Сирдарё вилояти Ховос туманида 7-синф ўқувчиси тенгдошлари томонидан мунтазам камситиб келингани аниқланди. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги хабар берди.

Унда айтилишича, Ховос туманида яшовчи ўсмир бола психологик кўмак ёрдамида жамиятга муваффақиятли қайта ижтимоийлаштирилди. Боланинг онаси фарзандининг бошқа тенгдошлари билан мулоқот қила олмаслиги, арзимас сабабларга кўра йиғлаши ва аста-секин уйда қолиб кетишга одатланиб қолганидан хавотирга тушиб, маҳалла ижтимоий ходимига мурожаат қилган.
Дастлаб боланинг руҳий ривожланишида муаммо бор деб гумон қилинган ва у бир неча бор психиатр кўригидан ўтказилган. Бироқ бу уринишлар самара бермаган.
Муаммонинг илдизини аниқлаш ва ечим топиш мақсадида “Инсон” ижтимоий хизматлар марказининг Ховос туманидаги психологлар жамоаси ўсмир билан индивидуал тарзда ишлашни бошлади. Консултациялар давомида боланинг фикр ва истаклари оиласи томонидан инобатга олинмагани, қизиқишлари қўллаб-қувватланмагани аниқланди.
Ушбу омиллар унинг психологик ҳолатига салбий таъсир кўрсатган ва ижтимоий муҳитда дискриминацияга учрашига сабаб бўлган. Сўнгги олти ой давомида олиб борилган мунтазам психологик маслаҳатлар натижасида болада сезиларли ўзгаришлар кузатилди. Унда ўзига бўлган ишонч шаклланиб, ижтимоий муҳитга мослаша бошлади. Янги дўстлар орттириб, ижтимоий фаоллиги ошди.
Болани янада қўллаб-қувватлаш мақсадида у ментал арифметика ва шахмат тўгаракларига жалб қилинди. Айни пайтда ўсмир соғлом ва фаол турмуш тарзига қайтган.
Бундан аввал Самарқандда бола мактабдоши бўлган қиздан тиз чўкиб кечирим сўрагани ҳақида хабар берилганди. У Самарқанд шаҳар ҳокимининг 2021 йил 16 ноябрдаги тегишли қарори билан ҳудуддаги 1-сонли оилавий болалар уйига берилган бўлган.
Изоҳ (0)