Қуйма олтинни ноқонуний олиб чиқишга бўлган уриниш фош этилди, деб хабар бермоқда Тошкент вилояти божхона бошқармаси.
Хабарга кўра, “Навоий” чегара божхона постига пиёда ҳолда кириб келган фуқаро божхона назоратидан ўтаётган вақтда, унинг хатти-ҳаракатларида шубҳали ҳолатлар кузатилгани сабабли божхона ходими томонидан белгиланган тартибда шахсий кўрикдан ўтказилди.
Шахсий кўрик натижасида фуқаронинг танасидан умумий оғирлиги 1 028 грамм бўлган қуйма тилла бўлаклари аниқланди. Ашёвий далил сифатида олинган мазкур олтин буюмларининг умумий қиймати 1 миллиард 312 миллион сўмни ташкил этди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тегишли процессуал ҳаракатлар амалга оширилмоқда.
Бундан аввал Тошкент халқаро аэропорти орқали хорижий мамлакатга учиб кетаётган фуқаронинг қўл сумкаси текширилганда, унинг ичида қадимий тангалар ва қуйма олтин бўлаклари борлиги аниқланганди.
Изоҳ (0)