Олимлар Қоҳира яқинидаги Саккара ҳудудида археологик тадқиқотлар олиб бораётганда фиръавн Усеркафнинг вориси қабрини топди. Бу ҳақда Миср Туризм ва қадимий ёдгорликлар вазирлиги хабар берди.

Археологик гуруҳ Қадимги Миср V сулоласининг биринчи ҳукмдори, фиръавн Усеркафнинг ўғли шаҳзода Васер-иф-ренинг мақбарасини аниқлади, дейилади хабарда.
Қазиш ишлари давомида тадқиқотчилар баландлиги 4,5 метр ва кенглиги 1 метрдан сал ошиқроқ бўлган пушти гранитдан ясалган улкан сохта эшикни топган. Қадимий ишлар бўйича олий кенгаш бош котиби Муҳаммад Исмоил Холид таъкидлашича, бундай катталикдаги сохта эшиклар илгари ҳеч қаерда учрамаган.

Археологлар шаҳзода мақбарасида фиръавн Жосер (III сулола асосчиси), унинг рафиқаси ва ўн нафар қизининг ҳайкалларини топди. Тадқиқотларга кўра, бу ҳайкаллар дастлаб Жосернинг поғонали пирамидаси яқинидаги бир хонада жойлашган бўлган, кейинчалик эса Васер-иф-ре мақбарасига кўчирилган.



Қоҳиранинг жанубида жойлашган Саккара мажмуаси Мисрнинг энг қадимги некрополларидан бири бўлиб, фиръавнларнинг I сулоласига (милоддан аввалги XXI—ХХIX асрлар) тегишли қабрларни ўз ичига олади. Мажмуанинг асосий диққатга сазовор жойи Мисрдаги энг қадимги ҳисобланган Жосер пирамидасидир.
Изоҳ (0)