Колумбиядаги Хосе Мария Кордова номидаги аэропортда ички кийимига яшириб қўйилган олтита маймун боласини олиб ўтмоқчи бўлган эркак ва аёл ушланди. Бу ҳақда Daily Star хабар бермоқда.

Таъкидланишича, воқеа 3 май куни содир бўлган, хавфсизлик хизмати ходимлари текширув пайтида ҳайвонларни аниқлаган.
Мусодара қилинган приматлар орасида йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган иккита оқ елкали капуцин ва тўртта пахта тамарини бўлган. Ҳайвонлар дарҳол тиббий кўрикдан ўтказиш ва қайта тиклаш учун Корнер ёввойи ҳайвонларни парвариш қилиш ва баҳолаш марказига етказилган.
Маъмурларнинг айтишича, маймунлар тинчлантирувчи дорилар таъсирида бўлган. Уларда сувсизланиш, тўйиб овқатланмаслик ва шафқатсиз муомала аломатлари аниқланган. Приматлар мато қопларга ўралиб, оёқлари орасига яширилган, бу эса уларнинг аҳволини янада ёмонлаштирган.
Миллати ҳали маълум қилинмаган жуфтлик Доминикан Республикасига йўл олган. Уларга ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш, ёввойи турлар билан ноқонуний савдо қилиш ва табиий ресурслардан фойдаланиш бўйича айблов эълон қилинган.
“Фауна эркин яшаши керак. Биз бундай жиноятларнинг кўпайишига йўл қўймаймиз”, деди Cornаре табиатни муҳофаза қилиш ташкилоти директори Хавер Валенсия Гонсалес.
Изоҳ (0)