Голливуд сценарийнавислари кўпинча фильм ва сериал сюжетларини ўзлари ўйлаб топади, аммо томошабинларга реал воқеаларга асосланган фильмларни томоша қилиш ҳар доим қизиқарли. Бу, айниқса, воқеалар жиноятчилар атрофида кечадиган фильмларга тегишли.
Жордан Белфорт, “Уолл-стрит бўриси”
Режиссёр Мартин Скорсезе арзон акциялар ва банк ҳисобварақлари билан фирибгарликда айбланган америкалик брокер Жордан Белфорт ҳақида эшитгач, унинг ажойиб ҳикоясини экранлаштириш кераклигини тушунади. Белфорт болалигиданоқ пул топиш осон эмаслигини билар, шунинг учун ҳар қандай ишга осонгина киришарди.
Бироқ ёш йигит брокерлик компаниясига ишга киргач, бойлик учун ҳар қандай фирибгарликка бориш мумкинлигини тушунади. Миш-миш ва ғийбатлар ёрдамида Жордан арзон акциялар нархини қўллаб-қувватлаб, “совуқ” қўнғироқлардан пул ишлайди. Мижозлар миллионлаб пулларини йўқотишади, лекин бойиб кетган брокерга барибир эди. У атрофига жуда кўп ходимларни тўплайди, шунинг учун унинг исми ҳеч қаерда расмий равишда қайд этилмайди.
Ҳар қандай нарсанинг эртами-кечми охири бўлади. 1980 йилларнинг охирида маълум бўлишича, “Уолл-стритдаги бўриси” ишларидан полиция узоқ вақтдан бери хабардор бўлиб, уларга алданган фуқаролар ҳақида кўплаб шикоятлар келиб тушган. 1988 йилда ўтказилган тергов натижасида Жордан Белфорт 22 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинади. Бундан ташқари, у алданган инвесторларга 110 миллион доллар миқдорида товон тўлаши керак эди.
Ҳозиргача унинг қарзлари тўлиқ тўланмаган, лекин бу Жорданни унчалик ташвишга солмайди. Собиқ брокер ҳаётдан завқланишда давом этмоқда: у бутун дунё бўйлаб тренинглар ўтказади, китоблар ёзади ва саёҳат қилади. Белфорт Мартин Скорсезе билан музокаралар олиб борар экан, унинг образини Леонардо Ди Каприо ўйнашини талаб қилади. Ва у адашмайди — “Оскар” мукофотига сазовор бўлган актёр ҳақиқий Жордан характерини ажойиб тарзда тасвирлашга муваффақ бўлади, бу кино танқидчилари томонидан эътироф этилади.
Фрэнк Абигнейл, “Устаси фаранг”
Фрэнк Абигнейл муболағасиз ХХ асрнинг устаси фарангларидан бири бўлган. Бу қаллоб нафақат ФҚБ агентларини, балки бутун дунёни чалғитишга муваффақ бўлади. 15 ёшидан бошлаб йигит ўзига янги шахслар ва касбларни ўйлаб топади, натижада у машҳур фирибгарлар рўйхатида номини абадийлаштиради. Фрэнк 21 ёшга тўлгунга қадар ўзини авиакомпания учувчиси, шифокор, қамоқхона бюросининг агенти ва ҳуқуқшунос сифатида таништиришга улгурган.
Абигнейл икки марта полициядан қочган: бир марта самолётдан, иккинчи марта федерал қамоқдан. У 5 йилдан камроқ вақт қамоқда ўтиради, шундан сўнг федерал ҳукумат учун ишлай бошлайди — жиноятларни очишда ёрдам бериб, жиноятчиларнинг психологик портретларини тузади. Ҳозирда Абигнейл Федерал қидирув бюросининг академиясида маслаҳатчи ва маърузачи бўлиб ишлайди, шунингдек, ўзининг Абагнале анд Ассоcиатес консалтинг компаниясини бошқаради. Стивен Спилбергнинг “Устаси фаранг” фильмида фирибгар ролини ёш Леонардо Ди Каприо ўйнаган.
Жон Диллинжер, “Жонни Д.”
