Бухоро вилоятида қишлоқдошини болта билан ўлдирган эркакка ҳукм ўқилди. Бу ҳақда “БуКун” дастурида хабар берилди.
Хабарда айтилишича, икки қишлоқдош болалигидан таниш бўлган. 2018 йилда қотиллик содир этган йигит марҳумнинг узумзоридан 10 минг долларлик узум сотиб олган. Пулни эса ўз вақтида қайтара олмаган.
Марҳум кўп бора ундан қарзини тўлашини сўраб келган. 2024 йил 22 октябрь куни қарздор фермер хўжаликларидан бирининг ерида қўй боқиб турганида марҳум унинг олдига келиб яна пулни сўраган. Шу орада тортишув содир бўлган. Жанжал якунида қарздор йигит қўлидаги болта билан унинг бош қисмига бир неча бор уриб, қасддан ўлдирган.
Шундан сўнг далилларни яширган ва ҳеч нарса бўлмагандек уйига борган. Ҳатто шу кеча тўйда ҳам иштирок этган. Тун яримида эса жасадни яшириш мақсадида чуқурлик қазиб жасадни кўмган.
Орадан 22 кун ўтгач мурда ички ишлар ходимлари томонидан топилган. Ҳолат юзасидан суд иши якунланди ва айбдор 16 йилга озодликдан маҳрум қилинди.
Бугун, 6 май куни Сурхондарёда аёл 3 ёшли қизни сабабсиз пичоқлаб ўлдиргани ҳақда хабар берилганди. Шунингдек, Чинозда 25 ёшли эркак хотини ва қайнонасини қасддан ўлдиргани айтилган.
Апрель ойининг ўрталарида Фарғона вилоятида эркак туши сабаб ухлаб ётган хотинини ўлдиргани хабар қилинганди. Улар орасида келишмовчилик ёки жанжал бўлмаган. Тушида аёлининг хиёнатини кўрган эркак уни пичоқлаб ўлдирган.
2024 йилнинг ёзида Тошкентда эркак 3 ёшли болани ваҳшийларча ўлдирганди. Қотиллик содир этган эркак 24 йилга озодликдан маҳрум қилинди.
Жиноятлар статистикаси
Ўзбекистонда жорий йилнинг I чораги давомида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 19 646 нафар шахсга нисбатан 15 681 та жиноят иши кўриб чиқилди.
Мазкур даврда 108 нафар шахс оқланиб, реабилитация қилинди. Судланган шахслар сони 15 369 нафарни ташкил этиб, шундан 4 764 нафар шахсга озодликдан маҳрум қилиш ва 10 319 нафарига бошқа турдаги жазолар тайинланди, 286 нафар шахс шартли ҳукм қилинди.
Судланган шахсларнинг 13 611 нафари эркак, 1 708 нафари аёл, 6 066 нафари ёшлар (шу жумладан 702 нафари вояга етмаган) ва 601 нафари 60 ёшдан ошган шахслар. 2 042 нафар шахс озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланиши муносабати билан суд залида қамоқдан озод қилинди.
8 181 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 2 746 нафарига тайинланган жазоси енгили билан алмаштирилди ва 3 765 нафар шахсга нисбатан дастлабки тергов органлари томонидан асоссиз равишда қўйилган моддалар айбловдан чиқариб ташланди ёки қайта малакаланди.
Ҳисобот даврида кўрилган жиноят ишларнинг аксариятини
- фирибгарлик,
- транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш,
- ўғрилик,
- гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар,
- ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш,
- ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш,
- безорилик,
- қасддан баданга енгил шикаст етказиш,
- гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш,
- қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш билан боғлиқ жиноятлар ташкил этади.
Ярашув институтининг самарали қўлланилиши натижасида 3 429 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод этилди.
Тафтиш тартибида 1 598 нафар шахсга нисбатан 1 360 та жиноят иши кўриб чиқилди. 46 нафар шахсга нисбатан қуйи инстанция судлари томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 268 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.
Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида 286 нафар шахсга нисбатан 240 та жиноят иши кўриб чиқилди. 58 нафар шахсга нисбатан қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 87 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.
Маъмурий ҳуқуқбузарликлар
Ўзбекистонда жорий йилнинг I чораги давомида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 162 665 нафар шахсга нисбатан 138 557 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилиб, 105 418 нафар шахсга нисбатан маъмурий жазолар қўлланилди.
Ярашгани муносабати билан 19 201 нафар шахс маъмурий жавобгарликдан озод этилди. Кўрилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларнинг аксариятини
- майда безорилик,
- ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик,
- автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиш,
- электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш,
- ҳақорат қилиш,
- транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши,
- савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш,
- жамоат жойларида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилиш,
- транспорт воситаларини мастлик ҳолатида бошқариш,
- совуқ қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланиши мумкин бўлган ашёларни олиб юриш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар ташкил этади.
2024 йилда содир этилган жиноятлар статистикаси
Ўзбекистонда 2024 йилда 132 298 та жиноят содир этилган. Содир этилган умумий жиноятларнинг 92,4 фоизи фош этилган. Қидирувдаги шахсларнинг 8 736 нафари ушланган ва бедарак йўқолганларнинг 567 нафари топилган.
Бундан ташқари, 3 880 нафар шахслар томонидан содир этилган 3 293 та коррупция ва иқтисодиёт соҳасидаги жиноятлар аниқланиб, улар оқибатида етказилган 239 млрд 584 млн сўм миқдоридаги зарар ундирилиши ҳамда одам савдоси жиноятини содир этган 219 нафар шахсга нисбатан қонуний чоралар кўрилиши таъминланган.
Жами жиноятлар сони мамлакат бўйича ҳар 100 минг аҳолига 199 тадан тўғри келган. Олди олиниши лозим бўлган жиноятлар сони ҳанузгача жиноятларнинг салмоқли қисмини ташкил этмоқда.
Айтилишича, олди олиниши мумкин бўлган жиноятчиликнинг асосий улушини ўғрилик ва фирибгарлик жиноятлари ташкил этиб, уларнинг 59,4 фоизи ёшлар ва 36,1 фоизи илгари судланганлар томонидан содир этилган. Бундан ташқари, жиноятларнинг 7 мингдан ортиғи ишсизлар томонидан содир этилгани, жойларда аҳолини иш билан таъминлаш масалалари ҳам самарали ҳал этилмаётганини айтиб ўтилди. Киберхавфсизлик йўналишида 58,8 мингта жиноят содир этилгани ва уларнинг 97,7 фоизи фуқароларнинг банк пластик карталаридаги пулларни қўлга киритиш билан боғлиқлиги танқид остига олди.
Изоҳ (0)