Ҳиндистон Покистондан келадиган ёки унинг ҳудуди орқали ўтадиган товарлар импортини тақиқлади. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Ҳиндистон ташқи савдо бош бошқармаси тақиқ дарҳол кучга киришини маълум қилди. Покистон кемаларининг мамлакатга киришига ҳам рухсат берилмайди.
Ушбу чеклов Ҳиндистон манфаатлари, жамоат хавфсизлиги ва юк ташиш инфратузилмасини ҳимоя қилиш мақсадида қабул қилинди, дейилади хабарда.
Покистон бундан аввалроқ барча чегара савдоларини тўхтатиб, Ҳиндистон авиакомпаниялари учун ҳаво ҳудудини ёпганди. Икки давлат ўртасидаги муносабатлар 22 апрель куни Кашмирдаги терактдан сўнг кескинлашди. Бир нечта қуролланган шахс Паҳалгам шаҳри яқинида маҳаллий аҳоли ва сайёҳларга қарата ўт очган. Оқибатда 25 нафар ҳиндистонлик ва бир Непал фуқароси ҳалок бўлган.
Ҳужум учун жавобгарликни террорчи ташкилот ҳисобланган “Лашкари Тайба” билан боғлиқ “Қаршилик фронти” гуруҳи ўз зиммасига олган. Ҳиндистон ҳужумни Покистон билан боғлаган. Айбланган давлат ҳужумчилар билан алоқадорлигини қатъиян рад этган.
Шундан сўнг Ҳиндистон Покистонга қарши кескин чоралар кўрган. Жумладан, қуруқликдаги Аттари назорат-ўтказиш пункти ёпилган. Покистонликларга мамлакатни тарк этиш топширилган. 1960 йилги Ҳинд дарёси сувларидан фойдаланиш бўйича битим дарҳол тўхтатилган. Битим тузилган йили томонлар сиёсий зиддиятларга қарамай, сув ресурсларини тенг тақсимлашга келишиб олган эди. Покистон бу ҳаракатни уруш эълон қилиш деб баҳолаган. Иккала давлат бир-бири учун ҳаво ҳудудини ёпган.
Ҳиндистон ва Покистон чегарасида кетма-кет отишмалар содир бўлган. Иккала давлат ўзининг ракеталарини синовдан ўтказган.
Изоҳ (0)