Хитой ҳукумати авиакомпаниялардан АҚШ билан савдо уруши доирасида Boeing самолётларини сотиб олмасликни талаб қилди. Бу ҳақда манбаларга таяниб, Bloomberg хабар берди.

Авиакомпаниялардан АҚШда ишлаб чиқарилган ускуналар ва эҳтиёт қисмларни харид қилишни тўхтатиш ҳам сўралган. Тегишли кўрсатмаларга АҚШ Хитой товарларига нисбатан божларни 145 фоизга оширгани сабаб бўлди. Пекин бунга жавобан Америка маҳсулотларига 125 фоизлик божлар эълон қилган.
Божларнинг ўзи Америкада ишлаб чиқарилган самолётлар ва эҳтиёт қисмлар нархини икки баравардан кўпроққа оширади. Шунинг учун Хитой авиакомпаниялари Boeing самолётларини харид қилиш иқтисодий жиҳатдан фойдали эмас.
Ҳукумат Boeing самолётларини лизингга олган ва харажатлари ошишига дуч келган авиакомпанияларни қўллаб-қувватлаш усулларини кўриб чиқмоқда.
Aviation Flights Group маълумотларига кўра, Хитой авиакомпаниялари, жумладан, China Southern Airlines Co., Air China Ltd. ва Xiamen Airlines Co. паркидан ўнга яқин Boeing 737 Мах самолётлари ўрин олиши керак. Пекин уларнинг бир қисмини ҳали ҳам қабул қилиши мумкин, чунки харид бўйича ҳужжатлар Хитой божлари кучга кирган 12 апрелгача расмийлаштирилган.
Boeing аввалроқ савдо урушининг кучайиши пандемиядан кейин эндигина тиклана бошлаган таъминот занжирларига зарар етказиши мумкинлигидан огоҳлантирган эди.
Трампнинг савдо уруши
2 апрель куни АҚШ президенти Дональд Трамп барча давлатлар учун 10 фоизлик асосий тарифларни жорий қилди. Аммо божлар ҳар бир давлатнинг савдо балансига қараб ўзгарди. Хитой билан савдода йирик дефицит мавжудлиги боис АҚШ бу мамлакат учун тарифларни анча юқори даражага кўтариб, 34 фоизга етказди.
Бунга жавобан Пекин ҳам шунча миқдорда Америка товарларига божлар солди. Шундан сўнг Трамп агар Пекин жавоб чораларидан воз кечмаса, божларни 50 фоизгача ошириш билан таҳдид қилди. Шу сабабли божлар 104 фоизга ошди.
Натижада Хитой Америка маҳсулотлари учун божларни 84 фоизга оширишини эълон қилди. Мазкур эълон ортидан Трамп Пекин учун тарифлар 125 фоизга чиқишини айтди, кейинчалик буни 145 фоизга оширди. Хитой мазкур тарифларга жавобан ставкани 125 фоизга кўтарди.
Хитой АҚШни “ўзаро божлар”ни бекор қилишга ва ўзининг нотўғри амалиётини тузатишга чақирди. ХХР раиси Си Цзиньпин ҳеч бир давлат “бож уруши”дан ютмаслигини қайд этди.
Изоҳ (0)