АҚШ Яқин Шарқда жойлашган базаларидаги қўшинларини шай ҳолатга келтирди. Бу ҳақда манбаларга таяниб The New York Times хабар берди.

Маълум қилинишича, қўшинлар АҚШ президенти Дональд Трамп ҳарбий қўмондонлик ва миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчилар билан фавқулодда йиғилиш ўтказганидан сўнг шай ҳолатга келтирилган. Йиғилишда Исроил ва Эрон ўртасидаги кучайиб бораётган зиддият муҳокама қилинган. АҚШнинг Эрон ядровий объектларига, жумладан, Фордодаги объектга зарба беришда иштирок этиши эҳтимоли кўриб чиқилган.
Кучайтирилган хавфсизлик чоралари Бирлашган Араб Амирликлари, Иордания ва Саудия Арабистонидаги базаларга таъсир кўрсатди. Яқин Шарқда 40 мингдан ортиқ америкалик ҳарбий хизматчи бор.
Эрон АҚШ ҳарбий базаларини нишонга олиши мумкин
Трампнинг энг яқин маслаҳатчилари орасида Эронга зарба бериш зарурати бўйича якдил фикр йўқ. Шу билан бирга, разведка маълумотлари билан таниш бўлган Америка расмийларига кўра, Теҳрон минтақадаги Америка базаларига ҳужум қила оладиган ракеталар ва бошқа ҳарбий техникаларни шай ҳолатга келтирган. Агар АҚШ Исроилга қўшилиб можарода иштирок этса, Эрон шундай чора кўриши мумкин.
Исроилнинг Эрон ядровий объектларига берган зарбаларидан сўнг, АҚШ ҳужумга қўшилиши прогноз қилинмоқда. CNN маълумотларига кўра, Исроил ҳукуматининг юқори мартабали вакиллари Дональд Трамп уларнинг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашига ва бошлаган ишларини якунлашга ёрдам беришига умид қилмоқда.
Бутун операция унга қачондир АҚШ ҳам қўшилишига асосланган, дейди исроиллик амалдор.
АҚШ яҳудий давлатига қандай ёрдам бера олади?
Исроил ҳарбийлари Эроннинг энг ҳимояланган ядровий иншоотларидан бири — Фордодаги объектни йўқ қилиш ёки вақтинча ишдан чиқариш бўйича бир нечта режага эга. Аммо бу режалар АҚШнинг 30 минг фунтли махсус бомба таший оладиган стратегик самолётлари даражасида кучли эмас. Бу самолётлар ер остидаги объектларга ҳам зарба бера олади.

Исроил армиясида тоғли ҳудудда катта чуқурликда жойлашган объектга самарали зарба бериш учун зарур бўлган арсенал, хусусан, бункер бомбалари ва оғир бомбардимончи самолётлар йўқ. АҚШ эса тегишли қуролларга ва яқин атрофдаги базалардан зарба бериш имкониятига эга.
Трамп яқинда Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху билан суҳбатда зарурат туғилганда шундай қадам кўрсатиши мумкинлигини истисно этмаган. Бироқ ҳозирда АҚШ бундай имкониятни кўриб чиқмаяпти.

Оқ уйнинг юқори мартабали мулозимига кўра, Вашингтон урушга тўғридан тўғри аралашишни хоҳламайди, ҳатто гап “битта зарба” ҳақида кетаётган бўлса ҳам. АҚШ можарони дипломатик йўл билан ҳал қилишга умид қилмоқда.
Баъзи мутахассислар фикрича, Исроил бункер бомбалар таъсирини ҳосил қилиш учун бир нишонни қайта-қайта бомбардимон қилиши мумкин. Бироқ бундан-да хавфлироқ йўл — махсус кучларни объектга рейдга юбориш бўлиши мумкин.
Изоҳ (0)