Жиноятчи Жон Диллинжер деярли 100 йил олдин вафот этган, аммо унинг тақдири шу қадар қизиқарлики, тарихчилар уни ҳанузгача эслашади. Харизматик, аммо совуққон гангстер 1930 йилларнинг биринчи ярмида бутун Американи қўрқувда ушлаб турган: у ақлдан озган ва тутқич бермас банк ўғриси эди. Бунинг учун Федерал қидирув бюроси унга “жамиятнинг биринчи рақамли душмани” унвонини беради. Бир неча бор қамоқдан қочган Диллинжер бир вақтлар барча маҳбусларнинг кумирига айланган.
Жон 1933 йилда 11 та банкни ўмариб, 15 та полициячини ўлдиради ва 17 тасини яралайди. Штатларда яшириниб, йўл-йўлакай пластик жарроҳликдан фойдаланиб, Федерал қидирув бюросидан чиқиб кетишга муваффақ бўлади. Бор-йўғи бир неча ой ичида Диллинжер юзини, ҳатто бармоқ изларини ҳам ўзгартиради, лекин бу уни қутқара олмайди.
Жиноятчини унинг ишонган шериги сотган — уни катта мукофот эвазига федералларга топширган. 1934 йил 22 июлда полиция уюштирган Чикаго театри яқинидаги отишмада Диллинжер оғир яраланади. Ушбу воқеа асосида “Жонни Д.” фильми суратга олинади, бош ролни Жонни Депп моҳирлик билан ижро этади.
Жулиэт Хюм (Анн Перри), “Самовий мавжудотлар”
Детектив ёзувчи Жулиэт Хюмнинг илиқ табассуми ортида у ошкор этмасликни афзал кўрадиган даҳшатли сир яширинганини камдан кам одам билади. Болалигида Хюмга сил касаллиги ташхиси қўйилган, шунинг учун оиласи тез-тез яшаш жойини ўзгартириб, Шарқий Ҳиндистон ва Жанубий Африка иқлими қизнинг соғлиғини яхшилайди деган умидда эди. 13 ёшида Жулиэт оиласи Янги Зеландиянинг Крайстчерч шаҳрига кўчиб ўтади. Ўша ердаги қиз болалар мактабига ўқишга кирган қиз Полина Паркер билан танишади. Иккаласи ҳам соғлиғи туфайли спорт билан шуғулланишдан озод бўлган ва фантастика ўқишга қизиққан, шунинг учун тезда дўстлашиб кетади. Дўстлар вақтни бирга ўтказишар, жамоанинг бошқа аъзоларидан узоқроқ юришарди. Психиатрларнинг фикрига кўра, вақт ўтиши билан уларнинг муносабатлари носоғлом тус олади.
1954 йил бошида Хюмнинг онаси қизига отаси билан ажрашишга қарор қилишганини, Жулиэтни эса Жанубий Африкага — холасиникига жўнатмоқчи эканини айтади. Полина Паркер ҳам дугонаси билан кетмоқчи бўлади, лекин Жулиэтнинг ота-онаси буни хоҳламайди. 1954 йил 22 июнда қизлар Жулиэтнинг онасини паркка сайрга таклиф қилишади. У ерда қулай пайт пойлаб, кейин аёлнинг орқасига ўтиб, бошига ғишт билан бир неча бор уришади.
Полиция бахтсиз ҳодиса ҳақидаги тахминларга ишонмайди, шунинг учун тез орада иккала қиз ҳам судга берилади. Ёш жиҳатдан улар ўлим жазосига ҳукм қилиниши мумкин эмасди. Бунинг ўрнига улар 5 йилдан қамоқ жазосига ҳукм қилинади, шунингдек, умрининг охиригача бир-бири билан мулоқот қилиш тақиқланади. 1959 йилда озодликка чиққан Хюм исмини Энн Перри деб ўзгартиради. Бир мунча вақт аёл АҚШда яшаган, аммо кейинчалик Буюк Британияга қайтиб келган ва у ерда детективлар ёза бошлаган. Бу воқеа ҳақида “Самовий мавжудотлар” фильми суратга олинган бўлиб, унда икки дугона ролини Мелани Лински ва Кейт Уинслет ижро этган.
Изоҳ (0)