Буюк Британия фуқароси Этел Катерҳем 116 га тўлганини нишонлади. У бугунги кунда дунёдаги энг кекса одам сифатида эътироф этилган. Унинг юбилейи ҳақида The Guardian нашри хабар берди.

Этел Катерҳем 1909 йил август ойида Хемпширда туғилган. Ўша даврда Буюк Британияда Елизавета II нинг бобоси — қирол Эдуард VII ҳукмронлик қилган эди. У Биринчи жаҳон уруши бошланишидан беш йил аввал дунёга келган ва саккиз нафар боладан иборат катта оилада иккинчи фарзанд бўлган.
1931 йилда Этел бўлажак турмуш ўртоғи Норман билан тадбирда танишган. Норман Британия армиясида майор унвонида хизмат қилган. Улар турмуш қургач, бир муддат Гонконг ва Гибралтарда яшаган ҳамда икки қиз фарзандни вояга етказган.

Норман 1976 йилда вафот этган. Шундан буён Катерҳем қарийб ярим асрни бева ҳолатда ўтказмоқда. Ҳозирда у Сурррей графлигидаги қариялар уйида яшайди. Уни тез-тез набиралари ва эваралари зиёрат қилиб туради. Бугунги кунда Катерҳемнинг учта набираси ва бешта эвараси бор.
116 ёшини қаршилаган Этел туғилган кунида оммавий ахборот воситаларига интервью беришни истамай, “байрамни оила даврасида, сокин муҳитда, ўз хоҳишига кўра ўтказишни” афзал кўрди, аммо истисно сифатида Буюк Британия қироли Карл III билан учрашувга рози бўлди. Ўтган йили қирол унинг 115 йиллик юбилейи муносабати билан аёлга ёзма табрикнома йўллаган эди.

Аввалроқ дунёдаги энг қари инсон Бразилиялик роҳиба Ина Канабарро Лукаска эди. У 2025 йил апрель ойида 116 ёшида вафот этди. Тарихда эса энг узоқ умр кўрган инсон сифатида француз аёли Жанна Калман тан олинган. Гиннесс рекордлари китоби маълумотларига кўра, у 122 йил-у, 164 кун умр кўрган.
Изоҳ (0)