Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси ушбу мамлакатни тарк этиш истагида бўлган ўзбекистонликлар қандай йўл билан чиқиб кетиши мумкинлиги ҳақида маълумот берди.

Унга кўра, ҳозирги хавфсизлик вазияти муносабати билан Исроилни мустақил равишда тарк этиш истагида бўлган Ўзбекистон фуқаролари қуйидаги назорат-ўтказиш пунктлари орқали чиқиб кетиши мумкин:
- “Менахем Бегин” / “Таба” — Исроил—Миср чегарасида жойлашган (Исроилнинг Эйлат ва Мисрнинг Таба шаҳарлари ўртасида);
- “Шайх Ҳусайн” — Исроил—Иордания шимолий чегарасида жойлашган (Исроилнинг Байт Шеан ва Иорданиянинг Ирбит шаҳарлари ўртасида);
- “Исхак Рабин” / “Вади Арава” — Исроил—Иордания жанубий чегарасида жойлашган (Исроилнинг Эйлат ва Иорданиянинг Акаба шаҳарлари ўртасида).
Қайд этилишича, юқоридаги чегара пунктлари ҳозирда одатий тартибда (24 соат) фаолият кўрсатмоқда.
Миср орқали
Ўзбекистон фуқаролари “Менахем Бегин” / “Таба” назорат-ўтказиш пунктини кесиб ўтиб, Мисрга визасиз (“Синай кириш муҳри” орқали) кира олади. “Синай кириш муҳри” 14 кунгача фақат Синай яримороли ҳудудида бўлиш ҳуқуқини беради (Қоҳира ва бошқа шаҳарларга сафар қилиш мумкин эмас). 21 ёшга тўлмаган фуқароларга ота ёки оналаридан бири ҳамроҳлик қилиши шарт. “Таба”дан Шарм аш-Шайхгача (270 км) автобус ёки автомобилларда ҳаракатланиш имконияти бор.
Авиақатновлар (Шарм аш-Шайх аэропортидан):
- Uzbekistan Airways: ҳафтасига 3 марта (сешанба, чоршанба, шанба, соат 12:35) Тошкентга.
- Turkish Airlines: Ҳар куни 1 ёки 2 марта Истанбулга (Истанбул халқаро аэропортига) (Тошкентга транзит).
- Pegasus Airlines: Ҳар куни 1 ёки 2 марта Истанбулга (“Сабиха Гёкчен” аэропортига) (Тошкентга транзит).
Иордания орқали
“Шайх Ҳусайн” (Байт Шеан шаҳри) ёки “Исхак Рабин” / “Вади Арава” назорат-ўтказиш пунктлари орқали Иордания пойтахтигача бориб, кейин қуйидаги авиайўналишлардан фойдаланиш мумкин:
- Уммон—Истанбул—Тошкент;
- Уммон—Дубай—Тошкент.
Элчихонанинг билдиришича, Иорданияга кириш учун мамлакат ИИВ сайти орқали виза олиш зарур:
- https://www.moi.gov.jо
- https://moi.gov.jо/EN/Pages/Visa_E_Applications
- https://www.eservices.moi.gov.jo.
Зарур ҳолларда Ўзбекистон элчихоналарининг фавқулодда телефон рақамларига мурожаат қилиши мумкин:
- Мисрда (+202 333-617-23; +20 128 666-1441, eg.uzembassy@mfa.uz);
- Саудия Арабистонида, ўриндошлик асосида Иорданияда (+966 11 263-5223, +966 56 721-7731, uzbembriyadh@gmail.com);
- Исроилда (+972 (3) 672-2466, 672-2371, 758-5075, 758-5076, (54) 485-1397, il.uzembassy@mfa.uz).
“Исроил ҳудудини тарк этаётганда шахсий хавфсизлик эҳтиёт чораларини кўришни ва Фронторти буйруғи томонидан берилган кўрсатмаларга қатъий амал қилишни сўраймиз”, дейилади элчихона хабарида.
Элчихона бундан аввал мамлакатда мураккаб вазият вужудга келаётганлигини эътиборга олиб ўзбекистонликларга шахсий хавфсизлик чораларини кўриш ва ракета отишмалари пайтида бошпаналарни тарк этмасликни тавсия этганди.
Исроил ҳукумати Эрон билан кескинлик ортгани сабабли фуқароларига мамлакатдан чиқишни тақиқлади. АҚШнинг Исроилдаги элчихонаси америкаликларга мамлакатни тарк этишда ёрдам кўрсата олмаслигини маълум қилди. Исроил ҳаво ҳудудининг вақтинча ёпилгани муносабати билан ушбу мамлакат билан авиақатновлар тўхтатилган.
Изоҳ (0)