АҚШ президенти Дональд Трамп Украина билан муомала қилиш тобора қийинлашиб бораётганини айтди. Бу ҳақда у 7 март куни журналистлар билан учрашувда гапирди.
Трампнинг АҚШ иқтисодиётининг ҳолати ҳақидаги ҳисоботи вақтида журналистлар томонидан Россия президенти Владимир Путиннинг тинчликка содиқлигига ҳали ҳам ишониши ёки ишонмаслиги сўралган. У эса "Мен Путиннинг тинчликка эришиш ниятига ишонаман. Биз ва Россия ўртасида ҳаммаси яхши. Украина билан муомала қилиш Россияга қараганда қийинроқ", дея жавоб берган.
АҚШ президенти Москва ҳам, Киев ҳам Украина можаросини ҳал қилиш ва ўт очишни тўхтатишдан манфаатдор эканига ишонч билдирди. Трампнинг таъкидлашича, агар у президентлик лавозимини эгалламаганида, можарони ҳал қилиш имконияти нолга тенг бўларди.
Шунингдек, агар Киев можарони ҳал қилиш истагини билдирмаса, АҚШ маъмурияти Украинага ёрдам беришни тўхтатиши айтилди.
Украина томонидан можарога барҳам бериш истагини кўрмаяпман. Агар улар келишувни хоҳламасалар, биз у ердан кетамиз. Украинани бундан кейин қўллаб-қувватлашимиз унинг тинчлик музокараларига қанчалик тайёрлигига боғлиқ бўлади, дейди Трамп.
Трамп 3 март куни Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишни тўхтатди. Шундан сўнг Украина президенти Владимир Зеленский музокаралар столига ўтиришга тайёрлигини билдирди.
4 март куни АҚШ президенти Дональд Трамп конгрессда сўзлаган нутқида Владимир Зеленскийдан “муҳим мактуб” олганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Зеленский Украина “барқарор тинчликни яқинлаштириш учун имкон қадар тезроқ музокаралар столига ўтиришга” тайёрлигини ёзган. Америка президенти Россия томонидан ҳам “кучли сигналлар” олганини қайд этди.
Изоҳ (0)