Араб мамлакатлари АҚШнинг Эронга эҳтимолий ҳужумлари учун ўз ҳудудларини бермасдан сақланишлари лозим. Бу ҳақда Эрон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Исмоил Бағоий Al Jazeera’га берган интервьюсида маълум қилди.

Маълум қилинишича, Теҳрон араб мамлакатлари АҚШ ҳарбий кучлари Эронга зарба берган тақдирда, америкаликларга ўз ҳудудларидан фойдаланишга рухсат бермаслигига умид қилмоқда.
“Араб мамлакатлари билан муносабатларимиз жуда яхши. Ишончимиз комилки, АҚШ базалари жойлашган араб мамлакатлари ўз ҳудудларидан мусулмон қўшниларига қарши ҳужумлар учун фойдаланишга йўл қўймайди”, деган Бағоий.
Дипломатнинг сўзларига кўра, АҚШнинг ҳар қандай аралашуви минтақада кенг кўламли уруш келиб чиқишига сабаб бўлади.
Бағоийнинг қўшимча қилишича, Эрон музокарага тайёр, бироқ энди Вашингтонга “ишонмайди”. У Эроннинг бошқа мамлакатлар, жумладан БМТ Хавфсизлик кенгаши билан алоқаларни давом эттираётганини ҳам таъкидлаган.
Бундан аввал Эрон президенти Масъуд Пезешкиён АҚШ Исроилнинг Эронга ҳужум қилишига йўл қўйиб, халқаро ҳуқуқни бузганлигини, мамлакат атом энергиясидан фойдаланиш ва ядровий тадқиқотлар ўтказиш ҳуқуқига эга эканини билдирганди.
Шунингдек, 20 та араб ва ислом давлатлари ташқи ишлар вазирлари Исроилни ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирганди.
Изоҳ (0)