҳ (0)