Самарқанд шаҳридаги вояга етмаган 17 ёшли қиз уяли телефон аппарати устида келиб чиққан жанжал оқибатида 75 ёшли аёлни ўлдирганликда айбланмоқда. Бу ҳақда Бош прокуратура «Дарё»га маълум қилди.
Таъкидланишича, 2021 йилнинг 3 январь куни соат 17:30 атрофида Самарқанд шаҳрида яшовчи М.Р.нинг (1947 йилда туғилган) жасади уйининг ётоқхонасида қотиллик аломатлари билан топилган.
Ҳодиса жойига вилоят прокурори биринчи ўринбосари Ҳ.Қобулов, вилоят прокурори ўринбосари С.Файзиев, шаҳар прокурори ўринбосари Б.Нарбаев, вилоят ИИБ вазифасини бажарувчи С.Абдухомидов, Самарқанд шаҳри ИИО ФМБ бошлиғи вазифасини бажарувчи Ш.Ўринбоев, шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими бошлиғи Д.Султонов, ИИО ФМБ ЭКБ, СТЕ экспертлари ва бошқа тезкор-тергов гуруҳи аъзолари чиқишган.
Республика суд тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Самарқанд филиалининг дастлабки маълумотига кўра, марҳума М.Р.нинг бошининг пешона ўрта ва ўнг томон соҳаларида кўкарган қонталаш шиш, чап қошида яра, бурни, иккала кўз атрофи, бўйин, ўнг ва чап қўл соҳаларида қонталаш ва шилинмалар каби тан жароҳатлари мавжудлиги кўрсатилган.
Воқеа жойида қўл бармоқ излари, қонга ўхшаш доғлари ва соч толалари бўлган бир дона шиша бокал, 3 дона қонга ўхшаш доғлардан намуналар, 12 турдаги сарғиш тилла рангли металлдан ясалган тақинчоқлар холислар иштирокида ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят Кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида ушбу қотиллик жиноятини мазкур уйга меҳмонга келган вояга етмаган С.Т. (2005 йилда туғилган) қилганлиги аниқланган.
Маълумотларга кўра, С.Т. шу куни соат 14:00 атрофида хонадон эгаси М.Р. билан уяли телефон аппарати устида келиб чиққан жанжал оқибатида ётоқхонада бўлган шиша бокал билан аёлнинг бош қисмига 3 маротаба зарб билан уриб, сўнгра қўллари билан бўғиб қотилликни содир қилган ва ҳодиса жойидан яширинган.
Жиноят иши бўйича вояга етмаган С.Т. ҳимоячи ҳамда педагог-психолог иштирокида Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 1-қисми билан гумон қилинувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниб, Жиноят процессуал кодексининг 227-моддаси (суриштирувчининг, терговчининг ёки прокурорнинг қарорига биноан ушлаб туриш) тартибида ушланган.
Изоҳ (0)