Эрон ҳукумати воситачилар орқали Исроил ва АҚШдан ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишни сўради. Бу ҳақда Яқин Шарқ ва Европа расмийларига таяниб The Wall Street Journal хабар берди.

Расмийларнинг маълум қилишича, агар АҚШ Исроилнинг ҳужумларида иштирок этмаса, Эрон Вашингтон билан ядровий музокараларни қайта бошлашга тайёр. Эрон, шунингдек, Исроилга зўравонликни жиловлаш ҳар икки томон манфаатларига мос келишини билдирган.
Эронликлар билан суҳбатлашган араб дипломатлари фикрича, Теҳрон Исроилнинг “толиқтириш уруши”ни давом эттира олмаслигига ишонади. Яҳудий давлати охир-оқибат дипломатик ечим излашга мажбур бўлади. Эрон расмийлари Исроилнинг можародан чиқиш бўйича аниқ стратегияси йўқлигини айтган. Ядровий иншоотларга сезиларли зарар етказиш учун эса АҚШнинг ёрдами зарур бўлади.
Эрон араб амалдорларига агар АҚШ билан музокараларни қайта бошлаш истиқболи бўлмаса, ядро дастурини тезлаштириши ва уруш кўламини кенгайтириши мумкинлигини айтган, дейилади WSJ хабарида.
Шу билан бирга, араб воситачиларининг айтишича, Теҳрон ядровий музокараларда ён беришга тайёрлиги аломатлари йўқ.
МАГАТЭ маълумотларига кўра, Эроннинг ядровий объектларига етказилган зарар унчалик катта бўлмаган, шунинг учун Исроилда зарбаларни давом эттириш учун барча асослар бор, дейди таҳлилчилар.
Исроил ва Эроннинг ўзаро ҳужумлари 13 июнга ўтар кечаси бошланди. Яҳудий давлати “Исёнкор шер” операциясини олиб бормоқда. Унинг доирасида Исроил қўшинлари Эрон ҳудудидаги ядровий ва ҳарбий объектларга ҳужум қилмоқда.
Эрон олий раҳнамоси фуқароларга йўллаган мурожаатида Исроилнинг Эронга берган зарбаларини жиноят деб атаган. У Исроилни “аччиқ ва даҳшатли тақдир” кутаётганини таъкидлаган. Теҳрон “Ҳақиқий ваъда 3” номли операцияни бошлаган. Унинг доирасида Исроилга юзлаб ракеталар учирилган. Икки давлат бир-бирига ҳужум қилишда давом этмоқда.
Изоҳ (0)